Хотира - ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр - инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Шунинг учун ҳам хотира ва қадрлашнинг мазмун моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам. Ҳар бир халқнинг тарихий хотираси маданий маънавий даражасига кўтарилгандагина, улуғ инсоний туйғуларга хизмат қилади.

Тарихни ўрганишда илмий тадқиқотларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро ватанимиз тарихини холисона, ҳар қандай мафкуравий тазйиқсиз, зафарли ва тушкунлик йилларини яширмасдан  халққа етказишда тарих фани тадқиқотчиларининг, музейларнинг хизмати каттадир. Косонсой тумани тарих  музейи  директори  Муҳаммадхон  АКРАМОВ  билан  суҳбатимиз  шу  хусусда  кечди.

- Инсоният тарихида жуда қадим замонлардаёқ бунёд этилган тарихий хотира маданияти ўйғоқ одамларнинг машаққатли меҳнатлари, тортган азоблари эвазига юзага келган, - деб  сўзини  бошлади  М. Акрамов. - Улар миллатлар, мамлакатлар ўтмишидан ҳикоя қилиб, асрлар давомида башарият учун тарихий, маънавий ва моддий манба вазифасини бажариб келмоқда.

Тарихий хотирани шакллантириш, уни ривожлантириш ва ҳозирги ўсиб келаётган авлод қалбида миллий ғурур туйғуларини шакллантириш вазифасини амалга оширишга интилаётган масканлардан бири, бу Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи  филиали - Косонсой  тумани  тарих  музейи  ҳисобланади.

Халқимизнинг узоқ ўтмиши тарихида озодлик ва мустақиллик учун аждодларимизнинг олиб борган кўп йиллик матонатли курашини ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш юртимизга тажовуз қилган босқинчиларга қарши мардона кураш олиб борган ҳамюртларимизнинг кўрсатган мислсиз матонат ва жасоратини ҳар томонлама кенг намойиш этиш асосий  мақсадларимиздан  бири  ҳисобланади.

Қарийб уч минг йиллик давлатчилик тарихини бошланишидан то ҳозирги кунимизгача бўлган  даврда  халқимизнинг мустақиллик, озодлик, ўз ватанини чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиш жараёнида кўрсатган жасорати, фидоийлиги, ватанпарварлигини акс эттирувчи  манбаларимиз ( материалларимиз) оз  эмас.

Фарғона водийсида хусусан, туманимиз ҳудудида яшаб ўтган ўз Ватани ва халқининг озодлиги учун мардонавор кураш олиб борган ҳамюртларимизнинг  жасоратини кўрсатувчи экспонатлардан иборат кўргазмалар изчил ташкил этилмоқда.

Юртимизда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши олиб борилган халқ ҳаракатлари, қўзғолонлари кўринишларидан иборат экспозиция ташкил этиш, ХХ асрнинг биринчи ярмида (1917 йилдан) собиқ шўролар тузуми исканжасига тушиб қолган ўзбек халқининг истиқлол учун олиб борган курашини ёритиб берувчи материаллар (фотосуратлар, турли ҳужжатлар ва шу кабилар)  фойдаланган ҳолда кўргазмалар ташкил этиш ҳамда шу мавзуга оид рассомчилик асарларини ҳам намойиш этиш изчил  йўлга  қўйилмоқда.

ХХ асрнинг 30-40-йилларида Ўзбекистонда мустақиллик ва истиқлол ғояларини илгари сурган ватандошларимизнинг қатағон сиёсати қурбонлари бўлган вакиллари тўғрисидаги материаллардан иборат стендлар ташкил этганмиз. 1939-1945 йилларда содир бўлган энг даҳшатли ва қирғинбарот  воқеа - Иккинчи жаҳон уруши даврида  косонсойликларнинг уруш жанггоҳларида ҳамда фронт ортида кўрсатган мислсиз жасоратларини ҳар томонлама акс эттирувчи фотосуратлар, турли ҳужжатли материаллар, уруш даврига оид рассомлик асарлари, китоблар, Қизил Армия жангчиларининг буюм ва ашёларидан фойдаланилган ҳолда  кенг қамровли стендлар ҳамда кўргазмаларимиз  томошабинлар  эътиборини  тортмоқда.

