ХХ аср охири ва ХХI асрнинг дастлабки ўн беш йиллиги ер шари узра глобаллашув жараёнининг янада юқори суръатлар ва сифат кўрсаткичларида кечаётганлиги билан характерланади. Глобаллашув аслида жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги интеграциялашув жараёни бўлиб, ижобий мазмун ва моҳиятга эга. Ушбу ижтимоий- сиёсий жараён бугунги кунда илмий-фалсафий тушунча сифатида жуда кўп маъноларни ифодалайди. Яъни глобаллашув жараёни кенг маънода иқтисодий муносабатларни (биргаликда ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар фаолияти, трансконтинентал бирлашмалар, савдо-тижорат корхоналари, халқаро концерциумлар ва бошқалар) умумийлашуви билан бошланган. Ушбу тамойил иқтисодий соҳаларни қамраб олиш билан чекланмай, кейинги пайтларда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари, айниқса, ижтимоий-сиёсий ва маънавий ахлоқий соҳаларига ҳам жадал кириб бормоқда.

Глобаллашув яна шу жиҳатдан ўзига хоски, бугунги кунда энг консерватив типдаги, мустаҳкам чегараларга эга бўлган бирор бир давлат ҳам ушбу жараёндан мутлақо ўзини ҳимоя қилолмайди. Зотан, иқтисодий интеграциялашув халқларни нафақат мулкий жиҳатдан яқинлаштиради, балки ижтимоий соҳаларда ҳам ҳамкорлик,  шериклик ва фикр, ахборот алмашувлари билан яқин муносабатларга олиб келади.

Даслабки босқичда глобаллашув жараёни иқтисодий соҳаларда ижобий ҳолат сифатида юзага келган бўлса, замон ўтиши билан ижтимоий, сиёсий ва маданий-маънавий соҳаларда ўзининг салбий томонларини ҳам намоён эта бошлади. Дунёдаги бугунги ижтимоий-сиёсий вазият, глобаллашув туфайли вужудга келган жамиятдаги “жароҳатлар” нинг турли томонларини намоён эта бошлади.

Бу биринчидан, глобаллашув жараёнида электрон алоқа тизимининг пайдо бўлиши, интернет ижтимоий тармоқларининг жадал суръатларда ривожланиши оқибатида “оммавий маданият”ни ўргимчак тўридай сайёрамизни қамраб олишида, иккинчи томондан,  глобаллашув ва меҳнат миграцияси натижасида одам савдоси, меҳнатга яроқли кишиларнинг   миллий-этник,диний-фундаменталистик можаролар юз бераётган ҳудудларга, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларига бориб, халқаро диний террористик ташкилотлар (“Ал-қоида”, “Ҳизбуллоҳ”, “Ихвонун-муслимин”, “Ислом давлати – Леванте” ва бошқалар) домига тушиб, жангари гуруҳлар сафида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганлигида намоён бўлмоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг сўнгги хабарларида таъкидланишича, айни кунларда Сурия-Ироқ ҳудудларида тузилган “Ислом давлати – Леванте” ҳарбий тузилмалари сафида Буюк Британиянинг 2400, Франциянинг 1800, Германиянинг 2200, Италия, Испания, Голландия, Дания, Белгия каби НАТО блокига аъзо мамлакатларнинг 1200-1400 нафарга яқин фуқаролари хизмат қилмоқда. МДҲ давлатларидан Украина ва Қирғизистон фуқароларининг Ислом террористик  ташкилотлари сафида ҳарбий ҳаракатларда иштироки ҳақида маълумотлар мавжуд.

Глобаллашув жараёнининг салбий оқибатлари, айниқса, маданий-маънавий ҳаётда яққол кўзга ташланмоқда. “Оммавий маданият”ни ижтимоий ҳаётга чуқур сингиб бориши натижасида ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик, ирқчилик, диний ақидапарастлик,  фашизм ва бошқа инсон шаънини ерга урадиган ғояларни тарғиб қилувчи салбий маънодаги аудио, видео, босма материаллар ҳажми кескин кўпайди. Бунда глобал ижтимоий тармоқнинг роли беқиёс даражада ўсиб бормоқда. “Оммавий маданият”, айниқса, қадимги Осиё халқлари онгида асрлар давомида шаклланиб устувор мавқега эга бўлган шарқона турмуш тарзи, ахлоқ-одоб меъёрлари, миллий урф-одатлар, қадриятларни емирилишига, шарқ халқлари маънавиятини инқирозга юз тутишига қаратилганлиги билан намоён бўл-   моқда.

Глобаллашув жараёнининг халқлар ҳаётида тобора салбий ўрин эгаллаб бораётганини муҳтарам Юртбошимиз шундай ифодалаган: “Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқага қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос томони шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар”.

Глобаллашув ва “Оммавий маданият” кейинги пайтда кўпроқ кенг омма, айниқса, ёшларда шахс маънавиятига таъсир ўтказувчи, шахснинг маънавий инқирозига олиб борувчи, шарқона оила, турмуш тарзига  таъсир этувчи, шар-қона ахлоқ-одоб меъёрларини емирувчи воситага айланмоқда.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “ҳозирги вақт-да ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашишнинг нақадар муҳим эканини англаб олмоқда”.

Хўш, ушбу таҳдидни олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак? Энг аввало, юқоридаги мафкуравий хавф-хатар, таҳдидлардан ёшлар онгини ҳимоялаш учун замонавий ахборот воситаларидан фойдаланишни чеклаш билан эмас, балки уларни миллий-маънавий ғоялар, анъанавий ахлоқ-одоб меъёрлари, умумбашарий ва миллий қадриятларга садоқат, инсонпарварлик, ватанпарварлик, эл-юртига содиқ, маънавий-руҳий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялаш лозим.

Ёш авлодни маънавий баркамол, соғлом илмий дунёқарашга эга, ахлоқан етук, билимдон, турли зарарли  ғояларга қарши тура оладиган, ўткир зеҳнли, мустақил фикрга эга, ташаббускор қилиб тарбиялашда оила, маҳалла, таълим- тарбия муассасалари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар,нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг ўзаро яқин ҳамкорликлари муҳим ўрин эгаллайди.  

Абдулвоҳид НУРИДДИНОВ,

Наманган  Давлат

университети демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, фалсафа кафедраси ўқитувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.