Мамлакатимизда хотин-қизлар учун муносиб шароитларни яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Давлатимиз раҳбари ҳам жорий йил 8 март арафасида - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бунга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, Президентимиз барча аёлларга мурожаат қилиб, маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб бориш, "Эзгулик - шиоримиз, маърифат - қуролимиз" деган ғоя асосида бу жараённи, аввало, оиладан, маҳалладан бошлаш борасидаги вазифаларни белгилаб берди. Қолаверса, мазкур тантанали маросимда маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб бориш кераклиги,  айниқса, бу борада қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши, пировардида, бутун жамият равнақи учун хизмат қилиши таъкидланди.

Шу ўринда алоҳида эътироф этишимиз лозимки, фарзанд тарбиясида, энг аввало, ота-онанинг ўрни беқиёсдир. Зеро ҳадиси шарифда айтилганидек, "Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди".

Ровийларнинг ривоят қилишларича, қадимда бир подшоҳ ўз ўғлини душманга қарши жангга юборибди. Орадан фурсат ўтиб, жанггоҳдан хабар келди:

      - Эй, олампаноҳ сенинг фарзандинг жангоҳни ташлаб, қочди.

Бу сўзлардан ғазабланган шоҳ маликани ҳузурига чақиртириб шундай дейди:

- Мен сенга ишониб, фарзанд тарбиясини топширсам-у, сен қўрқоқ бир бола тарбиялабсан.

- Эй, шоҳим менинг фарзандим ёв қўлида шаҳид бўлгандир, лекин ҳеч қачон  жангоҳни ташлаб қочиши мумкин эмас, - деб жавоб берибди малика.

Яна озгина фурсатдан кейин подшоҳга шундай хабар келтирдилар.

- Эй, салтанатимиз тождори. Аввалги келган хабар нотўғри экан. Сенинг фарзандинг душманни тор-мор этиб, катта ўлжа билан қайтаётир.

Бундан ажабланган подшоҳ аҳли аёлини яна ҳузурига чақиртириб,

- Сен нега комил ишонч билан эй, шоҳим менинг фарзандим ёв қўлида шаҳид бўлгандир, лекин ҳеч қачон  жангоҳни ташлаб қочиши мумкин эмас, деб жавоб бердинг, - дея сўради.

Шунда малика:

- Эй давлатпаноҳ, мен фарзандимни гарчи шоҳни ўғли бўлса-да, ҳалол луқма билан тарбия этдим. Гарчи салтанатнинг суюкли шаҳзодаси бўлса-да, болалигидан қалбига юртга бўлган садоқатни, илм-маърифатни жо этишга ҳаракат қилдим, - дея жавоб берган экан.

Қиссадан ҳисса шундай: Ватанни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш, эл-юрт учун муносиб фарзандлар тарбиялаш - бу дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Меҳрибон ва оқила, жонкуяр аёлларимиз бу борада ҳамиша фидойилик кўрсатишлари даркор.

                Дилшодбек ИСАҚОВ, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.