Суҳбатдош ҳақида қисқача маълумот: Дилшод ИСАҚОВ 1986 йил туманимиздаги Хонқўрғон маҳалласида таваллуд топган. 2003 йилда 11-умумий ўрта таълим мактабини тамомлаган. 2011 йилда НамДУнинг ўзбек филологияси факультетида ўқишни тугатган. 2018 йилдан буён Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бугун дунёнинг мафкурафий қиёфаси буткул ўзгариб боряпти. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мазкур йиғилишда таъкидланганидек, бугун яқин ва узоқ давлатларда кузатилаётган хунрезликлар, қарама-қаршиликлар ва тўқнашувлар, дунёдаги қудратли марказлар томонидан бизнинг мамлакатимизга ҳам очиқчасига босимлар ўтказилмоқда. Хўш, мана шундай бир пайтда, ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёшларимизнинг тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими? Бу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Дилшодбек ИСАҚОВга юзландик.

- Дилшодбек, Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илм-фан, таълим ва тарбия, маънавий-маърифий соҳаларда қандай вазифалар белгилаб берилди?

- Республикамизда кўплаб кенгашлар фаолият юритса-да, Давлатимиз раҳбари фақатгина иккита кенгашга раислик қилади. Бири Хавфсизлик кенгаши бўлса, иккинчиси Маънавият ва маърифат кенгашидир. Бундан кўринадики, мамлакатнинг хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятлар қандай муҳим бўлса, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида  ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳам жуда долзарб вазифалардан биридир.

Айни пайтдаги глобаллашув жараёнида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, руҳан тетик, жисмонан соғлом, ахлоқий баркамол, талабчан, маънавий соғлом, қаноатли, ростгўй, садоқатли каби шахсий фазилатларга эга бўлган авлодни тарбиялашдек, жуда катта масъулиятли вазифа турибди.  Муҳтарам Президентимиз ҳам бу борада маҳалла раислари, фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга мурожаат қилиб, соҳа ходимлари, кўчабошилар орқали ҳар бир оилага, фуқарога "Азизларим, тарбияси издан чиққан нопок кимсалардан огоҳ бўлайлик!", "Фарзандларимизни уларнинг бузғунчи таъсиридан асрайлик!",  "Келажагимизни ёвуз кучлар қўлига бериб қў-йишга асло ҳаққимиз йўқ.", "Агар барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилсак, жамиятимизда соғ-лом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга албатта            қодирмиз!" каби сўзларни етказиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

- Бугун ижтимоий тармоқларнинг ижобий томонлари билан бирга хавфли томонлари ҳам ортиб бормоқда? Бу борада Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Бугун ҳудудлар эмас, қалблар забт қилинмоқда. Ҳарбий юришлардан кўра, фикрий хуружлар орқали ғаразли мақсадларга тезроқ ва кенгроқ эришишга бўлган ҳаракатлар сезиларли даражада кучайди. Айниқса, ёшларимизнинг онгини заҳарлаш, улар орасида турли бузғунчи фикрларни, сирти ялтироқ, аммо ботини фасодга тўлган ғояларни тарқатиш учун интернетда кўплаб саҳифалар, ижтимоий тармоқларда турли каналлар, матнлар, овозли ва тасвирли лавҳалар жойлаштирилмоқда. Сир эмаски, бугун медиа маконда маданиятсизлик, ахлоқсизлик кўринишлари, миллатимиз маънавиятига зид бўлган ғоялар кенг тар-ғиб этилмоқда. Бу билан кимлардир ўзларининг ғаразли манфаати йўлида миллий ва диний қадриятларимизга, халқимизнинг эзгулик ҳамда яхшиликка хизмат қилувчи ўзига хос, умрбоқий анъаналари илдизига болта уришга уринмоқда.

Бундай вазиятда Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, биз, зиёлилар томошабин бўлиб қараб туришга ҳақимиз йўқ. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ёт ва бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаш, уларни турли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз зарур.  Бу борада ўқувчи ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш, билиб-билмасдан турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик юзасидан умумпрофлактик тадбирларни, замонавий усул ва методларни, илғор ва самарали тарғибот ишларини олиб борамиз. Шунингдек, халқаро интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ғаразли ахборотлар, ҳаётимиз зийнати бўлган одоб-ахлоқимиз, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатадиган бузғунчи акциялар, ёшларни залолатга бошлайдиган жирканч тасвир ва медиа маҳсулотларга қарши маҳсулотларни тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўряпмиз. 

