Ривоят қилишларича, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳадис ровийларини излаб денгиз сафарига чиқадилар. Ҳамёнларида минг динор пул бор эди. Йўловчилардан бири олим ёнига келиб, иззат-икроми, ҳурматини билдирди, ўзини яқин тутди. Имом Бухорий ҳам унга илтифот кўрсатиб, самимий муомала қилди. Бир неча бор суҳбатлашиб ўтиришади. Бир гал шеригини қувлик билан Имом Бухорийнинг ростгўйлигидан фойдаланиб, олимда минг динор пул борлигини билиб олади.

Эртасига ҳалиги одам уйқудан уйғонгач, ҳўнграб йиғлашга тушди. Бақирганида ёқасини йиртиб, юз-бошларига уриб, дод-вой солди. Одамлар унинг фарёдидан ҳайратга тушади. Кема масъуллари сабабини сўраб, уни саволга тутишади. Ўзини жабрдийда кўрсатиб: «Минг динорим бор эди, йўқолиб қолди», деб зорланди у. Шунда тафтишчилар кемадаги барча йўловчиларнинг чўнтакларини бирма-бир текшира бошлайди. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам-ёнидаги пулни денгизга улоқтирдилар. Тафтишчилар ҳаммани текширишса-да, ҳеч қандай минг динор топишолмайди. Шундан сўнг улар пул йўқотдим деб туҳматчилик қилгани, ёлғон гапиргани учун ҳалиги одамнинг таъзирини беришади.

Кема манзилга етиб келгач, одамлар қирғоққа тушади. Ҳалиги ёлғончи киши Имом Бухорийнинг ёнига келиб, минг динорини қаерга, қандай яшириб қўйганини сўрайди. «Денгизга ташлаб юбордим», дейди Имом Бухорий хотиржам. «Шунча кўп пулни-я», қандай кўзинг қийди?», деб сўради у яна. Имом Бухорий ҳазратлари :Эй жоҳил, ҳаётимни илм-га, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларини тўплашга сарф қилганимни билмайсан, шекилли? Ҳамма менинг ҳалол, тўғри одамлигимни билади. Нега энди ҳурматимни, қадримни ёлғончи бир ўғрининг туҳматига бой беришим керак? Қандайдир динорларни деб умр бўйи мисқоллаб топганим ишонч ва адолатдек баҳосиз дурни йўқотишим тўғрими ахир?»,-дея жавоб қайтаради.

Ҳа, ростгўйликни ҳаётимизнинг кўзгусига айлантирсак, ишларимиз бароридан келади, ҳурмат ва эътиборга эга бўламиз.

 

Азизбек Султонов, «Имом Ҳусайн» жоме масжиди имом-хатиби.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.