Мамлакатимиз Президенти 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида : «Униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз юртимизда яратилган ноёб имкониятлардан баҳраманд бўлиб, илм-фан чўққиларини, хорижий тилларни, замон талаб қилаётган касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, она-Ватанимизга садоқатли, муносиб фарзандлар, унинг ишонган посбонлари, ҳимоячилари, биз бошлаган ишларимизнинг давомчиси бўлиб вояга етаётганини кўриш, уларнинг қувончига шерик бўлиш биз, ота-оналар, устозлар учун энг катта бахт эмасми?» деб таъкидлаб ўтган.

-Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади,-дейди Косон қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Т. Меҳмонов.- Истиқлолнинг дастлабки кунларидан ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берилди, дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Янги-янги мактаблар, коллеж ва лицейлар барпо этилиб, уларда фарзандларимиз янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиш, замонавий касб- ҳунарларни эгаллаш имкониятига эга бўлишяпти.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ўзгариш ва янгиланишлар кўз олдимда гавдаланар экан, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол хаёлимдан ўтади. Хом ғиштдан тикланган пастқам, деворлари нураб кетган бино қишлоғимиз болалари учун мактаб вазифасини ўтарди. Синфхоналар, ўқув жиҳозлари етишмасди. Шу боис ҳам бошланғич синфдан тортиб, юқори синфлар ўқитувчиларини иккига бўлиб: эрталаб ва тушдан кейин дарслар ўтиларди. Мактаб ўқув дастурига хорижий тиллардан бирини ўқитиш киритилган бўлишига қарамай, аксарият мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги сабаб дарс ўтилмас, шу боис ўрта маълумот тўғрисидаги аттестатга бу фандан баҳо қўйилмасди...

Мустақилликка эришилган дастлабки йиллардан бошлаб эски тузумнинг қолип ва ақидалардан бутунлай холи бўлган таълим моделининг жорий этилиши қисқа вақт ичида ўз самарасини берди. Биргина туманимиздаги 51 та мактаб, 29 та мактабгача таълим муассасаси бинолари замон талаблари асосида қайта тикланди, реконструкция қилинди. Янги-янги коллеж ва лицейлар барпо этилди ва уларда ўғил-қизларимизни чуқур билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида таълим муассаларини жорий таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 308 млн.874 минг сўм маблағ сарфланди. 14,21-мактабгача таълим муассасалари биносини капитал таъмирлаш ишларига қарийб 1,5 млрд. сўм ажратилди. Мактабларда режа асосида янги қўшимча бинолар, спорт заллари қуриш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Жорий йилда 41-мактабда 618 миллион сўм маблағ эвазига янги спорт зал, 22-БЎСМ бинолари реконструкцияси ва қурилиши учун 2 миллиард 428 миллион сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Булар Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ёш авлод вакилларига муносиб совғасидир.

«Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, изчил ҳаётга татбиқ этилиши таълим-тарбия тизимини бутунлай янгилади, бунинг самараси эса, эл-юрт истиқболи, ватан тараққиёти ва ёш авлод келажагини таъминлашга қаратилган ишларда намоён бўлмоқда.

Бугун ота-оналар эски тузум даврида бўлганидек, янги ўқув йили арафасида шаҳарма-шаҳар кезиб болалари учун дарслик излашмаяпти. Негаки, мактабларда ўқувчилар учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилди. Туманимиз мисолида оладиган бўлсак, 2-9 синфларнинг 23400 нафардан ортиқ ўқувчилари учун 327600 нусхадан зиёд ўқув адабиётлар ва дарсликлар захираси яратилди. Биринчи синфга қадам қўйган 4488 нафар ўқувчи эса Президент совғаси сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари ва дарсликлар жамланмаси билан бепул таъминланди.

Билимлар куни байрами арафасида кам таъминланган оилаларнинг 4287 нафар фарзанди давлатимиз томонидан бепул қишки кийим-бош билан таъминланди.

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устоз ва мураббийларга йўллаган табригида, «Тарихий аҳамиятга эга бўлган бу дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда,  уларни янада чуқурлаштиришда, ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган янги таълим стандартлари ва дастурларини, дарслик ва методик қўлланмаларни яратишда, энг муҳими, болаларимизга замонавий таълим ва тарбия бериб, уларнинг қалбига, юрагига етиб боришда сиз, ҳурматли устоз-мураббийларнинг хизматларингиз нақадар беқиёс бўлганини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди», деб алоҳида таъкидлаган.

Мактабларда таълим сифатини янги босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни яратиш, таълимнинг ил-ғор технологияларини жорий этиш, ўқувчилар  билим самарадорлигининг асоси ҳисобланади. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан бу борада амалга оширилган ишлар қиёсий  таҳлил қилиниб, кўрсаткичи паст бўлган соҳалар аниқланиб, уларни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши ижобий самаралар бермоқда. Ўтган ўқув йили таҳлилидан маълум бўлишича, мактабларда олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида ўзлаштириши қийин бўлган мавзулар бўйича 56 та дарс ишланма, 1310 соатдан зиёд қўшимча машғулотлар, 313 та намунавий очиқ дарслар ўтказилган.

Янгиликка интилиб, билим ва малакасини ошириб бораётган, ҳаёт билан ҳамқадам ўқитувчи ва муаллимлар қўл остида таълим-тарбия олаётган ўқувчиларнинг эришаётган ютуқлари салмоқли бўлмоқда. Ўтган ўқув йилида ташкил этилган билимлар синови танловида 55 нафар ўқувчи вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Уларнинг кўпчилигини 9,22-ДИМИ, 28,5,8,19,47,48,6 ва 20-мактаблар ўқувчилари ташкил этди. 28-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Абдусаломов (устози Жавлон Тошбоев), 47-мактаб ўқувчиси Шоҳиста Шоҳидова (устози Ҳафиза Содиқова) вилоятда мутлақ ғолиб бўлиб, танловнинг республика босқичида рағбатлантирувчи балл олишга эришишди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида туманимиз мактабларидан 34 нафар ўқувчи муваффақиятли қатнашди. Айниқса, 8-мактаб ўқувчиси Маърифат Абдуқаҳҳорова (ўқитувчиси Усмонхон Хайриддинов) ўзи танлаган фан йўналиши бўйича вилоят мактаблари ўқувчилари орасида юксак натижага эришди. «Иқтидорли болалар», «Ёш аскиячилар», «Шаҳарсозлик ва ландшафт дизайни», «Мунчоқли безак», «Ўймакорлик» каби танловларда 15,48,42,2- мактаблар ўқувчилари вилоят ва республикада фахр-ли ўринларни эгаллашди. 15-мактаб ўқувчиси Қодирбек Абдукаримовнинг  аскиячиликда, 48-мактаб ўқувчиси Ҳамидулло Турдалиевнинг шаҳарсозлик ва ланд-шафт дизайнидаги иқтидорлари республика миқёсида алоҳида эътироф этилди.

Таълим-тарбия узлуксиз жараён. Бу эса халқ таълими ходимлари, хусусан, педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Ҳозирги кунда замоннинг ўзи биздан эришган ютуқлар билан кифояланмасдан, янада юксак марралар сари қатъият билан боришни, шу йўлда ўз билим ваа тажрибамизни, касб малакамизни муттасил бойитиб, такомиллаштиришни талаб этмоқда».

М. Акрамов, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.