Республикамизда одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмлаш ташкил этилмоқда. Бу нима учун керак?

Одам папилломаси вируси инсон терисига ёки тананинг турли қисмларига, жумладан, бачадон шиллиқ қаватларига шикаст етказади. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонидан ҳар йили 1660 нафар аёллар азият чекар экан. Мазкур касаллик билан йилига 585 нафар, яъни, касалланганларнинг 50 фоизида ўлим ҳолати кузатилмоқда. Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш бачадон бўйни саратонига чалинишнинг 90 фоиз ҳолатда олдини олишга имкон беради. Ушбу вакцина организмда вирусга қарши таначалар ишлаб чиқаради. Эмлашнинг энг яхши даври 9-10 ёш бўлган вақт ва айни шу ёшда қизларда иммунитет шаклланади.

Бошқа вакциналар каби мазкур вакцина ҳам баъзан енгил ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолатлар бир кундан кўпга чўзилмайди ва хавф туғдирмайди. Ҳозирга қадар Жаҳон Соғ-лиқни Сақлаш Ташкилоти ва бошқа идоралар томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари мазкур вакцинанинг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда.

Қизларимиз келажакда соғлом авлод яратишлари учун болаликдан саратондек хавфли касалликдан ҳимояланишлари жуда муҳим. Шундай экан, одам папилома вирусига қарши эмлаш кунларида фаол иштирок этайлик. 9 ёшли қизларни бу вакцина билан эмлаш тумандаги барча тиббиёт муассасалари эмлаш пунктларида амалга оширилмоқда.

К. АТАМИРЗАЕВ, туман СЭОМ эпидемиолог ёрдамчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.