Президентимиз ташаббуслари билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши замирида инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабар каби инсонпарварлик тамойиллари мужассам.

Бу қутлуғ сана урушларда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби эзгу ва хайрли ишлари билан янада аҳамиятлидир.

Бундай доруломон кунларга осонликча эришилгани  йўқ.

Бугунги тинч ва осуда ҳаётга оғир йўқотишлар, не-не синов ва машаққатлар эвазига эришдик. Шунинг учун ҳам мустақиллик, тинч ва осойишта ҳаётнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.

Мустақил юртимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Айниқса, жорий йилнинг муҳтарам Юртбошимиз томонидан «Кексаларни эъзозлаш йили» деб номланиши ва Давлат дастури қабул қилиниши бу каби эзгу ишларни янада авж олдирилишига туртки бўлмоқда. Дастурга асосан кексаларни эъзозлаш, уруш қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронлар, кам таъминланган оилаларни моддий, маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президентимиз фармонига асосан туманимизда истиқомат қилувчи 21 нафар уруш ва фронторти фахрийлари «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали, совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар. Шу кунгача 14 нафар нуронийларимизга санаторийларда дам олиб, даволаниши учун бепул йўлланмалар берилди. Давлат дастури доирасида тиббиёт муассасаларида кекса авлод вакилларини тиббий кўрикдан ўтказиш, саломатликларини тиклашга алоҳида эътибор берилмоқда. Хонадонларга бориб нуронийларимизга тиббий хизмат кўрсатиш узлуксиз ташкил этиляпти.

Улуғ айём кунларида эзгу ва хайрли ишлар янада кенг қулоч ёймоқда. Қарийб олтмиш нафар уруш, фронторти фахрийлари, якка-ёлғиз қариялар, ногиронларга сахийқалб кишилар томонидан 8 миллион 800 минг сўмлик моддий кўмак кўрсатилди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун фахрийларимизнинг ҳурматини  жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш эзгу мақсадимизга айланган.

Ёқубжон Эшматов, «Нуроний» жамғармаси

туман кенгаши раиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.