Муборак Рамазон ойи ҳам якунланиб қолди. Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинки, тинчлик-осудалик таъминланган юртимизда бир ой мобайнида эмин-эркин ибодат қилиш учун барча шароитлар яратилган жомеъ масжидларида таровеҳ ва хатми Қуръон намозлари ўқилди. Эрта-индин қутлуғ айём - Рамазон ҳайитини нишонлаймиз. Мана шундай табаррук кунларда закот ҳақида бироз тушунча беришни лозим топдик.

Закот ибодати кишини дунё ва охиратда Аллоҳ таолонинг раҳматига етиштиради. Яратган эгам кўплаб ояти карималарида шунга ишора қилиб ўтган: "Эй, мўминлар! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз" (Нур сураси, 56-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло шундай дейди: "Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни (раҳматимни) тақвода бўлувчилар, закот берувчилар ва оятларимизга имон келтирувчиларга ёзажакман" (Аъроф сураси, 156-оят).

Албатта, Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратига сазовор бўлиш ўткинчи дунё ашёларига эришишдан кўра яхшироқ. Закот ахлоқ сайқалидир. У инсондаги бахиллик, хасислик хислатларидан халос бўлишига сабабчи бўлади. Унинг баробарида саҳийлик, ўзгаларга ғамхўрлик қилиш хислатларини ўзлаштиради. Закот  покловчилигининг маъноси ҳам шунда. У нафақат кишини гуноҳлардан тозалайди, балки ёмон ахлоқлардан ҳам халос қилади.

Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам закотнинг ушбу ҳикматига алоҳида урғу берганлар: "Молингдан закотингни (фақирларга) чиқариб бер. Чунки закот сени поклайди" (Имом Аҳмад ривояти).

Закот мол-мулкнинг қўрғонидир. Закоти берилган мулк - бойлик қамбағаллар ҳақидан покланади ва баракали бўлишига, кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади. Тобеинларнинг саййиди Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинади: "Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг", дейилган" (Имом Табароний ривояти).

Закот кишини Аллоҳга яқин бандалардан қилади. Закотини адо этадиган сахий мўмин банда закотини адо этмаган бахил бандага нисбатан Аллоҳ таолога яқин ҳисобланади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзаҳдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзаҳга эса яқиндир. Ўзи жоҳилу, бироқ сахий киши обид бўлса-да, бахил бўлган кишидан кўра Аллоҳга севиклироқдир", деганлар (Имом Термизий ва Имом Ибн Жарир ривоятлари).

Закот мол-мулкни камайтирмайди. Балки закоти берилган молни баракали қилади, купайишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир" (Сабаъ сураси, 39-оят).

Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан муборак Рамазон ойини кундузларини рўзадор, кечаларини хатми Қуръонларда қоим бўлиб ўтказдик. Ибодатларни осон қилгани, завқу шавқ бергани учун Раббимиз Аллоҳ субҳанаҳу таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Барчамиз беҳад хурсандчилик билан катта байрамлардан бири - Ийдул-фитр кунида ҳозир бўлиб турибмиз. Бу ибодатларга савоб олинадиган, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир. Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунлари мўмин мусулмонлар учун байрам этиб белгиланган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи васаллам: "Бу қандай кунлар?" деб сўрадилар. Улар: "Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик", дейишди. Шунда Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмашди", дедилар" (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги "фитр куни"дан мурод - Рамазон ҳайити кунидир. Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити кунларида ҳар бир мусулмон ўз хурсандлигини, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак.

Рамазон ойи давомида масжидда ибодат учун иштирок этиш, рўза тутиб, нафсидан устун бўлиш, хайру садақалар қилиш, чиройли хулқлар билан сифатланиш каби ишлар нақадар гўзаллигини ҳис қиламиз. Бу ойда ҳосил бўлган тақво ва чиройли хулқ келгуси Рамазон ойига қадар ҳам давомий бўлиши керак. Зеро, Рамазонда ғайрат қилиб, қолган ойларда ғафлатда қолмайлик. Чунончи, Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари доим очиқдир.

Қодирхон АЗИЗОВ, туман бош имом хатиби.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.