Ҳар фаслнинг ўз зийнати бор, лекин баҳорни интиқлик билан кутамиз, унинг кириб келиши қалбларга олам-олам қувонч бахш этади, барчамизни ажиб бир кайфият чулғаб олади. Бу нимадан экан? Нега қуёшли кунларни бу қадар соғинамиз? Бошқа халқ-ларда ҳам шунақангимикин?

Бизнингча, бу ҳам элимизнинг меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги   билан чамбарчас боғлиқ. Ахир ҳали март келмасидан, февралнинг сўнгги илиқ кунлариданоқ кетмон, белкурак ва паншаҳа  тутган юртдошларимиз кўча-кўйларда ҳаракатга тушиб қоладилар.

Ариқ ва зовурларни оммавий қазиш ҳамда тозалаш ишларига астойдил киришилади. Айниқса, бу йил - қиш у қадар аёзли келмаган мавсумда кўнгиллар меҳнатни қўмсаб қолди. Ҳамма яратиш, янгиланиш кайфиятида. Маҳаллаларда ободончилик ишлари авж олган. Кўчаларга манзарали дарахт кўчатлари экиш, боғлар кўламини янада кенгайтириш, деворларни оқлаш ҳамда чиқиндиларни ташиб кетишга киришилаётир.

 Фермерлар пахта ва ғалладан мўл ҳосил олиш ниятида мавсумга шай турибдилар. Айниқса, бугун ғаллакорларимизнинг қўллари қўлларига тегмайди. Кузда ундириб олинган майсаларни маҳаллий ва минерлар ўғитлар билан озиқлантиришга эътибор кучайтирилган. Ривожланишдан орқада қолган майдонлар ҳолатини яхшилаш фермерларимизнинг диққат марказларида. Чунки эртага омборимиз ризқ-рўзимиз ҳисобланган донга тўлса, кўнглимиз хотиржам бўлади. Шунингдек, ҳадемай миллий бойлигимиз ҳисобланган "оқ олтин" етиштириш мақсадида ерга барака уруғи ҳам қадалади. Хирмонларимиз мўл бўлиши тиланиб, дуоларга қўллар очилади.

Бугун - Наврўз арафасида ҳам-юртларимиз кайфиятига кайфият қўшилмоқда. Ахир анъанавий айёмнинг гашти барибир  ўзгача-да! Дошқозонларда ҳалим ва сумалаклар қайнайдиган, ёлғиз ва ногиронлар ҳолидан хабар олинадиган умумхалқ байрамимизга тайёргарлик кўриш ва уни кўнгилдагидек ўтказиш вазифалари Юртбошимизнинг махсус қарорлари орқали белгиланди. Қутлуғ айём билан боғлиқ барча тадбирлар "Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" шиори остида кўтаринки руҳда ташкиллаштирилмоқда. 

Биламизки, Наврўз халқнинг энг тоза, энг эзгу орзу-ниятларидан яралган. Инсон унинг тимсолида  бунёдкорликни, яратувчиликни, экишни, кўкартиришни, ердаги ҳаётни яшнатишни неча минг йиллардан буён улуғлаб келяпти. Одамзотдаги матонатли, ёруғ, олийжаноб аъмолларни тинимсиз ардоқлаб келаётганлиги учун ҳам бу айём  ҳамиша ардоқда.

Наврўзга интилар, уни шодон қаршилар эканмиз, беихтиёр ўйланасан киши. Хўш, бу кун қачондан бери байрам қилинади? Нега қишни, ёзни, кузни эмас, айнан баҳорни шу мўътабар мартабага лойиқ кўрган табиат?

Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" асарида айтишларича, биринчи Ажам подшоси Қаюмарс тахтга ўтирганидан сўнг йилнинг кунлари ва ойларига ном беришга ҳамда одамлар билсин  деб йилнома жорий этишга қарор қилган. У тонгда офтоб Ҳамал буржининг аввалги дақиқасига кирган кунни аниқлаб,  йил ҳисобини шу пайтдан бошлашни буюрди...