Урушдан кейинги тикланиш, халқ хўжалигининг тинч қурилиш ишларини изга солиш жараёнида ҳамюртларимизнинг кўрсатган жасоратлари ҳамда меҳнат шижоатларини ифодаловчи,  ХХ асрнинг 80-90-йиллари Ўзбекистонда мудҳиш  "Пахта иши", "Ўзбек иши"  деб номланган янабир қатағон сиёсатининг қурбонлари ҳақида маълумот берувчи турли ҳужжатлар, газета ва журналларда ёритилган мақолалар ёки уларнинг фотонусхалари, воқеаларни акс эттирувчи китоб асарлари ва бошқалардан иборат кўргазма яратганмиз.

Ўтган асрнинг 79-89 йилларида Афғон урушида иштирок этган ҳамюртларимиз тўғрисидаги хужжатлар, фотосуратлар ва стенд ташкил қилганмиз.

- Дунёда глобрал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шундай эмасми?

- Албатта. Бугунги кунларгача биргина Косонсой туманидан икки  юзга  яқин қатағон қурбонлари аниқланиб, улар ҳақида маълумотлар йиғилди.   Музейимизда ташкил этилган  кўргазмада ўтган асрнинг 30-80-йилларида қатағонга  учраб, отилган, қамоққа олинган, сургун қилинганлар тақдири  ҳақида ҳикоя қилувчи  экспонатлар жой олди.

Янги Ўзбекистонни шакллантириш жараёни кечаётган юртимизнинг бугунги тараққиёт босқичида жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳавас қилса арзийдиган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, юртимиз тарихининг бузилган, сохталаштирилган, халқимиздан яширилган саҳифаларини тиклаш, тадқиқ этиш, тарихий адолатни юзага чиқариш, ана шу тарих билан халқимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик, Ватан тақдири ва тараққиёти учун садоқат руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз ташаббуси билан тарихимизнинг ўрганилмаган саҳифаларини яратиш борасида олиб борилаётган ташкилий, ғоявий, амалий ишлар биз, музей ходимлари, тарихчилар, адабиётчилар, илм аҳлларини илҳомлантирмоқда, янги янги мавзулар бўйича тадқиқот ишлари олиб боришга даъват этмоқда, бунинг учун зарур ташкилий ва амалий шароитлар яратилмоқда. 

Президентимизнинг  "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  фармойишида белгиланган  вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тарихда биринчи марта 2021 йилнинг 25 август куни совет даврида қатағон қилинган 115 нафар шахсни оқлаш юзасидан 6 та жиноят иши кўриб чиқилди. Ана шу ишлар орасида қатағон қурбонларидан бири, ўз даврида Туркистон Мухторияти халқ маорифи вазири бўлган Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғли Косоний ва унинг фаолияти билан боғлиқ иш ҳам кўриб чиқилди. 

Носирхон Тўра Сайид Камолхон тўра ўғли йирик уламо, таниқли жадидчи-маърифатпарвар, ўз даврининг обрў-эътиборли кишиларидан бўлган. У Бухоро, Қобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларидаги диний таълим даргоҳларида сабоқ олган. Наманган шаҳар қозиси бўлган. "Шурои исломия" ташкилотининг Наманган шўъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси, Туркистон ўлка мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини ўтказишда фаоллик кўрсатган.

Ўлкада совет ҳокимияти ўрнатилгач, қамоққа олиниб, Оренбургга сургун қилинади. Қатағон қилинган Носирхон Тўра Саид Камолхон тўра ўғли 1931 йилда қамоқда вафот этади.

Суд жараёнида Носирхон Тўра Камолхон тўра ўғли иши бўйича жавобгарликка тортилган 92 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг оқлов ҳукми чиқарилди.

