Инсон - ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш - халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир.

Наманган вилояти божхона бошқармасида кечагина шогирдларига ҳам устоз, ҳам онадек, ҳам опадек меҳрибон бўлган Мукамбархон опа Халилова бугун ҳамкасблари орасида йўқ. Бешафқат ўлим уни бу фоний дунёдан боқий дунёга олиб кетди.

М. Халилова 1973 йилда Чиндовул қишлоғида туғилган. Ёшлигидан иқтисодга, хусусан иқтисодий географига қизиқиши юқори бўлганлиги учун у Наманган давлат университетига ўқишга кирди. Олий даргоҳни тамомлагач, дастлаб  туманимиздаги 20-ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлади. Форма кийиб, эл хизматида юриш истаги кейинчалик уни божхона соҳасига етаклади.

Серғайрат аёл 1998 йилдан 2022 йилгача Наманган вилояти божхона бошқармасида турли лавозимларда ватан хизматида бўлди. Вилоятимизнинг чегара ҳудудларидаги "Косонсой", "Учқўрғон", "Поп" ва "Наманган аэропорти" чегара божхона постларида бир неча йиллар республикамиз иқтисодий хавфсизлигини қўриқлашда, контрабанда ашёларини - қурол-яроғ, наркотик моддалар, экстремистик мазмундаги материаллар, маданий бойликлар ва ноқонуний товарлар кириб келишининг олдини олишда туну-кун, ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг қаҳратонида, байрам ва дам олиш кунларида ҳам хизмат қилди.

Божхона хизмати майори унвонигача эришган М. Халилова ҳамкасбларига нафақат божхона соҳасида, балки оилавий муносабатлар, фарзанд тарбиясида, ёш аёл ходималарга рўзғор юритиш, қайнона-келин муносабатларида ҳам устозлик қилди.

М. Халилова намунали хизматлари учун йиллар давомида бир неча бор ташакукурнома, фахрий ёрлиқлар ва турли кўринишдаги мукофотлар билан тақдирланди. 2021 йилда эса "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, ҳар қайси элнинг бағрикенглиги ва олийжаноблиги олиб бораётган эзгу амаллари қаторида, ҳалқига, инсонларига кўрсатаётган эътибори билан баҳоланади. Бу юртда инсонлар ана шундай толега эга. Унда  ҳар бир кишининг жамиятда муносиб ўрни бор. Албатта, кечаги кун сабоқларини олиш, халқимиз келажаги йўлида фидоийлик кўрсатган инсонларни борида қадрлаш, ўтганларни ёд қилиш, ҳаётимизни эзгулик нури билан ёритиб, бугунги кунида қадрига етишга чорлайди.

Музаффар АБДУЛЛАЕВ,  "Косонсой" чегара божхона пости бош инспектори, божхона хизмати майори.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.