Мавлоно Ҳомидий УЛУҒ УСТОД мақомига етди. Санаймиз: адабиётшунос, тилшунос, адиб ва мутаржим, зуллисонайн, қомусий, фидойи, зукко, авестошунос, фирдавсийшунос, нуктадон, гуманист, серҳикмат ва серфазилат, поктийнат ва покдомон, устозпарвар, хотирапарвар ва шогирдпарвар, пурмаъни ва маърифатпарвар... Устознинг илму ижоди минг бир қиррадирки, юқорида ўша сифатлардан фақат биттасини ё санадик ё санамадик. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, у кишининг илмий-ижодий фаолиятидаги қирраларнинг ҳар бири ўзи алоҳида тадқиқотга ярашади: инчунин, «Адиб ва мутаржим», «Беназир авестошунос», «Ўзбек фирдавсийшуноси» каби монографиялар (диссертациялар) яратилса ажаб бўлмагай.

Домла ҳақида ёзиш  ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги шундаки, у кишига одамий одам бўлиш енгил кечган: ҳамиша камсуқум, содда ва дилкушо дўст, оға ёки падар билан сўзлашамиз, ҳузурланамиз-да. Устоз учун олимлик одамийликдан қуйидаги масала. Энди қийинлигига келсак, Ҳамиджон Ҳомидийдай дарёйи илмнинг ақалли қатрасини англаш лозим, балки, шундагина бу зоти шариф ҳақида жўяли бир гап айтмоқ мумкин бўлар...

Дейликки, Алишер Навоий ўзбекча хамсанависликни, Абдулла Қодирий романнависликни бадиий истеъмолга ёки К. Э. Циолковский космонавтика ва сайёралараро ракеталар ғоясини илмий истеъмолга олиб киришганди. Бу уч донишманднинг биз тилга олган хизматлари шунчаки хизмат эмас, том маънодаги буюк кашфиётлардир.

Келинг, Ҳомидий домланинг илмий-ижодий фаолиятига ҳам ана шу юксак нуқтаи назардан қарайлик ва у кишини ҳам кашшоф десак, бир зарра муболағаси йўқ. Аввало, Абулқосим Фирдавсий ва «Шоҳнома»; иккинчидан, «Авесто» ва зардуштийлик; учинчидан, тасаввуф алломалари ва машойихлари хусусидаги тадқиқотлари чинакам кашфиётлар эди.

1. Минг йилдирки, Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома» достона оғиздан тушмайди. Иккиланмай айтмоқ мумкинки, Машриқзаминда қалам тутган бирор аждодимиз «Шоҳнома»дан бебаҳра қолган эмас. Фирдавсий қаҳрамонлари, «Шоҳнома» сюжети халқ оғзаки ижодида ўзига хос йўналишга пойдевор бўлди, халқ китоблари, қиссалар, достонлар эртаклар яралди, кейинчалик саҳнада, киноэкранда Рустам, Зол, Сиёвуш, Заҳҳоки Морон сиймоларини кўрдик.

Лекин «Шоҳнома»нинг шарқ миллий адабиётларига бу таъсири фан нуқтаи назаридан ўрганилмаган ва тадқиқ этилмаган эди. Илк бор бу масъулиятга Ҳамиджон Ҳомидий қўл урди. Фирдавсий таъсирида яратилган «Қиссайи Самироншоҳ», «Дороби зарринкамар халқ китоблари, андижонлик Шоҳ Ҳижроннинг назмий «Шоҳнома»си, шунингдек, Нурмуҳаммад Бухорий ва Хомушийлар қаламига мансуб насрий «Шоҳнома»ларни аслият билан қиёсий-типологик ўрганиш бизнинг устозга муяссар бўлди.

Бугинамас, у киши «Китоби жангномайи подшоҳи Жамшид», «Китоби подшоҳи Афросиёб», «Барзунома» (Хислат) каби қиссаларни, Хуршиднинг (1892-1960) «Сиёвуш» ва  Ғози Олим Юнусовнинг (1893-1939) «Заҳҳоки морон» драмаларини тад-қиқ ва таҳлил этди, илмий истеъмолга олиб кирди.

2. «Авесто» - Эрон ва Туроннинг, жумладан, ўзбек халқининг мулки, тарихий, илмий, бадиий ва маданий-маърифий аҳамияти беқиёс, беназир китоб. Беш   қисмли бу асар зардуштийлик коҳинлари томонидан тўла-тўкис битказилганини, 12 минг ҳўкиз терисидан қилинган қоғозга битилганини, хоразмлик Зардўшт диндошларига раҳнамо эканини билардик. Лекин «Авесто»нинг илмий таҳлилисиз бу хазиналарнинг тубига етмоқ даргумон...

