Инсон турмуш фаолиятининг яхши, мазмунли ва чиройли бўлишида касб-ҳунарнинг ўрни беқиёс. Ҳунарли киши доимо эл ардоғида ва хизматида, ҳамиша фойдали ва хайрли ишлар билан банд бўлади.

Маҳмуд Қошғарий «Ҳунари ва одоби бўлмаган кишидан бахт ва давлат кетади» деб таъкидласа, Бобораҳим Машраб: «Тикансиз гул, садафсиз дур, машаққатсиз ҳунар бўлмас» деб ҳисоблайди.

Истиқлол йилларида юртимизда ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларидан бири таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги, таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш долзарб масалалардан бири эканлиги белгилаб қўйилган.

Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида «Узлуксиз таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш принципларидан бири таълимнинг инсонпарварлашувидир. Таълимнинг инсонпарварлашуви-инсон қобилиятларининг очилиши ва таълимга нисбатан бўлган турли-туман эҳтиёжларининг қондирилиши, миллий ва умумбашарий қадриятлар устуворлигининг таъминланиши, инсон, жамият ва атроф-муҳит ўзаро муносабатларининг уйғунлашувидир», деб таъкидланган.

Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида илм-фан, маданият, санъат, спорт каби кўплаб соҳаларда юксак марраларни эгаллаётган истеъдод эгалари кўп.

Жумладан, коллежимизда ёшларнинг чуқур билим олиши билан бирга турли касб-ҳунар сир-асрорларини пухта эгаллашлари учун барча шароитлар мавжуд. Ўқувчиларнинг бўш пайтларини мазмунли ўтказиши учун тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, спорт тўгараклари ҳамиша ёшлар билан гавжум. Буларнинг ҳаммаси ёшларимиз учун берилган катта имконият, бундан эса самарали фойдаланиш керак. Вақтини беҳуда сарф этиш эса буюк мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда:

Қайси фарзанд фазлу ҳунарсиз бўлиб,

Отадан лоф урса одамдан йироқ.

Мевали дарахтнинг мевасиз шохи,

Ўтиндан бошқага ярамас мутлоқ.

Р. Исроилова, Косонсой техноголия иқтисодиёт коллежи катта ўқитувчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.