Мустақил юртимизда нуроний қарияларга эътибор, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йилга «Кексаларни эъзозлаш йили» деб ном берилиши, Давлат дастурини ишлаб чиқиб, амалга татбиқ этилиши кексаларга ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Дастурда қонунчилик, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, ёшга оид касалликлар профилактикаси ҳамда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш сингари масалалар қатори кексаларга қулайликлар туғдирувчи давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада шакллантириш кабилар устувор вазифа ва йўналишлар этиб белгиланган.

Шунингдек, кексалар, биринчи навбатда фашизм устидан қозонилган ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш каби вазифалар белгилаб берилган.

Кекса авлод вакилларининг дам олиши, санаторий ва профилакторийларда саломатлигини тиклаши, тиббий хизмат даражаси ва сифатини ошириш кабилар ҳам дастурда ўз ифодасини топган.

Дастур ижросини таъминлаш, ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ҳаммамизнинг долзарб вазифамизга айланмоғи керак. Бу борада маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган секторни мустаҳкамлаш, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идора ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматлари фаолиятини янада кучайтиришни тақозо этади.

Умуман, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан узлуксиз назорат қилиш ҳам муҳим вазифамизга айланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, обод ва озод юртимизда давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига ҳар томонлама ғамхўрлик кучайтирилмоқда. Уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилиш борасида ёш ва ўрта авлод вакилларининг амалга ошираётган ишларини янада кенг қулоч ёйдириш лозим. Қолаверса, ҳар биримиз ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатишни инсоний бурчимиз деб ҳисоблашимиз керак.

В.Мамадалиев, туман прокурори.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.