Тан олиш керак, мамлакатимизда яратилган қулай шароитлар туфайли ёшларимиз илм-фан, спорт, касб-ҳунар, қўйингки, халқ хўжалигининг барча соҳаларида бемалол ўз қобилиятларини, истеъдодларини намоён қиляптилар. Уларни кўриб, ҳавас қиласан.

Афсуски, шундай ёшларимиз ҳам борки, умрини беҳуда ишларга сарфлаб, ё илм ўрганмайди ёки бир касбнинг бошини тутмайди. Улар орасида ўқув қуролларисиз, ўқувчилар формасисиз мактабга келадиганлари, аммо уяли алоқа воситасини ҳеч қачон эсдан чиқармайдиганлари ҳам бор. Уй вазифасини айтмай қўяверинг. Мабодо сўраб қолсангиз, устозга шундай қарайдики... қўрқиб кетасиз. Камига гап қайтариб, устозни зиёли бўлганига пушаймон қилдиради. Ахир педагог ўқувчини нурли келажаги учун етакловчи шахс-ку?! Шогирдининг ютуғидан кўкларга парвоз қиладиган, шогирдига тикан кирса, бутун вужуди яраланадиган устознинг қадри шуми?!

Айрим йигит-қизларнинг бетгачопар, маъсулиятсиз, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлмаслигига нима сабаб? Авваллари "Бир болага етти маҳалла ота-она", деган ажойиб удудмга амал қилинар эди. Бобожон, бувижонлар набираларини олдиларига олиб, одамийлик, яхшилик, эзгулик, ҳалоллик поклик ҳақида чиройли мисоллар билан насиҳат қилишарди. Бугунги кунда яшаш шароитимиз кундан-кунга яхшиланиб, тинч-осойишта юртда умргузаронлик қила туриб, инсоний бурчларимизни унутиб қўяётганимиз ачинарли. "Сен менга тегма, мен сенга" қабилида иш тутишга ўтиб олдик. Ахир мактабда устозини ҳурмат қилмаган боланинг қўни-қўшни, қариндош-уруғни ҳурмат қилишига ким кафолат беради?

Яна бир ачинарли ҳолат. Мактабга синф йиғилишига таклиф қилсангиз, ота-оналарнинг вақтлари йўқ, ишлари кўп бўлади, лекин фарзандини айби учун озгина танбеҳ берсангиз, ота-она мактабда ҳозиру нозир. Бечора устозни ҳақоратлаб, камига мактаб директорига кириб, ишдан бўшатишларини сўрайди.

Дунёдаги энг машҳур психологлар тажрибасидан келиб чиқиб айтади: ,,Сен болангни тарбиялашга уринма, сени ҳар бир ҳаракатинг фарзандинг учун ойна". Демак, тарбиянинг асосий ўчоғи - бу оила. Шу даргоҳда тарбияга жиддийроқ эътибор берсак, ҳаммамиз учун ҳам яхши бўлади. Чунки бугун айрим ота-оналаримиз дунёнинг ишларини деб, фарзандлар тарбиясига бефарқ бўляптилар. Ваҳоланки, фарзанд тарбияси ҳар нарсадан муҳимдир. Зеро, келажагимиз пойдевори - бугунги ёшлар ҳисобланади.   

Ибодатжон МАМАДАЛИЕВА,

2-мактаб ўқитувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.