Юртбошимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий ва қонуний давоми сифатида бу борадаги ишларнинг юксалишига янада катта имкониятлар яратди.

Қарорга мувофиқ мактабда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, шу асосда ҳам таълим-тарбия, ҳам касб-ҳунарга йўналтириш ишлари тизимли йўлга қўйилмоқда.

Масалан, мактабда «Зардўзлик», «Каштачилик», «Мунчоқли безак», «Бадиий тўқиш», «Ёғоч ўймакорлиги», «Ҳайкалтарошлик», «Тунукасозлик», «Ёш архитектор» каби касб тўгараклари ташкил этилган. Бу тўгараклар аъзолари «Иқтидорли болалар» кўрик-танловида юқори ўринларни олишга муяссар бўлишмоқда. Бунда устоз-мураббийлар Лолахон Бурхонова, Ҳурматхон Жалолова,  Саидаҳмад Усмонов, Шаҳло Валиева ва Назокат Қосимоваларнинг ҳиссалари катта.

Мактабимизда ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, устозлари ва ота-оналари ишончини оқлаётган ўқувчилар алоҳида тақдирлаб борилади. «Мунчоқли безак» тўгараги аъзоси Сожидахон Тошхўжаева, «Каштачилик» тўгараги аъзоси Марҳабохон Маҳмуджонова, «Ўймакорлик» тўгараги аъзоси Котибхон Жамолиддиновлар ўз қобилияти ва иқтидори билан бундай шарафга муяссар бўлишди.

Ўтган ўқув йилида мактабда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти амалий фанлар ва мактабдан ташқари таълим кафедраси томонидан «Меҳнат таълими дарсларида миллий ҳунармандчиликни ўргатиш орқали ўқувчилар маънавиятини шакллантириш» мавзусида вилоят илмий-амалий семинари ташкил этилди ва унда бу борада амалга оширилаётган ишларни вилоятда оммалаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Каримахон АБбосхонова, 8-мактаб директори,

туман Кенгаши депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.