Масъулият нима? Луғатларга кўз югуртириб, «масъулият» сўзи арабчада «жавобгарлик» деган маънони англатишини билиб олдик. Бу дегани, ҳар бир киши фуқаролик бурчи ва ўзининг касб-ҳунаридан келиб чиқиб, Ватани ва оиласи олдида унга ишониб топширилган вазифани сидқидилдан, ақл-идроки ва билими билан бажаришидир. Ҳар биримиз бу жавобгарликни, яъни масъулиятни чуқур ҳис этиб, чин юракдан адо этсак, бу билан Ватанимиз равнақига, фарзандларимиз тарбиясига муносиб ҳисса қўшган бўламиз. Юртимиз равнақи, оиламиз фаровонлиги ва фарзандларимизнинг камоли учун, ҳар куни ёки ҳар лаҳзада бирор фойда келтириш масъулияти ҳақиқий шарафли бурчдир. Машҳур маърифатчи адиб Абдулла Авлонийнинг «Кишини кеча ва кундуз ишлатадурган нарса Ватан ва бола-чақаларининг меҳру муҳаббати эмасму?» деган насиҳати янада масъулиятлироқ бўлишга ундайди.

Демак, фарзандларимизни аждодларимизга лойиқ тарзда тарбиялаш учун биз, ота-оналар масъулият ва огоҳлик ҳамда ақл билан иш тутишимиз лозим. Лекин кундалик ҳаётимизда учраб турадиган баъзи бир салбий ҳолатлар борки, улардан кўз юммаслигимиз, уларга нисбатан янада масъулиятлироқ бўлишимиз лозим.

Айтайлик, фарзандга пул бераяпмиз, лекин заруратини суриштирмаймиз. Бола бу пулга овқатландими ёки дафтар-китоб сотиб олдими, қизиқмаймиз. Бола биз берган пулга эҳтимол номақбул бўлган диск сотиб олгандир?  Буниси бизга қоронғу. Ёки имкониятлари кўп қимматбаҳо уяли телефон совға қиламиз. Ҳа, майли, ўртоқлари орасида мақтаниб, яйраб юрсин, деймиз. Аммо бола устоз ёки китоб билан дўстлашмай, балки меҳрини жонсиз матоҳга қўйса-чи? Фан ёки кундалик дафтарларини варақлашга вақтимиз етишмайди, чунки ишдан чарчаб келамиз, дам оламиз, эртага ишга бориш керак, вақт йўқ...

Мактабдан бўш пайтларида бола нима билан банд, билмаймиз. Чунки ишда бўламиз. Бир соатлик ота-оналар йиғилишига боришга вақтимиз йўқ, лекин уч-тўрт соат «гапда» ёки меҳмонда ўтирамиз...

Соатлаб компьютер олдида ўтирса, уни ўрганаяпти, деб бепарвомиз. Бу ақлли темир матоҳни боламиз бемалол бошқаришини кўриб, «болам зўр билади», деб ғурур билан гапирамиз, лекин ҳар хил вайронкор кино ўйинларни кўраверса, бола руҳияти бузилишини ўйламаймиз. Бола қўрс, қайсар бўлиб қолса, «ўтиш даври» деб ўзимизни юпатамиз.

Ўғил-қизимизга қиммат бўлса ҳам тор, калта, очиқ кийимлар олиб бериб, «модний кийинтирдим» деб, ўзимизча қувонамиз. Фарзандимиз кунлаб, ҳафталаб йўқ бўлиб, у ўртоғиникида, бу ўртоғиникида қолиб кетади, тўпланишади...

Баъзида ҳайрон бўласан, ўғил-қизни ўстираётган ота-она кечки дастурхон атрофида оилавий ўтирармикан, фарзандининг қаердалигини йўқлармикан?!

