Ахборот асрида яшаяпмиз. Дунёнинг нариги четида юз берган воқеадан зум ўтмай, бутун олам аҳли хабардор бўлаяпти. Бу, албатта, яхши, лекин ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада тараққий этаётган замонда интернет, хусусан, ижтимоий тармоқларнинг яхши томонлари ҳам ошкор бўлмоқда.   

Шу билан бирга, Бутужаҳон Соғ-лиқни Сақлаш Ташкилоти интернетга муккасидан кетиш билан боғлиқ касалликлар кўпайиб бораётганлиги ҳақида ташвиш билан бонг урмоқда. Айниқса, онлайн-ўйинларга ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларга берилган ёшларнинг жамиятда ўз ўрниларини топишида, бошқалар билан муомалага киришишида муаммолар туғилаётгани алоҳида таъкидланмоқда. Бундай ҳолат эса "онлайн тобелик" касаллиги деган атамани йўлга қўйишни ва беморларни махсус дори-дармон ва муолажалар орқали даволашни талаб қилмоқда. Интернет муаммосига аллақачон дуч келган мамлакатларда ёшларни қандай қилиб бундай тобеликдан халос қилиш борасида бош қотирилмоқда.

Албатта, барчамиз бугун жаҳон ахборот тармоғи - интернетнинг фойдали томонларидан асло кўз юммаймиз. Чунки сизни қандайдир маълумот қизиқтирса, хоҳ у илмий-технологик, хоҳ тиббий-диагностик ёки оммавий-бадиий бўлмасин, "қидирув" деган ёзувни эзсангиз бас, истаганча маълумотни олаверасиз ёки дунёнинг нариги четидаги дўст-биродарингиз билан бемалол онлайн-мулоқотга киришаверасиз.

Ўзингизни қизиқтирган сайтни топиб, яна қўшимча ахборотлар билан танишишингиз ҳам мумкин. Қисқаси, мазкур ахборот тармоғи гўёки турли-туман кўчалардан иборат макон. Унда инсонга илм улашадиган кўча ҳам ва афсуски, уни йўлдан оздирадиган кўча ҳам мавжуд. Танлаш эса одамнинг ўзига ҳавола. Бу бир томондан яхши,  аммо энг ёмони ҳам шунда. Чунки интернет хизматидан фойдаланган ҳолда илм ўрганаман, деган инсон учун у чексиз имконият, хазина, кўнгилхушликка берилган ёки шаҳвоний ҳирс, бузуқликка мойиллиги кучли инсон интернетга кирса... бу бир бало! Ахир айни шундайлар учун бу маконда минглаб сайтлар фаолият кўрсатиб ётибди. Айниқса, тафаккури тўла шаклланиб улгурмаган ёш-ларни "оммавий маданият"нинг жирканч таъсирига оғдиришни кўзлаган гуруҳлар бундай имкониятдан ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун зўр бериб уринмоқда.

Энг хатарлиси, экстремизм, терроризм-га "ихтисослашган" сайтлар ҳам бугунги кунда ўғил-қизларни ўзларига оғдиришда жаҳон ахборот тармоғига таянмоқдалар. Бундайларнинг разил   ғоялари синг-дирилган маълумотлари тарқалишининг, уларни чеклашнинг ёки фильтрлашнинг эса иложи йўқ.

Шунинг учун ҳам бугун ёшларимизни интернетнинг зарарли таъсиридан сақлаш ҳақида қайта-қайта гапирилмоқда. Уларни азалий қадриятлар руҳида тарбиялаш, кўпроқ маънавий озуқа берадиган китобларни мутолаа қилишга ўргатиш тўғрисида сўз бораётир.

Биз фақатгина ота-боболаримиздан қолган маънавий мерос ва қадриятларни билиш, уларга амал қилиш билан чекланмасдан, замон билан, дунёнинг ривожланган давлатлари билан ҳамкор бўлиб, уларнинг илғор, миллий қадриятларимизга мос келадиган тажрибалардан фойдаланишимиз лозим. Бироқ, "замонавийман", дея кўкрагига урадиган ёшларни интернетнинг зарарли таъсирига тушиб қолишларига асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Чунки айни кунда дунёнинг қайсидир бурчида кимдир, кимлардир сиз билан бизнинг фарзандларимизни манқуртга айлантириш режасини тузиб, уни энг таъсирчан усуллар орқали амалга ошириш пайида бўлмоқда. Бу шунчаки гап эмас, аниқ исботланган далиллардир. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларига нисбатан асло бефарқ бўлмасликлари зарур.

