Чиндовулда вилоят ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан «Ватан остонадан бошланади» шиори остида ўтказилган маданий-маърифий, спорт ва тарғибот тадбирлари қишлоқ аҳлида олам-олам таассуротлар уйғотди.

Байрамона руҳ олган фестивал доирасидаги тадбирлар дастурида давлатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигини кенг нишонлаш, қўлга киритилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамиятини қишлоқ аҳли, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш,  ёт ғоялар таъсиридан асраш, улардаги Ватанга меҳр, садоқат туйғуларини янада жўш урдиришга хизмат қилди, десак янглишмаган бўламиз.

Қишлоқнинг қарийб тўрт минг нафарга яқин кекса-ю ёш фуқаролари, «Миллий қадриятларимиз-бизнинг бойлигимиз», «Тинчлик ва осойишталикнинг қадри бебаҳодир», «Юрт равнақига ҳисса қўшайлик», «Футбол миллионлар ўйини», «Шахмат ақлни чархлайди», «Миллий либослар-аёллар кўрки» каби ранг-баранг йўналишдаги лойиҳалар иштирокчисига айланишди.

Шу куни қишлоқ гузарида аҳолининг катта байрам сайлгоҳи бўлди.

Бу ерда маҳаллалар томонидан миллий каштачилик, ёш рассомлар асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Қишлоқ фольклор ансамбли ижросидаги лапарлар, дорбозлик гуруҳининг дор, тош кўтариш ўйинлари дилларга ҳузур бағишлайди.

Мини-футбол майдони ёшлар билан гавжум бўлди. Ёшлар футбол жамоалари баҳслари қизишиб кетган, дарахтлар соя-салқинида эса шахмат-шашка, теннис, миллий кураш мусобақалари давом этарди.

-Бизнинг юртда инсон омили ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун,-дейди меҳнат фахрийси Й. Мамадалиев.- Давлатимизнинг ёшларга ва биз кексаларга кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз. Бундай тадбирлар аҳолини, айниқса, ёшларни янада жипслаштиришга, уларни янги-янги зафарларга ундашга хизмат қилади. Тадбир ташкилотчиларига катта раҳмат!

«ЮРТ РАВНАҚИГА

МЕНИНГ ҲИССАМ»

Қишлоқдаги 9-сонли иқтидорли болалар Давлат таълим муассасасининг муҳташам залида «Юрт равнақига менинг ҳиссам» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси В. Тожибоева очди ва олиб борди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакили О. Икромов, НамДУ доценти, тарих фанлари номзоди Б. Исоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ж. Муслим ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрига етиш, уни кўз қорачиғидай асраш, турли оқимлар, ёт ғояларга қарши кураш долзарблиги ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Шунингдек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши мутахассиси У.Мирзаолимов, вилоят “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” акцияси валантёрлари А.Йўлдошев, Д.Отамирзаев, Н.Аҳмедоваларнинг «оммавий маданият», ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини  олиш мавзусидаги суҳбати мароқли ўтди.

Унда иштирок этган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Чиндовул қишлоқ фуқаролар йиғини гузарида фестивал доирасида “Миллий либослар - аёллар кўрки”  мавзусида миллий либослар танлови ўтказилди.

Ушбу танловда иштирок этган Муҳаббат Мадиева,  Маълума Маматова,  Неъматжон Қодировлар фахрли ўринларни эгаллаб, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгашининг эсталик совғалари билан тақдирландилар.

20-умумтаълим мактабида ҳам “Тинчлик ва осойишталикнинг қадри бебаҳодир” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида НамДУ доценти     Б.Исоқов, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакили О.Икромов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раиси Ж.Муслим ва тумандаги жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.

СПОРТ ВА СОҒЛОМ ОИЛА-СОҒЛОМ ЖАМИЯТ АСОСИ

Шу куни аҳолининг барча қатламлари ўртасида спортнинг стол тенниси, шахмат, футбол, волейбол ва кураш бўйича мусобақалари ўтказилди. Унда 256 нафар турли ёшдаги аҳоли қатнашди.

Қизиқарли кечган шахмат жангида вояга етмаган ёшлар ўртасида Юмалоқшайхмозор маҳалласида яшовчи Дурдона Эгамбердиева, Оқилбек Ҳомидов, Ҳуррият маҳаллалик Муродилло Ҳамдамов, кекса ёшдагилар ўртасида Ободон маҳалласидан Абдуқодир Иномов, Чиндовул маҳалласидан Йўлдошхон Мамадалиев ва Узунқишлоқ маҳалласидан Нуриддинов ғолиб бўлишди. Стол тенниси баҳсларида Баҳористон маҳалласи фуқароси Дадабой Шеров, Чиндовул маҳалласидан Муҳайё Аҳмаджонова, Ҳакима Исахонова, футболда Ширинбулоқ ва Узунқишлоқ маҳаллалари жамоалари, кураш бўйича Ширинбулоқ маҳалласидан Иброҳим Тожихўжаев, Чиндовул маҳалласидан Мусохон Мунавваров ва "Учқўрғон" маҳалласидан Зафаржон Аламовлар фахрли ўринларга сазовор бўлишди.

Ғолиблар туман ҳокимлиги, маданият ва спорт ишлари бўлими, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши томонидан тақдирланишди.

 М.АКРАМОВ.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.