Муҳтарам Президентимизнинг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги Қарори бу қутлуғ кунларни янада файзли ўтказишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ундаги меҳр-шафқат, саховат ва мурувват ёрдами ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги йўл-йўриқлар ҳар бир мўминнинг қалб истагидир.

Қуръони каримнинг оятларидан бирида шундай зикр қилинади:

«Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ҳар қандай нарсани исроф қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур».

Ҳа, муқаддас динимиз барчамизни меҳр-мурувват кўрсатиб яшашга даъват қилади.

Мурувватнинг савобини зиёда қиладиган омил - очиқ чеҳра, ширин тилли бўлишдир. Зеро, ҳазрати Навоий айтганидек «Кулар юз била ото-сахо устига сахо». Бир кишилик таом икки кишига, икки кишилик таом тўрт кишига етади. Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди, битта кулча, бир дона хурмо, бир коса таом, бир оғиз ёқимли сўз қийналиб турган кишига озгина мадор бўлиш ҳам эҳсондир.

Истиқлол йилларида юртимизда ижтимоий ҳимоя, моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож кишиларга, айниқса, ҳаётда ўз йўлини топишга интилаётган  ёшларимизга давлат даражасида кўмак кўрсатиш хайрли анъана тусини олди. Дарҳақиқат, киши ўз мол-дунёсидан ўзгаларга насиба ажратса, муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилса, бу унинг ризқига барака кириши ва зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Бу ҳақда Ҳадиси Қудусийда айтилади: «Эй одам боласи инфоқ-эҳсон қил. Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан».

Ривоят қилишларича, бир киши чўлда қудуқ олдига келиб отини бойлагани ҳеч нарса тополмапти. Ниҳоят бир қозиқни топиб, ўша ерга қоқиб қўйибди ва мендан кейин келган одамлар қийналмай отларини бойлашади дебди. Аллоҳ таъоло бу иши учун унга ажр савоб берибди. Бошқа бир киши келиб қараса, ерга қозиқ қоқиб қўйилган, яна кечаси келган кишилар кўрмай қолиб қоқилиб кетмасин, деб ҳалиги қозиқни олиб ташлабди. Буларнинг ҳар иккови ҳам савоб олишди. Чунки уларнинг ниятлари холис эди.

Азизлар, улуғ айём кунларида қилаётган ҳар бир холис амалимиз учун Аллоҳ таоло жуда-жуда кўп ажр савобларини ваъда қилган.

Бу каби таомиллар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, энг фазилатли одатларимиздир. Қилаётган ҳар бир хайрли ишимиз, кўрсатаётган меҳр-оқибатимиз, бераётган саховатимиз сабабли биз Яратганнинг олдида улкан ажру мукофотларга сазовор бўламиз.

Ҳ.Қорабоев, «Исломобод» жоме

масжиди имом-хатиби,

Ҳ.Эшонхўжаев, масжид мутаваллиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.