- Иккинчи  жаҳон уруши йилларида халқимизнинг маънавий кучи, иймон-эътиқоди, қатъий ишончи, инсонпарварлиги, Ватанга меҳр-садоқати ва муҳаббатининг нақадар буюклигининг кучи намоён бўлди. Асрлар ўтади, замонлар ўтаверади, айрим воқеалар эсдан чиқар, бироқ халқимизнинг уруш ва фронт ортидаги ғалабани таъминлашдаги кўрсатган қаҳрамонликлари ва меҳнат жасоратлари тарихда асло унутилмайди...

-Худди  шундай. Ўтган асрнинг мудҳиш воқеаси Иккинчи жаҳон уруши халқимизнинг бошига не-не кулфатлар келтирмади. 1939-1945 йиллардаги бу қонли урушда биргина Косонсойдан беш  мингдан ортиқ киши уруш жангоҳларида қон кечди, уларнинг қарийб ярмига она қишлоғига  қайтиш насиб этмади.

Халқимизнинг бу жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда. Вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Иккинчи жаҳон уруши 1939 йилнинг 1 сентябрида бошланган бўлиб, 1945 йил 2 сентябрда тугаган. Етти йил давом этган инсоният тарихидаги энг қонли, энг даҳшатли урушда Ўзбекистондан 1 миллион 433 мингдан ортиқ киши қатнашган. Минг афсуски,  қарийиб ярим миллион кишига урушдан қайтиш насиб этмади.

Косонсой шаҳрининг Чорбоғ маҳалласи "Саховат" кўчасида мўъжаз масжид бор. Миллий, исломий, замонавий меъморчилик намунаси асосида барпо этилган ушбу масжид "Абдулаҳайхон" номи билан аталади. Бу косонсойликларнинг пўлатдек мустаҳкам иродага, бутун борлиғи, ҳаётини халқ соғлиғини сақлашга бағишлаган инсон, иккинчи  жаҳон  уруши  қатнашчси Абдулаҳай ота Раҳмонов хотирасига юксак эҳтироми  рамзидир. 

Косонсой тиббиёти тарихида муносиб из қолдирган бу инсон "Чечакчи"  "Махсум табиб" номи билан наинки туман, балки вилоят ва республикада машҳур бўлган. Абдулаҳайхон  ота Раҳмонов 1910 йилда Косонсой туманининг Чорбоғ маҳалласида дунёга келди. Ота-онасидан барвақт етим қолган Абдулаҳайхон 1890 йилда туғилган акалари Эшонхон, 1893 йилда таваллуд топган опалари Ойимхон қарамоғида катта бўлди. Эшонхон бобо ва Ойимхон момолар уруш даҳшатларини бошқалардан кам кўришмаган. Айниқса, севимли укалари Абдулаҳайхон билан 14 йиллик айрилиқ азоби уларнинг қаддини букди. Аммо ака-сингил бу мусибатларнинг сабр ва қаноатлар билан енгишди. Қалбларида Абдулаҳайхоннинг эсон-омон уйга қайтишига умидлари асло сўнмаганди ва бунга ишонарди.

Чунки Абдулаҳайхон болалигидан зеҳни ўткирлиги, ғайритабиий қобилияти билан бошқа тенгқурларидан фарқ қиларди. Кўп қитоб ўқирди, кирилл, лотин, арабий имлодаги китобларни ҳам шариллатиб ўқир эди.

"Менинг укам катта бўлса, олим бўлади", дер эдилар ҳамиша Ойимхон буви. Ниҳоят орзиқиб кутилган дамлар келди. Ногиронлик аравачасида бўлса-да, Абдулаҳайхон уруш  ногирони  сифатида  уйига қайтди. 14 йиллик айрилиқ азоби барҳам топиб, Эшонхон ва Ойимхонларни бағри тўлди.

