Яратганга  беҳисоб шукурлар бўлсинки, тинчлик-осудалик таъминланган юртимизда эмин-эркинликда яшаб келмоқдамиз. Инсонни улуғлаш,  ҳаётини  фаровон қилиш, ёшларга илм-маърифат бериш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиши шубҳасиз. Зеро, "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" олдидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида белгиланган вазифалар  шундан дарак беради.

Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг "Нажот - таълимда, нажот - тарбияда,  нажот  -  билимда", деган сўзлари аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди. Шу сабабли озод ва ҳур диёримизда илм, маърифатда дунёни лол қолдирган аждодларга муносиб авлодларни тарбиялаш, замонавий технологияларни жорий этишда илғорликка эришиш асосий мақсадларимиздан бирига айланган. Президентимиз 2023 йилда ўғил-қизларга сифатли таълим беришга эътиборни янада кучайтириш, ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш ҳақида долзарб вазифаларни белгиладилар ва улар айни пайтда рўёбга чиқмоқда.

 

Биз, диний идоралар вакилларининг бугунги кундаги вазифалари ҳар қачонгидан муҳим эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Аҳоли билан янада яқинроқ мулоқот олиб боришимиз, айниқса, ёшларни хавф-хатарлардан огоҳ  этишимиз  зарур. Бу ҳақда Юртбошимиз ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар: "Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига  сабоқ  берган  Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм  ва  экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми? Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз".

Давлатимиз раҳбари бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда фаол иш олиб боришимиз кераклигини уқтирдилар. Яъни муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканлари фаолиятини кучайтириш кераклигини айтдилар. Умид қиламизки, бундай вазифаларни ўзаро баҳамжиҳатликда  бажаришда ҳаммамизда куч ва имкониятлар етарлича. Фақат эътиборни тобора оширсак, жаҳолатга қарши илм-маърифат билан жавоб беришни уддаласак бўлди.

 Ҳошимжон ҚОРАБОЕВ, «Исломобод» жомеъ масжиди имом хатиби.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.