Мустақиллик йилларида Нав-рўз чинакам умумхалқ байрамига айланди. Бу айём фақат кўклам фаслида янгиланиш тантанаси эмас, қадриятларимиз боқийлиги, миллийлигимизнинг оммавий ифодаси сифатида байрам қилинадиган бўлди. Наврўз ерга нур, элга ғурур, дилга сурур бағишлайдиган, меҳру мурувватли халқимизнинг азалий урф-одатлари бутун бўй-бастини яққол кўрсатадиган шодиёнага айланди.

Сўнгги йилларда эса Наврўз мазмунан ва шаклан бойиди. У эндиликда нафақат инсон ва табиатнинг,  балки миллий ва қадимий урф-одатларимизнинг ҳам янгиланиш давридир. Озодлик, эркинлик, тенглик, тинчлик, қадр-қиммат айёми. Дўстлик ва байналмилалликнинг ёрқин тимсоли. Халқимиз уни ўзгача бир соғинч, илиқлик ва илҳақлик билан қарши олади. Ёшу қари кўча ва хиёбонларга гузар ва сайлгоҳларга чиқади. Ҳофизу хонандалар хониш қилади, бахшилар дўмбира чертади, терма ва лапарлар янграйди, аскиячи ва қизиқчиларнинг ичакузди латифа-ю пайровлари кўнгилларга шодлик улашади. Кишилар дорбоз-у, морбоз, масхарабозу қўғирчоқбозлар баҳси, улоқ-кўпкари,  пойга, кураш, мерганлик томошаларидан завқланадилар. Дастурхонларни баҳорий таомлар безайди, дошқозонларда ҳалим, сумалак қайнайди...

Ҳа, азал-азалдан шундай: Нав-рўзда, шарқона Янги йилнинг биринчи - Янги кунида қимирлаган, ғимирлаган жон борки, шаҳду шиддати уйғонади. Она-табиат ажиб бир тусга киради. Жаннатмонанд юртимизнинг ҳар бир шаҳару қишлоғи, маҳалла-ю гузари, жамоа-ю хонадонида, ҳар бир ватандошимиз кўнглида баҳор сайли, шодлик ва бунёдкорлик айёми. Тўкин дастурхонлар меҳмонларга мунтазир. Кўк сомса, кўк манти, сумалагу ҳалим ва пўрсилдоқ нонлар...

Бундай давраларда эса куйлар авжига чиқади. Қўшиқлар оҳангидан дилларда ажиб ҳислар жўш уради. Ахир тинч ва осуда ҳаёт таъминланган она Ватанда  бетакрор диёрни, меҳр-муҳаббат, гўзаллик ва меҳнатни тараннум этувчи дилбар тароналарни тинглашнинг завқи бошқача-да! Шу боис бўлса керак, шаҳду шижоатга тўлган кўнгилларда яратиш иштиёқи жўш уради.

Наврўз - яшаш, яшнаш ва яшнатиш айёми! Қалбида ўз уйи, маҳалла-кўйи, шаҳару қишлоғи - шу азиз ва муқаддас Ватанига меҳр-муҳаббати жўш урувчи ҳар бир инсон айни кунларда кўчату гул экади, боғу гулзор яратади. Ҳеч бўлмаганда, ариқ бўйига бир туп райҳон қадайди.

Ҳа, биз шундай яшаймиз! Заҳматкаш ва донишманд элимизнинг ардоқли удуми, анъанаси шундай. Биз терлаб-терлаб ишлашни, тўкин тўйлар қилиб, ўйнаб-яйрашни ҳуш кўрамиз. Бисотидаги ноз-неъматини дўсти-биродарлари билан баҳам кўриб, далага дастурхон ёзиб   ейишга одатланган бағри баҳор, дўстсевар, меҳнатсевар халқмиз биз. Ўзим бўлай деб эмас, болам-чақам, қўни-қўшним, азиз юртим деб яшайдиган, оилапарвар, инсонпарвар, ватанпарвар элмиз биз.

Байрам муборак, азизлар! Янги кунда уйғонган янги орзу-умид, янги азму шижоат жисму руҳимизни ҳеч қачон тарк этмасин. Осмонимиз беғубор, юртимиз, оилаларимиз тинч, турмушимиз бундан-да фаровон бўлсин!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.