Дин қадимий, мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, инсоният маънавий ҳаётининг таркибий ва ажралмас қисмига айланган. Дин итоат қилиш, бўйсуниш, одат қилиш, парҳез, тадбир, йўл тутиш, ибодат, эътиқод ва бошқа кўплаб шунга ўхшаш маъноларни англатади ва  Қуръони каримда дин тушунчаси 100 дан ортиқ маротаба кенг маъноларда келтирилган.

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалар, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш ҳамон муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Истиқлол шарофати билан жаннатмакон юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Асосий қонунимизнинг қатор моддаларида виждон эркинлиги кафолатланиб, давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилиб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Юртимизда 2 та ислом олийгоҳи, ўрта махсус диний ўқув юртлари, давлат рўйхатидан ўтган 2338та диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз эмин-эркин ибодатларини амалга оширмоқдалар. Ҳаж амалларига боришга қулай имкониятлар яратиб берилди. Мамлакатимизда 16 та диний конфессия эркин фаолият кўрсатмоқда, бу диний бағрикенгликнинг яққол намоёнидир.

Ўтган асрнинг ўн еттинчи йилларидан бошлаб маънавий қадриятларимизнинг чекланиши, камситилиши, муқаддас динимизни таъқиқланиши каби маҳдудона қарашлар, қатағонлар руҳиятимизга путур етказиб, маънавиятимизни мажруҳ ҳолатга олиб келган эди.

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг қўлга киритилиши  мамлакатимиз ва хал-қимизни бу қабоҳатдан халос бўлишига йўл очди. Маънавий меросимизга бўлган ихлос ва ҳавас ошди, диний таълимотларни татқиқ этиш, ўрганиш, барҳаёт сарчашмалардан баҳраманд бўлиш эҳтиёжи  маънавий заруриятга айланди.

Мафкуравий жараёнларнинг глобаллашуви рўй бераётган ҳозирги кунда улуғ мутасаввуф аждодларимиз қолдирган манбалар ва шу соҳадаги илмий ишлар, изланиш ва тадқиқотлар йўлга қўйилиб, уларни таҳлил этиш, холис баҳо бериш, таржима этилган манбаларни кенг  омма онгига сингдириш ишлари амалга оширилмоқда.

Қуръони каримнинг таржима қилиниб чоп этилиши, Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”, шунингдек, Имом ал-Мотирудий, Имом ал-Марғиноний каби улуғ бобокалонларимизнинг асарларини ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилиши фикримизнинг исботидир.

Аллоҳнинг назари тушган муқаддас ва мўътабар Ўзбекистон замини Имом ал-Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Ҳожа Аҳмад  Яссавий, Ҳожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ал-Мотирудий, Имом ал-Марғиноний, Махдуми Аъзам Косонийдек улуғ аллома, машойих ва мақомоти юксак авлиёлардек динимизнинг ҳимоячилари  ва давомчиларини етказиб берди.

Бу улуғ зотлар ўз умрбоқий таълимотлари ва амалиётлари билан Ислом дунёси аҳлининг маънавият машъали сифатида уларнинг ҳалол-пок ҳаёти ва равнақи йўлида асрлар давомида хизмат қилмоқда. Уларнинг номлари қайтариб берилди, қабрлари ва яшаган жойлари обод қилиниб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

Афсуски, бундай имкониятлардан фойдалана туриб, ношукурлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз она юртига, миллатига, киндик қони тўкилган заминга тош отадиган нобакор шахслар учраб турибди.

Дунёнинг айрим давлатларида бўлгани каби турли диний ақидапараст, экстремистик ва мутаассиб оқимларнинг ақидаларига асосланган  террористик гуруҳларга эргашиб, жаҳолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг учраб қолаётганлиги кишини ранжитади.

Сохта пайғамбарлар ва эшонлар, имом-махдийлар, айниқса, диний билими йўқ турли фитна-фасод қўзғайдиган фикр ва ғояларни содда халқ онгига синг-диришга уринадиган кимсаларга эргашиб кетаётганлар ҳам йўқ эмас. Юртбошимиз «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» рисоласида “Энг ачинарлиси шундаки, бу ёвуз кимсалар ҳали онги шакл-ланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга олиб келмоқда”, деб ҳар биримизни огоҳликка даъват этади.

Аслида ислом дини моҳият эътибори билан адолат мезони сифатида жаҳон динлари ичида алоҳида аҳамиятга эга. Қуръони каримнинг барча сура ва оятлари, ҳадису шарифларда келтирилган барча манбалар иймон-эътиқод, ахлоқ-одоб, ҳалоллик, поклик ва адолатни асословчи, мусулмонларнинг турмуш тарзини белгиловчи илоҳиёт саналади.

Аммо ислом динини байроқ қилиб, конституцион тузумга қарши, ислом давлатини барпо этиш йўлида ҳатто ўта кетган ваҳшийликдан, қон тўкишдан, қўпорувчиликдан тоймайдиган турли диний – экстремистик ва ақидапараст оқимлар террористик йўлни танлаб – халқларни даҳшат, қўрқув ва ваҳимага солмоқда, бу эса кўплаб қурбонларга, вайронагарчиликларга сабаб бўлмоқда.

1991-1997 йилларда Намангандаги, 1999 йилнинг февралида Тошкентдаги, 2005 йилдаги Андижон фожеалари, мудҳиш ёвузликларнинг дарду алами ва изтироби ҳали ҳамон халқимизнинг кўз ўнгидан кетган эмас. Чунки бу мустақил Ватанга, унинг халқига ва довюрак Президентига қарши қилинган суиқасд эди.

