Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди

Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш ва руҳларини шод этиш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш хал-қимиз учун муқаддас фазилат. Бу 9 май – Хотира ва қадрлаш куни тантаналарида яна бир карра намоён бўлди.

Туманимизнинг  қишлоқ ва маҳаллалари, ташкилоту муассасаларида бошланган байрам тадбирлари 9 май куни туманимиз марказида давом этди.

Шу куни Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Байрам тадбири иштирокчилари дастлаб «Шон-шуҳрат ва жасорат» музейида бўлишди, «Хотира хиёбони»да мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Байрам тадбири «Ўзбегим» мажмуасида давом эттирилди. Уруш ва фронт орти қатнашчиларини туман ҳокими А. Абдукаримов қизғин қутлаб, уларга телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исмоил Раҳимов, меҳнат фахрийси Ҳамидулло Абдуллаев ва бошқалар сўз олиб, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром учун миннатдорчилик билдиришди.

-Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганлигини асло унутганимиз йўқ,- дейди уруш ногирони, 92 ёшли Осмонали ота Боймирзаев.- Шу  боис ҳам фашизм устидан қозонилган ғалабанинг қадри ва қиммати баланд.

Мен 1942 йили урушга йўл олгандим. 1943 йили оғир жаҳорат олдим. Даволаниб, яна сафга қайтдим. Европанинг фашизм зулмидан озод этиш учун бўлган жангларда ўзбек йигитлари жасорат ва ботирлик намуналарини кўрсатганига гувоҳман. Жанг майдонларида шаҳид кетган сафдошларим хотираси доимо қалбим тўрида.

Урушдан кейин турли соҳаларда ишладим. Тўққиз нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказдим. Яратганга шукр, Ўзбекистоннинг мустақиллигини, фарзанд, набира ва эвараларим истиқболини кўриш насиб этди.

Ўзбекистон-кўпмиллатли аҳил оила. Шу юртда яшаб, эъзоз ва эҳтиромга сазовор бўлаётганимга шукр қиламан.

Юртимизда рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишлардан қалбим қувончга тўлади. Ўзбекистон қудратли мамлакатга айланди. Бу ҳам бирлик ва ҳамжиҳатлигимиз самарасидир.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлимига қарашли муассасалар санъаткорлари дилрабо куй-қўшиқлар ижро этиб, байрам қатнашчилари дилларини хушнуд этишди.

Байрам тадбирида туман ҳокими ўринбосарлари , бошқарма ва бўлим бошлиқлари, ҳуқуқ - тартибот идоралари раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар.

 М.АКРАМОВ.

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.