Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь-1 июль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

- Давлатимиз раҳбарининг учрашувини «ойнаи жаҳон» орқали ғоят катта қизиқиш билан кўрдим. Юртбошимиз томонидан оддий деҳқоннинг қалбига қулоқ солинаётганини кўриб, шундай юртда яшаш насиб этганига минг бора шукроналар келтирдим, -дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Ёқубжон ака Эшматов.

-Инсон бахт учун дунёга келади, деган ибора халқимиз орасида эзгу даъватга айланди. Одамлар ҳаётнинг маъносини тушуниб етмоқда. Дунёқараши ўзгармоқда. Бугунги авлод билан 80-йиллардаги одамлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Яқинда Швейцарияда жаҳон иқтисодий форуми иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон мазкур рейтингда 5-ўринни эгаллади. Халқимизнинг тинимсиз меҳнати, изчиллик билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли қўлга киритилаётган бундай улкан ютуқлардан ҳар биримиз фахрланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз, -деди Президентимиз.

АСРЛАРГА ТЕНГ ЙИЛЛАР

Мамлакатимизнинг қисқа даврда босиб ўтган йўлига назар ташлар эканмиз, мустақиллик солномасига битилган бу йиллар асрларга тенг эканлигига амин бўласиз.

 Биргина мисол, Ўзбекистонда 2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинди. Ваҳоланки, жамоатчилик сўрови натижаларига кўра, юртдошларимизнинг аксарият  қисми томонидан қўллаб-қувватланаётган, мўътабар ёшдаги кишиларни ижтимоий ҳимоялаш янада кучайиши кутилаётган бир пайтда баъзи мамлакатларда кун тартибидаги энг долзарб масала фуқароларнинг пенсия ёшини ошириш бўлиб турибди. Айни пайтда Ўзбекистонда «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш изчиллик билан давом этмоқда. Ўтган 2014 йил муваффақиятли бўлди ва жамиятимизга, ҳар бир фуқаро ҳаётига улкан ўзгаришлар олиб келди. Буни «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров қатнашчиларининг 98 фоизи таъкидлади. Қишлоқларда болаларимиз учун мактаблар, коллежлар ва лицейлар, замонавий даволаш муассасалари қад рост-ламоқда, шаҳарлар чирой очмоқда. Британиянинг нуфузли «Экономист» журнали ўтказган сўровга кўра, ўтган йили пойтахтимиз Тошкент ободлиги ва қулайлиги бўйича дунёнинг 140та шаҳри ичида 58-ўринни эгаллади ва жаҳон классификациясида яшаш учун энг қулай шароитларга эга шаҳарлар сафидан ўрин олди. Бироз олдинроқ МДҲдаги шаҳарлар ичида фақат Самарқанд Американинг «The Huffington Post» нашрида эълон қилинган, «албатта, бориб кўриш лозим бўлган дунёнинг 50та шаҳари» рўйхатига киритилганди. Айни пайтнинг ўзида Американинг «Gallup» тадқиқот компанияси тузган «яхши кайфият индекси» бўйича ватанимиз 136 мамлакат ичида 29-ўринни эгаллаганди. Бу рўйхатда мамлакатимиз нафақат ҳамдўстликдаги барча қўшниларни, балки Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларни ҳам ортда қолдирди. Зеро, Ўзбекистонда ҳаёт кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Бу муваффақиятларга давлатимиз раҳбарининг ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишга қаратилган сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли эришилмоқда. Яқинда ОАВда истиқлол йилларида забт этилган улкан марраларимиз иқтисодий ўсишининг барқарор суръатлари, ҳамюртларимиз ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётгани яна бир бор эътироф этилди. Янгиланган «World Happiness Index» (Жаҳон бахтиёрлик индекси) рейтингида Ўзбекистон 44-ўринга кўтарилиб, бу борада МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатлари орасида етакчига айланди. Колумбия университети социологлари томонидан БМТ кўмагида ўтказилган тадқиқотда аҳоли фаровонлиги, ҳаёт давомийлиги, ишсизлик даражаси, инсон ҳуқуқлари ва бошқа кўплаб мезонларга юқори баҳо берилди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.