Ҳеч шубҳа йўқки, жаҳон авестошунослигига катта ҳисса қўшган ва қўшаётган алломалардан бири устоз Ҳомидийдир. У кишининг айни хусусда учта кашфиётини таъкидлаймиз. Биринчидан, зардуштийларнинг оташпараст эмаслиги; иккинчидан, «Авесто»да кўпхудоликмас, якка тангрига эътиқод ғояси олға сурилгани исботланди. Ва ниҳоят, учинчидан, домла маздопарастлар раҳнамоси Зардўштнинг илмий таржимаи ҳолини яратдики, бу ҳалигача деярли қўл урилмаган муаммо эди.

3. Устозимизнинг «Кўҳна Шарқ дарғалари», кейинроқ «Тасаввуф алломалари» китоблари қўлма-қўл бўлиб кетгани ёдимизда. Домла Ҳомидий XVIII асрда яшаган ўзбек адиби Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг (Қўқонда туғилиб, Қашқарда вафот этган) «Тазкиратул авлиёи туркий» асарининг ягона қўлёзмасини илмий истеъмолга киргиздики, бу ҳам тасаввуф тадқиқотига садоқатининг яна бир амалий далилидир. Муаллиф бу китобни тўрт йилда ёзган ва араб, форс тилларидаги йигирмага яқин манбадан фойдаланган. Ушбу тазкирада 88 сўфий аллома тилга олиниб, жумладан, илк тасаввуф шайхи Увайс Қараний, Робия Адавия, Башир Ҳофий, Жунайд Бағдодий, Мансури Ҳаллож, Ҳаким ат-Термизий, Абулҳасан Харрақоний, Абу Туроб Нахшобий сингари улуғлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўта қимматли маълумотлар беради. Рушдий ўзи чеккан илмий-ижодий заҳматни тубандагича назмга солган:

Қариғонда учрадим улкан тоғ ила,

Тоғни Фарҳод янглиғ қаздим  тирноғ ила.

Тўрт йил ўтрусида чекдим рақам,

Не кўзға уйқу келди, не ором олди қалам.

Буларнинг барини биз Ҳомидий домланинг меҳнати шарофати билан билдик. У кишининг қатор асарлари Эрон ва Туронда тасаввуф тарихини, бир қанча машойихлар аъмолини ўрганишда манба мақомида туради. Ал-қисса, манбашунос олим манбанавис мақомига муяссар бўлди.

* * *

Тилимизда содиқ, садо-қатли, вафодор, самимий каби дилга яқин калималар бор. Ҳамид муаллим ҳақида гап кетаркан, беихтиёр ана шундай пурмаъни сўзлар ва улар ифодалаган фазилатлар соҳиби кўз олдимизга келади.

Домла чин маънодаги содиқ ва садоқатли инсон. У киши аввало илмга, илмнинг амалига ва йигитлик чоғларидаёқ этагини ушлаган ўлмас мавзуларга садоқатини собит сақлаб келаётган олим. Такрор бўлса-да, айтамизки, Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома»си, «Авесто» ва тасаввуф мавзуси 50-55 йилдирки, устознинг хотирасидан бирор кун фаромуш бўлган эмас. Ана шулар хусусидаги илмий рисолаларнинг тили ва баён услуби ҳам равон, ҳам соҳирки, бадиий асардай қўлдан қўймай ўқийсиз. Мана, САКСОН ёшда ҳам домламиздаги ғайрат, илмий-ижодий меҳнат бир йигитчалик бор-да. Устознинг яқин дўсти, шогирди Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик (шоирликка талабгор бўлмаса-да) шундай тўртлик ҳам ёзган:

Алломайи замондир Ҳамиджон Ҳомид,

Эй фарзанд, сен буни доим  ёдингда тут.

Бўлай десанг ақли бут,

Ҳамиджон Ҳомид этагин тут.

Устозларига, дўсту ёрларига, ҳамкасбларига, оиласига содиқлик аслида Ватанга ва элга садоқатнинг ўзидирки, бу хислатларнинг бари Ҳамиджон акада мужассам. Зеро, Мақсуд Шайхзода ва Натан Маллаев мисоли улуғлар сабоғини олган олимнинг сажияси бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкинми? Номлари тилга олинган икки мутафаккир ўзбекнинг, илмнинг фахри бўлиб дунёдан ўтгандилар. Уйини, маошини, уст-бошини, дастурхонидаги нону ошини шогирддан аямасликни бурч деб билган Мақсуд муаллим ва Натан муаллимнинг аъмоли Ҳамид муаллимга – бизнинг улуғ устозга қолган экан, не ажаб! Мисол келтириш хусусида сўзни мухтасар қилдикки, ҳар бир шогирд биттадан мисол бўлгач, қай бирини айтайлик?..

* * *

Фалоний халқ ўз ватанини ундоқ севгани, мундоқ севгани кўп гапирилади. Инглизлар Шекспир қаҳрамонларига, испанлар Дон Кихот ва Санчо Пансога, Ҳиндлар эса «Рамаяна» персонажларига ҳайкал қўйгани бор гап, ҳақ гап. Зеро, адабиёт яшаса – халқ яшайди-да.

