Севимли шоиримиз Иқбол Мирзо кўҳна Косонсойнинг мафтункор табиати, одамларига таъриф бераркан: «Гап албатта, об-ҳаводагина эмас, косонсойликлар билан бир бор учрашган одам узоқ вақт хуш хаёлларда юради. Бу ғайратли, шижоатли, ҳалол ва самимий одамлар сизга инсонлигингизни, дунёда дунёдан ҳам кўра юксакроқ дунёлар борлигини эслатиб туради», деган эди. Истиқлолнинг ўтган 24 йили давомида Косонсойнинг бутунлай янгича қиёфа касб этганлиги, эришилаётган муваффақиятлар замирида ҳам туманнинг 200 мингдан кўпроқ аҳолиси меҳнати, фидойилиги мужассам.

- Истиқлол шарофати билан юртимиз ободликка, халқимиз фаровонликка эришди. Ҳар қадамда қурилиш, ободонлаштириш юмушлари, бозорларимиз турли ноз-неъматларга тўла. Илоҳим, насибамиз бутун, дастурхонимиз бундан-да тўкин бўлсин, - дейди Ровот қишлоғилик 90 ёшли Иброҳим ота Холбоев.

- Аҳоли турмуш даражасини янада ошириш борасида олиб борилаётган ишларни айтмайсизми, - деб суҳбатга қўшилади Косон ҚФЙ, Олмазор маҳалласида яшовчи Маннонхон Камолов. – Ўтган йили маҳалламизда барча шарт-шароитларга эга бўлган 15 та замонавий коттеж қурилиб, фойдаланишга топширилди ва биз ҳам янги уй-жойга эга бўлган бахтли оилалар қаторидан ўрин олдик. Ҳозирда эса яна 26 та коттежда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда ва янги уйларнинг калитлари истиқлол айёмигача эгаларига топширилади.

- Мен эса янги ҳовли жойда тўй қилишга ҳам улгурдим, - дейди шу маҳаллалик Маъруфхон Қаюмов. – Косонсой тиббиёт коллежини муваффақиятли тамомлаган қизимни турмушга бердим. Янги уйда тўй қилишнинг гашти бошқача бўларкан.

Ҳозирда Олмазорда яна иккита савдо дўкони ҳамда маиший хизмат кўрсатиш уйи ҳам бунёд этиляпти ва бу шохобчалар ҳам аҳоли хизматида бўлиши шубҳасиз. Бу каби намунали уй-жойлар шунингдек, Ёшлик, Қорасув каби қишлоқларда ҳам қуриляпти ва бу мустақилликнинг 24 йиллик байрами кўпгина косонсойликлар учун қўшалоқ айёмга айланади, демакдир.

Умуман олганда, туманда 2015 йилда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, турлари кўламини кенгайтириш борасида ишлаб чиқилган дастурга асосан жами 67 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, дастлабки ярим йилликда жами 34 та - 16 та савдо ва умумий овқатланиш, 7 та маиший хизмат, 1 та қишлоқ хўжалиги техника-    ларини таъмирлаш ва бошқа  шохобчалар фойдаланишга топширилди. Бу каби юмушларга 1761 млн. сўм маблағ сарфланди.

Мана шундай объектлардан бири сифатида жорий йил Наврўз байрами арафасида барпо этилган «Гулистонсофсавдо» МЧЖнинг янги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексини келтириш мумкин. Туман марказидаги эски буюм бозори ўрнида қад кўтарган мазкур мажмуа 150 га яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчасига эга бўлиб, 200 дан ортиқ киши ишли бўлди. 

Косонсой ажойиб об-ҳавоси, иқлими, кўплаб дам олиш масканлари билан нафақат вилоят, балки республикада ҳам машҳур. Айниқса, ёзги таътил пайтларида туманнинг сўлим  табиати қучоғида дам олишни хоҳловчилар кўпаяди. Шуни эътиборга олиб, туман марказидаги умумий майдони 4 гектарни ташкил этган Махдуми Аъзам номли маданият ва истироҳат боғида ўтган йили таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилиб, иккита аттракцион, «Автодром», 3 та болалар ўйин майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони, музқаймоқ павильони қурилганди. Жорий йилда эса боғ ҳудудида 5 та болалар аттракциони иш бошлади ва йил охиригача яна 10 та замонавий аттракционлар барпо этиш кўзда тутилмоқда, шунингдек, 1 тадан китоб  ва гул дўконлари ҳам қурилади.

Туманда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини вужудга келтириш, уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича тадбирлар комплекси ҳамда маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилган бўлиб, 2014-2015 йилларнинг ўзида туман марказида ҳамда Ёшлик, Косон, Чиндовул, Тергачи, Қўқимбой ва Янгишаҳар қишлоқларида  маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилди.

- Қишлоғимизда қад кўтарган кошона кекса-ю ёш – ҳамма учун бирдай совға бўлди, - дейди Қўқимбойдаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори А. Дадабоев. - Қаровсиз қолган марказ биноси  хона ва заллари, ташқи кўринишини замонавий ҳолатга келтириш учун қурувчилар кўп меҳнат қилишди. Ашула ва рақс, доира ва тасвирий санъат каби тўгараклар хоналари таъмирдан чиқарилибгина қолмасдан, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозирда қишлоғимизнинг элликга яқин ўғил-қизи бу ерда санъат сирларини ўрганмоқда.

