Президентимиз  Шавкат Мирзиёевнинг "Ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим", деган сўзлари жамоамиз учун дастуриламалдир. Дарҳақиқат, маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси ҳисобланади. У инсонни комиллик сари етаклайди. Китоб маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ, энг яқин дўст ва бебаҳо бойликдир.

Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техник базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар фаолият кўрсатмоқда. Соҳага оид қатор қонун ва қарорлар қабул қилинган.

Эндиликда аввалги оддий-анъанавий кутубхоналар ўрнини замонавий кўринишдаги компютер технологияларига асосланган ахборот-кутубхона марказлари эгаллади. Албатта, бу соҳанинг тараққиётига оид яратилган шарт-шароитлардир. Бундан биз, соҳа мутахассислари мамнунмиз.

Марказимиз мутахассислари томонидан "Кўчма кутубхона", "Мобил кутубхона", "Меҳр улашиб" каби лойиҳалар доирасида "Бир соатдан оилавий китоб ўқиш", "Мен китоб ўқишни севаман", "Мен фарзандимга китоб совға қиламан", "Биз оилавий ўқиймиз" каби акциялар ташкил этилган. Уларни ўтказишдан мақсад, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш, ҳар бир оилада маънавий онг, ҳар томонлама етук камолга эга бўлган инсонларни тарбиялашдир. Шу билан бирга, имконияти чекланган инсонларнинг уйларига бориб, улар билан суҳбатлашиб, янги келган адабиётлар билан таништириш жараёнида қизиқишларини инобатга олган ҳолда ўқиш учун китоблар тавсия этилмоқда.

Маҳаллалар ва мактабларда кўчма кутубхоналар ташкил қилинган, олис ҳудудларда ҳам кутубхонадан фойдаланиш имконияти йўлга қўйилган. Ахборот-кутубхона маркази энг сўнги русумдаги замонавий компьютерлар билан таъминланган, Интернетга уланган ва Wi-Fi зонаси ташкил этилган. Китобхонлар ўзларига зарур бўлган интернет маълумотларидан ва электрон китоблардан фойдаланиш имкониятига эга.

Ҳозирги кунда марказимизнинг умумий китоб жамғармаси 133 мингдан зиёд, улардан 72 мингга яқини бадиий адабиётлардир. Марказимизда электрон ресурслардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган. Илмий-маърифий, бадиий ва бошқа турдаги адабиётларнинг электрон шакллари китобхонлар сўрови асосида Ахборот-кутубхона марказининг ижтимоий тармоқларида ёритилиб борилмоқда.

     М. АЗАМОВА, туман Ахборот-

кутубхона маркази бўлими раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.