Ислом Каримов бежизга қуйидаги фикрларни таъкидлаган эмас: “... Мен, Ўзбекистон раҳбари сифатида қандайдир ёвуз кучлар муқаддас ислом динимизни, ота-боболаримиз эътиқодини, мусулмон фуқароларимизни таҳ-қирлашга, жамиятимиз ҳаётига хавф туғдиришига ҳеч қачон йўл қўймайман. Бу вазифани нафақат Президент сифатидаги, балки бир мусулмон инсон сифатидаги муқаддас бурчим деб биламан”.

Ислом дини – демократияга қарши, деб даъво қилиб,  уни обрўсизлантириб, аниқ режа, манфаат ва мақсадларни кўзлаб, ислом ақидаларини рўкач қилиб, тажовузкорлик билан бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаётган, шаҳарлар, тарихий обида ва масжидларни  вайрон қилиб кулга айлантираётган, психотроп ва наркотик моддаларни истеъмол қилиб, жиҳод майдонларида ваҳший ҳайвонга айланиб бораётган хоин, сотқин ватанфурушларни, тарихни, миллатлар маънавиятини йўқотаётган гўдак болаларнинг қонини тўкаётган, содда аёлларни ўз домига илинтириб жангарилар қўлига қўлма-қўл бериб юбораётган, одамларни ички органларини олди-сотти қилаётганларни, руҳонийларни отиб ташлаётганларни ва Оллоҳнинг расули, улуғ алломаларимиз  руҳини чирқиратаётган лаънатиларни мусулмон деб бўладими ахир? Булар орасида айрим ватандошларимиз борлигига ақл бовар қилмайди. Охир-оқибат бундай ёвуз террорчиларнинг исломий илми борми? Ватани борми?

Диний экстремистик ва террористик марказлар наркобизнес билан қўшилиб кетди, динимиздан даромад олиш манбаи сифатида фойдаланмоқда. Ҳар йили 4-5 минг тонна наркотик моддалар етиштириб, 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда олиб, уни фақат юқоридаги ғаразли мақсадларга, диний экстремистик ғояларни, рисолаларни тарғиб этувчи ижтимоий тармоқларни ривожлантиришга, терроризмни молиявий қўллаб-қувватлашга, қурол-яроғлар билан таъминлашга сарфлаб жиҳод майдонларини кенгайтирмоқда.

Йўқ! Бундай кўрнамакларни нонимиз кўр қилсин, чунки террорчининг миллати йўқ, ота-онаси йўқ, дини ва иймон-эътиқоди йўқ. Бундай кимсаларга қараб: Сен кимга тош отмоқчисан, кимга қарши курашмоқчисан аблаҳ, деб савол бериш вақти етмадими?

Ислом Каримов ўзининг кўплаб асарлари, рисола, маъруза, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан савол-жавобларда, айниқса, нуфузли халқаро минбарларда  давлатлараро муносабатларда минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, можаролар, хавф-хатарларнинг олдини олишни, музокаралар орқали ҳал этишга даъват этиб, бу борада дунё ҳамжамиятига ибрат намунасини кўрсатиб келмоқда.

Ватанимиз, халқимизни ёвуз ниятли турли ақидапараст, экстремистик ва террористик руҳдаги таъсирлардан, фитна, суиқасдлар, сиёсий ўйинлар каби бало-қазолардан сақлаш учун, вайронкор, ўта мутаассиб кучларга қарши соғлом тафаккур ва дунёқараш, фикр билан, ғоя билан, маърифат билан курашиш ва зарба бериш- долзарб вазифадир. Улар  ҳеч қачон ўзининг  ғаразли ва ёвуз ниятларига етмаган ва етолмайди ҳам.

Глобаллашув жараёнида маънавий таҳдидлар, Интернетда тарқатилаётган вайронкор ғоялардан ёшлар асраш, уларда Интернет маданиятини шакллантириш долзарб вазифамизга айланиши керак.

Президентимиз “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли асарида диннинг жамият ҳаётидаги тутган ўрни, шунингдек диний экстремизм ва фундаментализмнинг  пайдо бўлиш илдизлари, мақсади ва бугунги кундаги хавфини  илмий асосда ифодалаб: “Биз динни бундан буён ҳам аҳолининг энг олий руҳий, аҳлоқий ва маънавий қадриятларидан деб биламиз, Халқимизни тарих ва маданий меросдан баҳраманд қилиш  тарафдоримиз. Муқаддас динимиз - ҳам иймон, ҳам аҳлоқ, ҳам диёнат, ҳам маънавият, ҳам маърифатдир, ёшларни меҳр-оқибатли, ҳалол, пок, ор-номусли, адолатли бўлишга, энг муҳими, илм олиш, билим эгаллашга чорлайдиган бебаҳо бойликдир. Ана шу бойликнинг маъно-мазмуни,  моҳияти ва аҳамиятини англаш, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади”. Асарда Юртбошимиз ислом дини ва ислом фундаментализми, ақидапарастлик, экстремизм, радикализм ҳамда сепаратизм каби тушунчаларни бир-бири билан аралаштириб юбормасликни, дин сиёсатдан ҳоли каби тамойилларни ифодалаб берган.

Тинч, осуда, фаровон ҳаётга шукроналик келтириб, бетакрор она юртимизни севиб яшаш, ардоқлаш,  қадрига етиб, унинг равнақи йўлида фидойилик кўрсатиш муқаддас бурчимиздир.

Ҳамидулло Абдуллаев, Косонсой педагогика

коллежи ижтимоийфанлар ўқитувчиси, меҳнат фахрийси.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.