Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ёш авлоднинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

Жумладан, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига долзарб вазифа сифатида эътибор кучайтирил- моқда.

Косонсой саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежини жорий ўқув йилида 312 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг қарийб 280 нафари билан уч томонлама шартнома тузилган.

Ўн олти нафар битирувчи олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш истагида бўлса, ўн бир нафар ўқувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга аҳд қилиб, имтиёзли кредит олиш учун банкка ариза билан мурожаат этган.

Куни кеча туман ҳокими А. Абдукаримов коллежда бўлиб, битирувчи ёшлар билан дилдан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, айниқса, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи ҳақида фикрлар билдирилди. Хусусан, битирувчи ёшлар давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 15 майидаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан битирувчиларни ишга олган якка тартибдаги тадбиркорларга яратилган имтиёзлар ҳақида қизиқишди.

Ёшларнинг саволларига  А. Абдукаримов атрофлича жавоб қайтарди.

Битирувчи ёшлар билан бундай жонли мулоқотлар бошқа коллежларда ҳам бўлиб ўтди.

М.АКРАМОВ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.