Ёқубжон Дадажонов, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Истиқлол йилларида мамлакатимиз ахборот майдонида соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, матбуотни халқ минбарига айлантиришга эътибор ошди.

Бунинг самараси ўлароқ, юртимиз оммавий ахборот воситалари жаҳон ахборот маконида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Бундай улуғвор ишларга озми-кўпми ҳисса қўшганлигимдан  фахрланаман. Туман ҳокимлиги нашри «Косонсойнома»да узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, туман аҳлининг меҳнат ва муваффақиятларга йўғрилган ҳаёт йўли, эзгу ишлари, орзу умидларини газета саҳифаларига муҳрлаб, жўшқин, сермазмун фаолият кўрсатдим. Бугун эса юртимизда ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб келаяпман.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан шахсан туман ҳокими А. Абдукаримов номидан йўлланган йўқлов мактубидан биз фахрийлар беҳад мамнун бўлдик.

Бундай эътибор ва рағбат бизларга куч-қувват бағишлади. Ўзимизнинг ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, жамиятимиздаги ижтимоий барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Муҳиддин Имомадиев, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Журналистлик шарафли касб. Бу соҳа эгаларининг мус-тақилликни янада мустаҳкамлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни асраш, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш йўлидаги улкан ютуқларни тарғиб этиш, тараққиётга тўсиқ бўлаётган камчиликларга қарши курашдаги  ҳиссалари катта бўлаяпти.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларига берилаётган катта эътибор туфайли ҳам бу соҳа изчиллик билан ривожланиб бормоқда.

Хусусан, «Косонсойнома» газетасини туманимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий  ҳаётидаги ўрни ортиб бормоқда.

Турли ғоя ва манфаатлар кураши тобора кучайиб бораётган бугунги кунда журналист масъулияти кескин ортди. Журналистларнинг халқимиз, айниқса, ёшларимизни маънан пок, иймон-эътиқодли инсонлар этиб тарбиялашда олдинги сафларда бўлиши тақозо этилмоқда. Бу шарафли ва масъулиятли вазифаларни бажаришда ҳамкасбларимга омад тилайман.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.