Оила-жамиятнинг бир бўлаги. Оила тўкис бўлса, жамият фаровон бўлади. Жамиятнинг бойлиги оилаларимиз даромадлари билан чамбарчас боғлиқдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Оила соғлом экан-жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарордир».

Аммо тўйлардаги дабдабабозлик, сохта обрў орттириш, автомашиналар карвонини тузиб маҳаллада «дув-дув гап» қилиш каби ғалати одатларни кўриб ёқа ушлайсан киши.

Ахир, шартмиди шунча дабдабабозликлар. Расм-русм деб молу жонимизни гаровга қўйиш, тўйдан кейин ҳам қудалар ўртасидаги кераксиз олди-бердилар... Бу ҳолатлар бора-бора ёш оилаларнинг бахтига зомин бўлиши турган гап.

Бас шундай экан, тўй ва бош-қа маросимларни камхарж, ихчам, дабдабасиз, тартибли, чиройли ва эсда қоларли қилиб ўтказиш, ортиқча сарф-сурфларга йўл қўймаслик учун ҳар биримиз курашмоғимиз лозим. Халқимизда «Кенгашли тўй тарқамас» деган ҳикматли нақл бор. Дарқақиқат, тўй бошида кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонларимиз ўз маслаҳатлари, ўгитлари билан ёшларни тўғри йўлга солиб турсалар ва ёшлар ҳам ўз навбатида уларнинг маслаҳатларига амал қилсалар айни муддао бўларди. «Тўйга қуш қанотини қоқади», деб бежизга айтишмайди. Агар тўйга қилинган тўёналар ҳам бир жойга жамланиб, бамаслаҳат сарф этилса, анча енгил кечади. Табиатан орзу- ҳавасли халқмиз. Топган-тутганимизни тўйларга, яхшилик кунларга сарф этамиз. Аммо йиллар давомида мисқоллаб йиққанимизни ботмонлаб бир-икки кундаёқ совириб юборишимиз тўғримикан? Сиз бунга нима дейсиз?

 

Ҳ.Эргашева, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.