Ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий ва маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалалари давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.

Мустақилликка эришилган дастлабки йиллардан бошлаб “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижроси жабҳасидаги масъулиятли, айни чоғда, самарали ишлар, авваламбор, эл-юрт истиқболи, Ватан тараққиёти, ёш авлод келажагини таъминлашга йўналтирилгандир.

Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 51 та умумий ўрта таълим мактаблари, 29 та мактабгача таълим ва 4та мактабдан ташқари муассасаларда зарур таъмирлаш  ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Таълим муассасаларини жорий таъмирлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан жами 308 млн. 874 минг сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағ доирасида таъмирлаш ишлари бажарилди. Айни кунда барча таълим муассасалари янги ўқув йилига тўлиқ тайёрланди.

Жорий йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 41-сонли умумий ўрта таълим мактабида янги спорт зали қурилиши учун 618 миллион сўм маблағ ажратилиб, шу кунга қадар 92 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бундан ташқари 22-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спорт иншоотларини реконструкцияси учун 2 миллиард 428 миллион сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунга қадар 740 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 февралдаги “Мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги 15-сонли йиғилиш баёнига асосан 14 ва 21-сонли мактабгача таълим муассасалари биносини капитал таъмирлаш режалаштирилди. Таъмирлаш ишлари учун 14-сонли мактабгача таълим муассасасига 980 миллион, 21-сонли таълим муассасасига 458 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Жорий йилда тумандаги таълим муассасаларида 116 та 1-синф очилиши режалаштирилган. 1-синфга қабул қилинган 4488 нафар ўқувчиларга «Президент совғаси» сифатида бериладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва дарсликлар жамламаси олиб келиниб, мактабларга тар-қатилди. Ушбу совғалар 2 сентябрь куни ўз эгаларига тантанали равишда топширилади.

 Бундан ташқари ижара тизими асосида 2-9 синфларда таҳсил олувчи 23400 дан ортиқ ўқувчилар учун зарур бўлган 327600дан ортиқ ўқув адабиётлар ва дарсликлар захираси тайёрлаб қўйилди.

 Мактабларда таълим олувчи 4287 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларига бепул дарсликлар берилади.

 Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 4287 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларига қишки кийим-бош олиб келинди.

 Мактабларимиз авввалгига нисбатан таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ўқув хоналари, замонавий лаборатория жиҳозларидан дилингиз яйрайди.                     

 Дастур асосида  таъмирдан чиққан тумандаги барча умумтаълим мактабларига замонавий  “PENTUM-4” русумли компьютер синф-комплектларини келтирилиши давом этмоқда.

Яратиб берилаётган шарт-шароитлар таълим соҳаси ходимларини янада масъулият билан ишлашга ундамоқда. Энг аввало, мактабларда  таълим сифатини янги босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни яратиш, ўқувчи шахсига қаратилган таълимнинг илғор педагогик технологияларини жорий этишга эътибор кучайтирилмоқда.

Давлатимиз, жамиятимиз устоз-мураббийларнинг Ватан тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак  баҳолаб, қадрлаб келмоқда. Бунга жавобан янада масъулият билан ишлаб, баркамол авлод таълим-тарбиясига бутун куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз.

И. Султонов, туман ХТМФМТТЭ бўлими мудири.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.