Доно халқимизда "Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар", деган доно нақл бор. Биз илм-фанни ҳурмат қилувчи халқмиз. Дарҳақиқат, шундай. Бежиз аждодларимиз бот-бот "Бешикдан қабргача илм изла", "Илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрган", "Илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарз" ҳикматларини такрорлаб келишмаган.

Муқаддас динимизда ҳам илм-маърифатни қунт билан ўрганишга алоҳида эътибор берилади. Яратган эгам қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топишни икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.

Илм билан ислом айрилмас бир бутунликдир. Ислом дини ҳар қандай йўл ва сабаб билан илм ўрганишни буюради.

Илм олмоқ тинмай ўрганиш ва интилиш маҳсулидир. Илм олиш барчага баробар. Жумладан, аёл ва қизларга ҳам илм олиш фарздир. Айниқса, ҳозир жамиятнинг ярмини хотин-қизлар ташкил қилган пайтда уларни илмсиз қолдириш асло мумкин эмас. Қизларимизни, албатта, ўқитишимиз керак. Улар билимсиз бўлса, оилада фарзанд тарбиясида қийналади. Аёллар одобли бўлишса, янги авлод камолоти шу қадар юксакликка чиқади.

Ҳозир давлатимиз томонидан болаларимиз боғча ёшидан чет тилларни ўрганиши учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Жумладан, янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Мисол учун, сўнгги беш йилда 47 та янги олий таълим муассасалари, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, улар сони 125 тага, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 25 фоизга етди. Ёшларимиз диний таълим олишлари учун ҳам махсус билим юртлари очилди. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимиз келажаги учун қилинаётган ғамхўрлик намунасидир.

Демак, ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси, уларни илмли, жамиятга, оиласига етук инсон қилиб тарбиялашга масъул. Охиратда ҳам айнан улар фарзанд тарбиясидан сўралишини ёддан чиқармаслигимиз керак. Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришишини, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин!

Заҳрохон ҲОЖИХОНОВА, Учқўрғон МФЙ 

отинойиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.