Булардан хулоса шуки, эътиборимиздан четда қолган бир кичик хато ёки ҳолат келажак ҳаётимиз учун катта муаммо келтириши мумкин. Бу каби бепарволикдан қутилиш учун ҳар биримиз масъулиятли ва огоҳ бўлишимиз зарур.

Албатта, тарбияда меҳр кунда керак, ғазаб кунида керак. Улуғ шоир Саъдий Шерозий: «Ҳаддан ортиқ ловуллаган шам, ёндирадур хону монинг ҳам» деб бежиз айтмаган.

Бугунги таҳликали замонда, оёғимиз остидаги хавфдан ёхуд хорижий ахборот хуружларидан ўзимиз ҳам, фарзандимиз ҳам огоҳ бўлиши лозим. Чунки ҳар қадамда диний экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» ғоялари таъқиб қилиб, дунёга таҳдид солмоқда. Бу таҳдидлардан фарзандларимизни сақлашимиз шарт. Юртбошимизнинг: «Маънавий дунёси юксак, теран билимли одам ҳаёт йўлларида ўзини йўқотмайди, оқни қорадан, ёмонни яхшидан ажрата олади, ўзгаларнинг таъсирига берилмайди», деган фикрларини унутмаслигимиз даркор. Шунинг учун юртимизда фарзандларимизни масъулиятли, огоҳ ва миллий руҳда, ғоявий соғлом қилиб тарбиялашга эътибор кучайтирилмоқда.

Шу ўринда ёшларнинг онгига таҳдид бўлиб турган «оммавий маданият», «космополитизм» тўғрисида ҳам айрим фикрларга тўхталиб ўтсак.

  «Космополитизм»-лотинча сўз бўлиб, «Дунё фуқароси» мазмунини англатади. Унинг мақсади сайёравий фуқароликни тарғиб қилишдир. Бу таълимот давлат  суверентитетини рад этади, ватанпарварлик ва миллийлик туйғусидан воз кечишга ундайди.

Япон олими Ф. Фукуяма «Буюк узилиш» асарида «оммавий маданият» 1960 йилларда Европада пайдо бўлганлиги, унинг таъсирида жиноятчиликнинг ўсиши ва оила инқирози бошланганлигини ёзади.

Америкалик психолог Д.Вилкерсон «Ҳис этиш» китобида         Ғарб жамиятида беҳаё фильмлар, садизм (ўлим инстинкти), мазохизм  (ўзига нисбатан деструктив, оғриқли ёки ҳақоратли ҳаракатларга мойиллик) кўринишлари намоён бўлаётганлигини айтиб ўтган. Бундай хуружлар ўша халқларнинг миллий тарбиясига тажовуз солаётганлиги очиқ-ойдин намоён бўлган. Бу ҳолатни салбий баҳолаб, машҳур педагог Абдулла Авлоний: «Болаларини писанд қилмаган миллатлар инқирози уларни ёт қўлларга ва ёт маданиятлар ихтиёрига бериб қўйганликлари сабаблики, улардан айрилишга маҳкумдирлар»,  деб ёзган эди («Шарқ донишмандлари ҳикматлари», 124-бет).

 «Юксак маънавият-енгилмас куч» китобининг муқаддимасида Юртбошимиз доно ва жўшқин фикрлар айтганлар: «Бугун биз тарихий бир даврда-халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз».

Албатта, бу кунларга осонликча эришилмаган, қадрига етишимиз керак. Шунингдек, давлатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалий дастури ижроси ҳар жабҳада талаб қилинмоқда. Бу эса жойларда бурч, жавобгарлик ҳисси ва дахлдорлик туйғуси билан қабул қилинмоқда. Фарзандларимизнинг соғлом ва билимли инсон бўлиб ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунда ўзбек ёшлари миллий ҳунармандчилик, фан-техника, санъат ва спорт соҳаларида халқаро анжуман ва кўрик-танловларда қатнашмоқда, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтариб, дунёни лол қолдирмоқда.

Н. Акбарова,

48-мактаб директори.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.