Мана, муборак ойнинг дастлабки ўн кунлигини ортда қолдирдик. Барча қулайликлар яратилган жомеъ масжидларида таровиҳ намозлари ўқилмоқда. Муқаддас ой аввалида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Унда хайру саховат фазилатлари улуғланадиган Рамазоннинг мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ҳаётидаги ўрни алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, қарорда бу ойни миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, "Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилсин", дейилган.

Ҳақиқатан, муборак Рамазон ойи ҳар бир мусулмон учун эзгу амаллар даври ҳисобланади. Хусусан, ундаги меҳр-шаф-қат, саховат ва мурувват, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳар бир мўминнинг истагидир. Бу эзгу амаллар азиз китобимиз Қуръони Каримда ҳам кўп маротаба зикр қилиб ўтилади. "Сиздан (эй, Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: Нимаики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, мискинлар, етимлар ва мусофирларга қилингиз. Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир".

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: "То мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизча, комил мўмин бўла олмайсизлар". (Имом Муслим ривояти).

Меҳр-мурувватнинг савобини зиёда қиладиган омил очиқ чеҳра ва ширин тилли бўлишдир. Зеро, Навоий ҳазратлари айтганларидек: "Қўллар юз била ато-сахо устига сахо".

Бизлар сабр-қаноатимиз  Яратган томонидан синаладиган, яхшиликларимиз муносиб мукофотланадиган  муддатда  ўринсиз урф-одатларга чек қўйишимиз керак. Ортиқча ҳою ҳавас натижасида таомилга айланиб улгурган  қарашлар таъсирида  шоҳона дастурхон тузаб ифторлик қилиш, янги тушган келин хонадонига ким ўзарга  сават жўнатиш кабиларга барҳам бериш зарур. Зеро, Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида  инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари мужассам. Буни унутмаган ҳолда муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш бараварида  бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етайлик. Дабдабали зиёфатлар  ўрнига ширин сўз ва яхши амаллар билан қадрдонларимиздан кўнгил  олайликки, савоби барчамизга тегсин.

Рамазон ойини ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ва юртимиздаги бошланган улкан ислоҳотлар шукуҳида кутиб олдик. Бу ой бир-бирига меҳр-мурувват, раҳм-шафқат кўрсатадиган эзгулик ойи, дедик. Ҳатто тарихда урушлар ҳам бу ойда тўхтатилган, аразлашиб юрган кишилар ярашганлар, баъзи бир сабаблар билан нотинч бўлиб турган оилалар бу ойни ҳурматидан аҳил-иноқликка юз тутганлар. Шундай экан, анъаналаримизга мос равишда янада аҳил бўлайлик. Бу муборак ойда барчаларимиз кўплаб эзгуликларни рўёбга чиқарайлик. Зеро, Яратган Эгам савобли ишларни хуш кўргувчидир.

Қодирхон АЗИЗОВ,  туман бош имом хатиби.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.