- Айрим ёшларимиз орасида "Ватанпарварлик нима ўзи, у қандай тушунча?" қабилидаги саволлар пайдо бўлиб, юрт ҳимоясига шай ёшларнинг сафи бироз камайиб бораётгандек назаримда. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? 

- Ҳозирги мураккаб даврда, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш чиндан ҳам энг муҳим вазифалардан бирига айланиб бормоқда. Тўғрисини айтганда, ҳали бу борада қилинажак ишларимиз бисёр. Яқинда бир ёшлар вакили маҳалласидан 10 нафар ёшларни туман мудофаага ишлари бўлимига олиб келганлиги, лекин улардан атиги иккитаси мажбурий ҳарбий хизматга боришга истак билдиргани, қолган саккиз нафари эса турли баҳоналар билан армияга бормаслик йўлларини топганлигини куйинчаклик билан айтиб берди. Бундай ор-номуссизлик, шарафсизлик айрим йигитларимиз табиатига қаердан ва қачон кириб келишга улгурди? Ахир оталаримиз, акаларимиз мактабни тамомлаб, энг аввало, ҳарбий хизматга тайёргарлик кўришган-ку?! Маҳаллада армияга бормаган экан, деб айрим ота-оналар хатто қиз беришга иккиланишган-ку?! Албатта, бу саволлар оғир саволлар. Буюк тарихимиздан ҳам маълумки, Ватанни севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилишда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг шонли анъаналари бор.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ватанни севиш ва уни асраш борасида шундай дейди:"Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. ...Агар бир ҳайвон ўз ватанидан-уюридан айрилса, ўз еридаги каби роҳатда яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар." Ватанпарварлик туйғуси, аввало, инсонда юртга нисбатан ички ва ташқи хавфларнинг олдини олишда мустаҳкам иммунитет шаклланишига хизмат қилади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун курашда ташаббускор бўлиш, тинчликни кўз қорачиғидек асраш, унга фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.

- Сиз ҳозир сўзларингизда ватан ва миллат озодлиги йўлида курашиб, бу йўлда қатағонга учраган жадид боболаримиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтдингиз. Жадидлар меросини ўрганиш ёшларимизга нима беради?

- Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида Давлатимиз раҳбари "Нима учун бобоси Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган бўлса, дарвозаси тепасига "Бу ерда уруш иштирокчиси яшаган" деб ёзиб қўямиз-у, бобоси жадид бўлса, ёзмаймиз", деди. Дарҳақиқат, жадидларнинг орзуси ўзликни, миллатни таназзулдан чиқариш, илғор халқлар қатори жаҳон маданияти тизимидан жой олиш, ўз маданиятини дунё оммасига танитишдан иборат эди. Улар мамлакат тараққиёти учун илм-фан, маориф энг биринчи зарурат деб ҳисоблашди. Президентимиз таъкидлаганидек: "Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур". 

Уйғониш чақириғи, ўзликни англаш туйғуси, истиқлол учун кураш йўлининг бош қаҳрамонлари бўлган жадид боболаримиз маънавий-маърифий, адабий-илмий, моддий-техникавий соҳаларда янгиликка интилиб яшашди. Улар мустамлака шароитда, ҳукмрон сиёсий мафкура доирасида қолоқликдан қутулишнинг ягона йўли - миллий онгни ислоҳ этган ҳолда, анъанавий маданиятни дунё маданияти тизимида қайта кўриб чиқишда эканини англаб етганлар. Жадид боболаримиз, энг аввало, одамлар онгида ўзига хос ўзгариш ясашнинг уддасидан чиқа билди. Янги жадидлар адабиёти, янги драматургияга асос солди. Туркистонда биринчи театрни ишга туширди. Таълимнинг янги шаклларини яратди. Улар, эҳтимол, кичик кўринишда бўлгандир, аммо бутунлай янги маданият яратди.

Шу боис уларнинг "Тилда, фикрда, ишда бирлик" деган эзгу ғояларини яна майдонга олиб чиқиш ҳамда халқимиз озодлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида қилган фидойиликларини тарғиб этиш мақсадида бундай улуғ одамлар туғилиб яшаб ўтган уйларнинг дарвозаси (эшиги)га,ҳаммага кўринарли жойларида "Жадид яшаган, бу хонадоннинг бобоси жадид бўлган", деган ёзувларни (ёдгорлик лавҳаларини) ташкил этишимиз зарур.