Яқинда бир танишим 4-5 ёшли набираси интернетга уланишни ўзи уддалай олиши, ҳатто "Ютуб"да турли видеоларни мустақил топиб, томоша қилаверишини айтиб мақтанди. Бизнингча, аслида бу мақтанадиган ҳодиса эмас. Сабаби, мобиль телефоннинг инсонга бўлган  жисмоний зарари, айниқса, болалар саломатлиги учун хатарли бўлиши мумкинлиги ҳақида кўп ёзиляпти. Тиббиёт ходимлари уяли телефоннинг радиоактив нурланишга эга эканлигини аниқлаганлар. Бу эса нафақат, инсон саломатлигига, балки психологик ривожланишга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Телефонга мутассил боғланиб қолиш инсонда тафаккур жараёнлари пасайишига олиб келади. Бунинг оқибатида диққатни бир жойда тўплай олмаслик, сезгининг пасайиши, мустақил ва ижодий тафаккурнинг ривожланишига тўсқинлик ҳолатлари юзага келади. Телефондаги турли хил беҳаё расмлар, лавҳаларни кўриш оқибатида эса кўриш сезгисининг, наушниклар тақиб юриш  эшитиш сезгисининг пасайишига олиб келади ва ўз-ўзидан меҳнат фаолиятининг пасайиши юзага келади. Умуман олганда, асаб ва руҳият билан боғлиқ кўплаб муаммолар кузатилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълим-тарбия муассасаларидаги машғулотлар пайтида телефондан фойдаланиш тақиқланган.

Энди масаланинг маънавий жиҳатига тўхталсак. Интернетдаги  маънавий-ахлоқий хислатларни бузувчи, зўравонлик, шафқатсизлик, вахшийлик ва порнографик, шунингдек, сохта диний мафкурани тарғиб қилувчи, атрофдагиларни салбий ҳаракатларга ундовчи материалларни ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган, балоғатга етмаган болалар бемалол томоша қилса, оқибати нима бўлади? Бундай лавҳалар ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясига жиддий путур етказиши асло инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Ачинарлиси, бу ҳақиқатни ёшлар тугул, хатто айрим ота-оналар ҳам яхши англаб етмаяптилар.

Ҳар бир инсон учун ўзи туғилиб ўсган юрт азиз ва муқаддасдир. Бизларга бу борада бобо ва момоларимиз ибрат ҳисобланадилар. Чунки улар ўзлари туғилиб, вояга етган ота маконларини  севибгина қолмасдан, уни ардоқлаб ҳам яшаганлар. Ватанни саждагоҳ каби муқаддас билганлар. Лекин улуғ аждодлар авлоди саналган баъзи бир кимсалар киндик қони тўкилган юртига, уни вояга етказган халқига нисбатан хиёнат йўлини танлагани одамнинг нафратини уйғотади. Ҳа, минг афсуслар бўлсинки, орамизда кимларнингдир таги пуч ғояларига ишониб қолаётганлар ҳам учраяпти.   

Ўз Ватанидан чиқиб кетиб, ўзга давлатларда ҳар хил фитна-фасод уруғини сочаётганларнинг барчаси ёт ғоялар таъсирига илинувчан кимсалар аслида. Баъзиси қалам, баъзиси қурол билан ўз она диёрига қарши чиқаяптими, уларнинг онги заҳарланиб бўлган. Демак, биз фарзандларимиз тафаккури бошқа ёвуз ниятли гуруҳлар таъсирига учрамай  туриб, уларда эзгу ният ва мақсадлар   шаклланишига ҳаракат қилишимиз лозим. Алдовга учиб, гулдек ҳаёти дўзахга айланиши мумкин бўлган ёшларимизни асрашимиз, улар онгига тинчликпарварлик, ватанпарварлик ғояларини синдиришимиз  даркор. Хорижда туриб, қандайдир сайтлар орқали ўғил-қизларга  "диний билимлар" бермоқчи бўлганларга эса ҳеч қачон бепарво қараш керак эмас. Чунки бундайлар болаларимиз тафаккурини жаҳолатга тўлдиради, халқларни бир-бирига қарши қўйиб, миллатлар ўртасида адоватни алангалатади.

Хуллас, барчамиз огоҳ бўлайлик. Айниқса, глобаллашув даврида ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратайлик. Интернетдан эса болаларимизни фақат илм ўрганиш, дунёқарашни бойтиш мақсадида фойдаланишга ўргатайлик.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.