Лекин биз ўзбеклар ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмаймиз ҳам, Насриддин Афандига ҳайкал қўйдик ва ҳоказо... Ватанни севишнинг қолипи йўқ: узоқ йиллар Афғонистонда ишлаган Шамсиддин Аҳмаджонов сойдаги лойқа сувни, пахса деворларни соғинганини айтарди. Устоз Ҳомидий дейдики:

– Қай мамлакатга бормайин, самолётдан тушибоқ Ўзбекистонга юрагим томилаверади.

Муҳаббат, садоқат, соғинч кишининг қалбида, қонида, жонида, шуурида яшайди. Домла ана шу тўрт масканнинг бирини Наманганга, киндик қони томган Косонсойга атаган. Ўз вилояти, ўз тумани ҳақидаги тадқиқотлар у кишининг илмий биографиясида алоҳида ўрин тутиши ҳам шундан. Масалан, раҳматли Маҳмуджон ака Маъмуров билан ҳамкорликда яратилган «Наманган адиблари» узоқ изланишлар меваси бўлиб, фундаментал тадқиқот, камёб тазкирадир. Китобдан бир юз элликка яқин наманганлик қаламкашнинг таржимаи ҳоли ва ижодидан намуналар ўрин олган. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, асар Наманган адабий муҳитининг қарийб минг йиллик сарҳисобидир. Асириддин Ахсикатий, Сайид Мубаширхон Косоний, Поянда Охунд Косоний каби адиблар ҳақидаги илмий чиқишлар, 2010 йили чоп этилган «Косонсой тарихи» (ҳаммуаллифликда) китоби ҳам киндик қони томган заминга фарзандлик армуғони эди...

Устоз Ҳомидийнинг китоблари саноқсиз: шулардан ўнга яқини даҳоларга, алломаларга, арбобларга бағишланганки,  илмга, адабга, тарих ва эътиқодга, тамаддун ва маънавиятга хизмати сингган  200 чоғли сиймо якқалам қилинди. Бу айтишга осон, рости гап, домланинг заҳматларини илмий жасорат деворгимиз келади.

* * *

Юқорида у кишининг садоқатидан гапирдик. Садоқат шунчаликки, ОЛТМИШ йил бурун Низомий номли пединститут (энди университет) остонасидан хатлаганича то ҳануз ҳеч ёққа қимирламаган устоз ўсмир талабадан оқсоч муаллимга, доцентдан профессорга, олимдан алломага айланди. Домла Ҳомидий илму ижоднинг этагидан садоқат билан тутдики, обрў-эътибор, мавриди билан амал-лавозим ҳам ўз-ўзидан насиб этаверди. Устозимиз неки ёзган бўлса, барча-барчаси тарихга дахлдор, зотан, бугунги ҳаёт келажак учун тарих-да. Юсуф Хос Ҳожиб таъбири билан айтганда, улуғ устод «тарихни битикка битди».

Филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий – қайнар булоқ, лекин чашманинг энг жўшқин даври бошланганига энди чорак аср бўлди. Устоз беҳад миннатдорлик билан таъкидлаганидек, мустақиллик туфайлигина авлиёлар, сўфийлар, шайхлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш мумкин бўлди. Билъакс, даҳрий тузум ислом ва унинг арбобларига нисбатан илмий ёндошувдай адолатга ҳеч қачон йўл қўймас эди. Ваҳоланки, эътиқоди пойдор Машриқзамин алломалари динсиз фаннинг чўлоқ бўлажагини билардилар ва аксинча, фансиз диннинг сўқирлигига ҳам иқрор эдилар. Бинобарин, ҳамма машо-йихлар то шайхурраисгача (ибн Синогача) илм билан шуғулланардилар. Хўш, асрлар оша «лаббай» деб, мушкулимизни осон этгувчи азиз аждодларимиз меросидан фойдаланишга ҳақли эмас эдикми? Устод Ҳомидий ижоди ана шу саволга жавобдир:

– Улар – бизники. Асарлари – бизнинг мулкимиз, истаганимизча баҳра олайлик, марҳабо, – дейди Ҳамид муаллимнинг китоб-лари.

Юқорида таъкидланган ўзига хос йўналишдаги тадқиқотлар илмий аҳамияти билан биргаликда истиқлол ғоясини пойдор этишга ҳам дахлдор. Илло, устознинг бу хизматлари муносиб тақдирланиб, «Дўстлик» ордени билан мукофотланди...

Устоз! Қўлимиз кўксимизда, таъзим бажо қилиб деймизки:

– Шерозийлар умрини кўзлаб бораётганингиз, минг ойнинг остонасига етаётганингиз, саксон ёшингиз муборак бўлсин. Қаламингиз улуғлаган азизлар руҳи мадад бериб, Онахон аямиз, фарзандлар даврасида узоқ йиллар омон юринг. Барча қатори сиздан баҳравор бўлмоқ саодати бизларга ҳам насиб этсин.

Рустамжон УММАТОВ,

Зоҳиджон СОДИҚОВ,

шогирдлар.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.