Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига тўла қамраб олишга киришилган. Тармоқда замонавий технологияларни қўллаш, таълим ва тарбияга янгича услубда, янгича йўналишларда ёндашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳими, бу жараёнда марказдан олис ҳудудлардаги, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам назардан четда қолмаяпти.

2021 йилда ташкил этилган Косонсой "Илк ривожланиш маркази" ана  шу ёндашув маҳсули ҳисобланади ва у Ўзбекис-тон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим  агентлиги ҳамда Жаҳон банки  глобал ҳамкорлиги  иштирокидаги лойиҳадир. Лойиҳа мазмунига кўра, боғча ёшидаги болалар муассасага қамраб олинади ва амалдаги қонунчилик, давлат таълим стандартлари асосида кичкинтойларда билим ва кўникмалар ҳосил қилинади. Хўш, унда марказнинг оддий МТТлардан фарқли томони нимада?

Биз айни шундай савол билан "Илк ривожланиш маркази" координатори Эркинжон Раҳмоновга мурожаат этдик.

- Деярли фарқ қилмайди, - деди у. - Фақат бизда болалар 3 та муқобил моделлар асосида марказга қамраб олинади ва шунга кўра уларга таълим-тарбия берилади. Бола муассасамизда кундузи 3,5 соат мобайнида бўлади. У озиқ-овқат билан тўла таъминланмайди, енгил нонушта билан кифояланади, аммо билим бериш сифати оддий боғчаникидан асло қолишмайди. Сабаби муассасамизда барча жиҳозлар етарлича.

Координаторнинг тушунтиришича, биринчи модел "Уйга ташриф" деб аталади. Бунда кам таъминланган ва мактабгача таълимга қамраб олинмаган, олис ва чекка ҳудудларда яшайдиган 6 ёшгача фарзанди бор оилалардаги жажжиларга эътибор кучайтирилади. Мақсаддан келиб чиққан ҳолда мактаб, маҳалла ва оилалар билан ҳамкорлик ишлари самарали ташкил этилади. Ўз-ўзидан педагоглар салоҳияти мунтазам ошириб борилади.

Иккинчи моделда болаларнинг ўйин гуруҳларига қамрови ташкил этилади. Турли-туман, қизиқарли ўйинлар орқали ўсиб келаётган авлоднинг онгига ижобий таъсир кўрсатилади. Бунда "Илк ривожланиш маркази"нинг жойларда ҳам ўйин гуруҳларини ташкил этишга рухсат берил-    ган.

Масалан, ота-оналар талабидан келиб чиқиб, туманимиз марказидан олисда жойлашган Боғ маҳалласидаги битта оилада ҳамда 47-мактабда тажриба сифатида ана шундай муқобил ўйин гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган.

Учинчи модель эса "Касаллиги туфайли алоҳида таълимга эҳтиёжи бор оилаларга ташриф", деб аталади. Мазкур моделда тарбиячилар нуқсони бор болаларнинг уйларида улар билан шуғулланадилар. 

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, марказ орқали ота-оналар билан ҳам ишлаш ташкил этилган. Яъни болага қандай муносабатда бўлиш керак, унинг тарбиясига индивидуал ёндашув қайси услубларда олиб борилади, бу борада ота-оналарга батафсил тушунтиришлар бериб келинмоқда.

- Лойиҳа бошидан бери 1 минг 800 дан зиёд бола билан таълим-тарбия ишларини олиб бордик. 2021-2022 ўқув йилида 83 нафар бола марказимизни битирган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида улар сони 185 нафарга етди, - дейди Эркинжон Раҳмонов. - Туманимиздаги 59 та маҳалладан 54 тасига етиб бордик ва таълим-тарбия жараёнини изчил ташкиллаштиришга эришдик. Асосийси, фаолиятимиздан ота-оналар мамнун бўлишяпти. Айниқса, турли нуқсонлар билан туғилган болалар аҳволини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан кўпчилик хурсанд.

Координатор фикрининг исботини марказда ота-оналар томонидан қолдирилган изоҳларда кўргандек бўлдик. Масалан, Моҳима Омонуллаева ўғлининг нутқи ривожланиб, шеърлар ёд айтиб берганидан, Мавжуда Машарипова қизининг ғазалхонлик кечасида фаол иштирок этганлигидан, Бухатича Юсупова эса ўғлининг саломатлигида катта ўзгаришлар юз бераётганидан хурсандлигини изҳор қилибди. Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг Ташаккурномаларида ҳам марказ фаолиятидан мамнунлик баён қилинган.

Республикамизда саноқли ҳисобланган (Самарқанддагина бор) мазкур лойиҳани молиялаштириш аслида шу йилнинг охирида якунланади, лекин самарадорликни ўрганган мутахассислар уни келгуси йилларда ҳам давом эттириш чоралари кўрилишини айтибдилар. Шунингдек, ота-оналар талабидан келиб чиққан ҳолда болаларнинг марказда бўлиш вақтини узайтириш юзасидан таклифлар билдирилибди. 

  - Келгусига кўзлаган режаларимиз жуда кўп, - дейди Э. Раҳмонов. - Масалан,  ўйин гуруҳлари сонини 20 тага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, Булоқ ва Равот маҳаллларида жойлашган мактабларда марказ  филиалларини очишни режалаштирганмиз.

Мирмуҳсин МИРЗОКИРОВ,

Абдуллажон ЗАРИПОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.