Косонсой об-ҳавосининг ўзига хослиги бу ҳудудда деҳқончилик қилаётган кишилардан анчайин маҳорат, матонат ва сабр-тоқатни талаб этади. Туманда фаолият юритаётган 527 та фермер хўжаликларининг аксарияти эса мана шундай кишиларнинг фидойиликлари эвазига давлатга ҳосил топшириш режаларини ортиғи билан уддалаб келишмоқда. 14 та фермер хўжалигида 500 минг бошдан ортиқ парранда боқиляпти ва ўтган даврда туманда тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш 3 бараварга ошди.  Туманда жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 4,8 млрд. сўмдан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 283 гектар ер майдонида интенсив боғ яратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Сўнгги йилларда лизинг йўллари билан 40 та юқори унумли ҳайдов, 120 та чопиқ тракторлари, 200 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги механизмлари олиб келинди.

Табиат инжиқликларини мардонавор енгиб, давлатга пахта, ғалла сотиш шартнома режаларини ортиғи билан бажараётган, маҳсулотларни қайта ишлаш, чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик каби қўшимча фаолият турлари билан шуғулланиб, катта-катта муваффақиятларга эришаётган фермер хўжаликлари эса туманда жуда кўп. Масалан, Ҳамидхон Мўйдинхўжаев раҳбарлигидаги «Чашмаи сафед» фермер хўжалигида тайёрланаётган жаҳон андозаларига мос келадиган сут маҳсулотларининг довруғи нафақат вилоят, балки республикада ҳам маълуму машҳур. Хўжаликда 1000 тонна сут ва 300 тонна гўштни қайта ишлаш қувватига эга бўлган технология жорий этилган бўлиб, пишлоқ, қаймоқ, колбаса, сосиска каби 18 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. «Осмон сайёраси» фермер хўжалиги томонидан эса шу йилнинг биринчи ярмида Россиядан сутни қайта ишлаш технологияси олиб келиб ўрнатилди ва ҳозирда 8 тонна сут қайта ишланиши билан бир қаторда, сут маҳсулотлари тайёрланмоқда. Чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган хўжаликларда ҳам фаолият изчил йўлга қўйилган. Улар томонидан чорва ҳайвонлари наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 800 бошдан ортиқ наслли қорамоллар олиб келинди ва наслдор буқалар олинмоқда. «Исломжон Ҳусенов», «Аҳмадхон ҳожи Косоний», «Турсунхонобод», «Абдувойит ҳосилот» каби фермер хўжаликларида ҳам кўп тармоқли фаолият йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини амалга жорий этиш билан бир қаторда, спорт ва соғломлаштириш мажмуалари, савдо шохобчалари, болалар учун мини футбол майдончалари ҳам қурилган.

Осиё Тараққиёт банки томонидан Булоқбоши насос станцияси канали тўла реконструкцияси учун ажратилган давлат гранти ҳисобига 2000 гектар ер майдонидаги сув таъминоти яхшилангани эса косонсойликларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлга киритаётган ютуқларини янада оширишга хизмат қилиши аниқ.

Туманда 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 27,2 млрд. сўмга (114,4 фоизга), халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 20,1 млрд. сўмга (103,4), қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулот 45,8 млрд. сўмга (107), қурилиш ишлари ҳажми 45,7 млрд. сўмга (122,3), чакана савдо айланмаси 122,3 млрд. сўмга (103,5), жами хизматлар ҳажми 93,5 млрд. сўмга, ҳудудий экспорт ҳажми 3211,2 минг АҚШ долларига ўсиши таъминланиб, 2155 та янги иш ўринлари яратилди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 143,7 минг сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 242,2 минг сўм ҳамда хизмат кўрсатиш ҳажми 494,6 минг сўмга етди.

Жорий йилнинг ўтган даврида туманда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 192 тага етди. Биринчи ярим йилликда улар томонидан 27,2 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 114,4 фоизга уддаланди. 20,1 млрд. сўмлик (ўсиш суръати 13,4 фоиз) халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди. Жорий йилда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига 20 та (11 таси янги, 9 таси кенгайтириш ва модернизациялаш) лойиҳалар киритилиб, бунга жами 11567 млн. сўм миқдорида маблағ сарфлаш кўзда тутилган, 530 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган. Биринчи ярим йилликда 7 та лойиҳа амалга оширилди ва 55 та янги иш ўринлари яратилди. Тумандаги «Ба Кас Текс» МЧЖ, «Косонсой ип йигирув нотўқима» каби корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эса хорижга ҳам экспорт қилинаётир. 

Бу каби илиқ гапларни истиқлолимизнинг 24 йиллигини меҳнатда катта ютуқлар билан кутиб олишга интилаётган туман соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасалари ходимлари ҳақида ҳам кўп ва хўп айтиш мумкин.

- Республикамиз Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида белгиланганидек, косонсойликлар «Бетакроримсан, ягонасан, она Вата-   ним  – Ўзбекистоним!» эзгу ғояси остида байрамни барча соҳаларда муносиб кутиб олиш ниятида яшаб, меҳнат қилишмоқда, – деди туман ҳокими Абдулҳофиз Абдукаримов. – Ишончим комилки, туманимиз аҳли белгиланган режа-топшириқларни барча соҳаларда ортиғи билан уддалаган ҳолда, мустақиллигимизнинг 24 йиллик тўйини ёруғ юз билан кутиб оладилар.     

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ,

Анорбой ОЛИМОВ.

Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

(«Наманган ҳақиқати», 2015 йил 26 август, №69).

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.