Суҳбатдошларим-куёв ва келиннинг тўйлари бўлиб ўтганига ҳали кўп вақт бўлмаганди. Уларнинг тўй маросими, айниқса, никоҳ базми жуда дабдабали ўтганди. Қўша-қўша машиналарда турнақотор бўлиб кўча кезган, Намангандаги энг ҳашаматли ресторанда  виқор билан ўтирганларида орзу-ҳавасларига етганларидан бахтиёр эдилар.

-Тўй бир кунда ўтиб кетар экан,-дейди куёв гап бошлаб. -Ҳою-ҳавас деб никоҳ маросимимиз дабдабали тус олиб кетди. Қўша-қўша машиналар, энг замонавий ресторанда базм ўтказиш катта маблағ талаб қиларкан.

Бир хил ранг ва русумдаги машиналар учун долларда ҳақ тўладик. Мана, тўйимиз бўлиб ўтганига олти ой бўлди. Тўй қанчалик дабдабали бўлмасин, вақт ўтгани сари унутилар экан. Энди-энди ўйласан, хатога йўл қўйган эканмиз. Ортиқча дабдабабозлик ортиқча сарф харажат, исрофгарчиликка олиб келаркан. Ўша пайтда  атрофимиздаги ёши катта кишилар ҳам насиҳат қилиб, дабдабабозликка берилма деган бўлса, айримлар «ёшларнинг орзу-ҳаваси, майли, яйраб, ўйнаб-кулишсин» деб бизларнинг раъйимизга қарши боришмаганди.

Донишмандлардан бири «Пул топиш қийин, аммо уни сарфлаш осон», деган экан. Ҳақ гап, заҳматли меҳнат эвазига топган маблағни бир кечада совуриб ташлаш ақлсизликдир. Тўғри, тўй-тўйдек ўтиши керак. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, уни ихчам, тартибли ўтказсак, ортиқча сарф-харажат ва исрофгарчиликнинг олдини олган бўламиз.

Бу йигитни яхши танийман. У ўзига тўк оиладан, ўзи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Шу боис тўйдан кейин қарзга ботмади. Аммо ортиқча сарф-харажатга, дабдабабозликка йўл қўйгани учун, исрофгарчиликнинг уволи тутдими, иши ҳам юришмай қолди. Яни бир гап, баъзи оилалар борки, тўйларда ортиқча ҳашам ва дабдабабозликка берилиб, кейин олган қарзларини йиллаб узиш билан овора. Шу сабабли айрим оилалар кўп ўтмай дарз кетаяпти...

Оилавий низолар, эрта никоҳнинг олдини олиб,  тўй маросимларни ихчам. ва тартибли ўтказишга эътибор берсак, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

А. Дадабоев, туман ФҲДЁ бўлими мудири в.б.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.