Сўнгги йилларда китобга бўлган муҳаббат, мутолаага нисбатан иштиёқ сусайиб бормоқда. Техника асри бизни ҳам, фарзандларимизни ҳам  ўз домига тортдики, бунинг оқибатида энг яқин дўстимиз бўлмиш китобдан, китобхонликдан узоқлашдик. Қўл телефонимизга сарфлаган вақтимизни китобга сарфлаганимизда эди, фарзандларимизга ҳеч бўлмаганда, бир ойда битта китоб совға қилганимизда ёки ўзимиз ўқиган асарлар тафсилотини сўзлаб берганимизда эди, ҳозир илмли-тарбияли, юксак маънавиятли келажагимиз эгалари сони ортган ва бундан қалбимиз фахрга тўлган бўларди.

Мактаб давримда ҳудудимизда биттагина кутубхона бор эди, у ҳам бўлса, мактаб кутубхонаси. Адабиёт ўқитувчимиз бизларга ҳар бир дарсда бир асар юзасидан қисқача маълумот берардилар ва дарсдан сўнг, албатта, ўша китобни топиб ўқимагунча кўнглим тинчимасди. Бўш вақтим деярли бўлмаган, бўлса ҳам китоб мутолааси билан банд бўлардим.

Ҳозир эса.. Туманимизда бир неча китоб дўконлари, зиё масканларида мингдан ортиқ китоблар ўз ўқувчисини кутиб, бўш туради, бу эса жуда ачинарли ҳол. Айниқса, юқори синф ўқувчиларида китобхонликка бўлган қизиқиш йўқ, улар турли гаджетлар, ҳуда-беҳуда давралар билан банд. Айнан шунинг оқибатида устозга тик боқиш, қўл кўтаришгача боришмоқда ва бу ҳолатлар келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларни маънан тўғри тарбиялай олмаётганимизнинг ёрқин далилидир.

Иш фаолиятим давомида ўқувчиларга китоб ҳақида, бадиий асарлар ва улардаги қаҳрамонлар ҳақида суҳбатлар ташкил этишга қатъий қарор қилдим. Адабиёт дарси жараёнида мавзуни мустаҳкамлаш қисмида ҳар сафар таниқли ўзбек шоирларининг шеърларидан ёд олиш учун намуна берсам, қўшимча тарзида мустақил ўқиш учун бирор бир асарни вазифа тарзида бераман ва албатта, кейинги дарсда сўраб баҳолайман. Тўғри, бошланиши осон бўлмади, лекин, ишонаманки, натижаси қувонарли бўлади.

Кун келиб, ўқувчиларим энг билимдон, зукко китобхон, маънан етук инсонлар бўлиб етишса, не ажаб. Уларнинг ортида орзулар, умидлар бисёр ва барчасига илму маърифат билан, дўстимиз -  китоб билан, худди китоб каби сокинлик билан етишамиз.

Гарчи, китоб жонсиз ва тилсиз бўлса-да, сизни ўз қанотлари остида буюкликка етаклайди. Шундай экан, олтинга тенг вақтингизни беҳуда ўтказманг, орзу қилинг, интилинг, илм олинг ва энг асосийси, китоб ўқинг, ўқувчим!

       Насиба АХБАЕВА, 8-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, халқаро "Турон" Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.