  Абдулаҳайхон махсум урушдан икки оёғи ишламайдиган бўлиб қайтган бўлса-да, севимли касбларида ишлашни давом эттириш билан бирга, тинмай ўз устларида ишладилар, билимларини ошириб бордилар. Шу билан биргаликда, бошқаларни ҳам ўкиб-ўрганиб, чуқур билим эгаллашига даъват қилдилар.

Жасорати  тилларда  достон  бўлган  яна  бир  ҳазрати  инсон Ҳабибулло Тошматов эдилар. У киши 1924 йил 1 май куни Косонсой тумандаги Косон ҚФЙнинг Қалампирсотар маҳалласида колхозчи оиласида, Ташмамат ота ва Ҳуснижон буви хонадонида туғилган.

Бор-йўғи 8-синфни битирган Ҳабибулло Тошматов эндигина 18 ёшга қадам қўйганида, 1942 йили урушга сафарбар этилди. Шу йилиёқ Смоленцк остонасидаги жангларда мислсиз жасорат кўрсатди. Урушда туб бурилиш ясаган Курск жангларидан сўнг бутун Европани фашизм зулмидан халос этишда фаол қатнашган Ҳабибулло  Тошматов урушдаги жасорати учун бир неча  орден ва медаллар билан тақдирланди. Афсуски, қора урушнинг касофати навқирон йигитни бир умрга ногирон қилиб қўйди. 1944 йилда икки оёғидан ажралган Ҳабибулло Тошматов она юрти Косонсойга қайтди.

Инсон иродаси пўлатдай мустаҳкам эканлигини ?абибулло ота мисолида кўришимиз мумкин. У  ногиронлик аравачасига михланиб ўтириб қолмади, аксинча, тиззаси билан юриб бўлса-да ҳаётга, одамлар орасига қайтди.

Икки оёқсиз, тизза билан юриб, Қалампирсотар маҳалласидан колхоз марказига қатнаб, бир неча йил ҳисобчи бўлиб ишлади. 15 йил мактаб, 20 йилдан зиёд вақт туман марказий кутубхонасида ёшларга илм ва маърифат улашди.

1983 йил меҳнатлари муносиб рағбатини топиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига сазовор бўлди. Ҳабибулло отага қишлоқнинг сулув қизларидан бири Зубайражон бир умр ҳаммаслак бўлди. Улар 7 нафар фарзандни камолга етказдилар. Таниқли ёзувчи Ҳамид Тожибоевнинг "Зори солдатские" ("Аскар тонглари") ва "Ирода" номли қиссаларида Ҳабибулло Тошматовнинг ҳаёти ва жанговар йўли ҳақида ҳикоя қилинади.

Туманимиз  тарихи хазинасига айланиб бораётган Косонсой тарих музейида сақланаётган  экспонатлар  сони  ўн  мингтага  яқинлашиб  қолди.  Улар орасидаги турли йилларда нашрдан  чиққан газета таҳламларининг ўрни ва аҳамияти катта. Улардаги манбалар тарихимиз ҳақида суйлайди. Мана масалан, туманимизнинг бош нашри "Косонсойнома"нинг  турли йилларда турли номларда  чиққан нашрлари  экспонатлар орасидан  жой  олган. Газетанинг 30-йиллардаги нашрларидан бирида собиқ  тузум давридаги  коллективлаштириш сиёсати, бу жараёнда халқимизнинг иштироки ҳақидаги мақолалар, факт ва рақамларга дуч келамиз. Иккинчи жаҳон уруши давридан сақланиб қолган  газета парчасида косонсойликларнинг фронтга ёрдами ҳақида батафсил танишишимиз мумкин.

Буни қарангки, газета деб аталмиш босма нашрнинг  бир парчаси ҳам  бой тарихимизни янада  чуқурроқ ўрганишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун мустақил юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида газеталаримиз ижодкорлари тўлқинланиб ёзишмоқда. Ана шундай ўтаётган ҳар бир кунимиз тарихга муҳрланмоқда. Бунда газеталарнинг роли ва ўрни нақадар аҳамиятли эканлигини келажак авлодларимиз шубҳасиз, тушуниб етишади.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.