Бу борада туманимизда ҳам дастлабки ишларга қўл урганмиз. Жумладан, Туркистон мухториятининг маориф вазири бўлган, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳбарларидан бири, косонсойлик Носирхон тўра Саид Камолхон тўра ўғли яшаган Сойча маҳалласидаги кўчалардан бирига у кишининг номларини бериш, бу улуғ инсон яшаган хонадонда уй-музейни ташкил этиш бўйича дастлабки таклифлар тайёрланди.

- Умуман бугун ёшларимизнинг аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни ўрганишга муносабати қандай?

- Жуда ўринли ва шу билан бирга оғриқли саволни ўртага ташладингиз. Тўғрисини айтганда, бугун биз аждодларимизнинг фақат номи билангина мақтанадиган авлодга айланиб қолаяпмиз, десам, ёлғон бўлмайди. Бугун аҳоли, хусусан, ёшларимиз билан ижодий мулоқотлар ўтказганимизда, аждодларимизнинг таваллуд саналари халқимизга ёд бўлиб кетганини кўриб, қувонасан киши. Бироқ уларнинг илмий, бадиий, маънавий мероси ҳақида гап кетганда, аксарият юртдошларимиз жавоб беришга қийналишларининг гувоҳи бўламиз. Аслини олганда, Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар пойдеворига тамал тошини қўйган, дунёда "Иккинчи муаллим" дея эътироф этиладиган Абу Наср Фаробийнинг илмий-маърифий, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг диний-маърифий мероси, Абу Али ибн Синонинг тиббиётга оид ёки Мирзо Улуғбекнинг астрономияга доир кашфиётлари, Ҳазрат Навоийнинг мумтоз адабиётга оид асралари нафақат миллатимиз, балки курраи заминда яшаётган барча халқлар цивилизацияси, маданиятидан ўрин олган бебаҳо маънавий мерос ҳисобланади.

- Бугун нима учун айрим ёшларимиз ана шундай буюк меросдан аста-секин йироқлашиб бормоқда? Уларни шундай маънавий бебаҳо неъматга ошно этиш учун нима қилишимиз керак?

- Аввало, шуни айтишим мумкинки, бугун ёши катта юртдошларимизга бугун ёшлар нима учун китоб ўқимай қўйди, дея савол билан мурожаат қилсак, уларнинг барчалари "Интернет ривожланиб кетди", "Ёшларнинг қўлида телефон" ёки "Яхши китоблар йўқ" қабилида бир хил жавоб берадилар.  Кейин мен яна иккинчи савол билан яна мурожаат қиламан: "Ўзимиз охирги марта қачон, қайси китобни ўқидик ва оила аъзоларимиз билан муҳокама қилдик?".

Афсуски, бу саволларга жавоб топиш мушкул. Биз осонгина айбни ёшларимизга ағдариб қўйишга ўрганиб қолдик. Ахир фарзандларимиз уйида, кўчада, жамоат жойларида китоб ўқиётган юртдошларига кўзи тушмаса, қаердан ҳам  ўргансин. Уйида ота телефондан, она турли "бемаза" сериаллардан бўшамаса, боланинг тафаккурига фақат шу манзараларгина муҳрланиб қолаётган бўлса, ундан китобхонликни қаердан ҳам сўрайлик.

Халқимизнинг суюкли ёзувчиси Назар Эшонқул китобхонлик ҳақида шундай дейди: "Китобнинг фазилати ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Битта қиёс. Ўзбе-кистонда бир йилда қанча китоб ўқиляпти ва қанча гўшт ейиляпти? Рақамларни таққосласангиз, саволингизга ўзингизга жавоб топасиз... Агар оилада гўшт тугаса, унинг ўрнини тўлдиришнинг йўли изланади, қарз олиб бўлса ҳам, бирор чораси қилинади. Китобга-чи?".

Шунинг учун, бугун биз олдимизда турган бу каби муаммони ўзимиздан бошлаб, мутолаа маданиятини шакллантириш орқали бартараф этимишимиз мумкин.  Халқимиз, айниқса, ёш авлодни бобокалонларимиз, азиз-авлиёларнинг бебаҳо мероси билан чуқурроқ таништириш аждодларга ҳурмат туйғусини янада ривожлантиришда, ўзликни англашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.