Биз, зиё тарқатувчилар, яъни ўқитувчилар, кутубхоначилар, қолаверса, ота-оналар ёшларда китобхонлик кўникмасини шакллантиришда қўйидаги омилларга эътибор беришимиз лозим.  Мактабнинг  бошланғич синфларида  болалар кўпроқ эртакларга қизиқадилар. Бу даврда уларга ўзбек ва бошқа халқлар эртакларини, ахлоқ-одобга доир, табиат ва ҳайвонлар ҳақидаги қизиқарли асарларни ўқитиш ёки оила даврасида биргаликда мутолаа қилиш китобга бўлган меҳрни оширади.

Болаларда китоб ўқиш иштиёқини уйғотишда улар билан якка суҳбатлар олиб бориш, ўқилган китоблар юзасидан савол-жавоблар ўтказиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бола қайси мавзуга қизиқса, шу йўналишдаги китобларни тақдим этиш керак. Ўқишга кўникма ҳосил қилгач эса аста-секинлик билан унга янада фойдали асарлар тақдим этиб борилади.

Ўқувчиларнинг китобхонлик даражасини аниқлаш - китобхонларни китоб ўқишга аввало руҳан тайёрлаш лозим. Мустақил ўқилган китоб, асар ҳақидаги маълумотлар, унинг мундарижаси билан танишишга, ўқилган китобнинг энг асосий мазмун-ғоясини ажрата билишга, асардаги воқеа-ҳодисаларни ҳис қилишга ёшларни ўргатишимиз керак. Китобдан мустақил хулоса чиқаришга одатланиш лозим.

Бадиий адабиёт ўқувчи руҳиятини ўстиради, болалик ҳис-туйғуларини тарбиялайди. Бу борада ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар мактабларида "Бадиий мутолаа" дарслари жорий этилиши мақсадга мувофиқдир. Бу усул болаларнинг бадиий адабиётга, китобга бўлган қизиқишини ўрганишда, дунёқарашини кенгайтиришда, нутқ ва мутолаа маданиятини шакллантиришда ёрдам беради. Ҳамкорликда иш ташкил этсак, бу ҳар томонлама фойдали бўлади. Айниқса, бунда кутубхоналарга сайр ташкил этиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигини унутмайлик.

М. АБДУЛЛАҲАЕВА, Ахборот-кутубхона

маркази мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.