Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг янги йил арафасида Олий Мажлис ва Ўзбекистон  халқига  йўллаган Мурожаатномаларини телевидение орқали жон қулоғим билан тингладим ва газета орқали уни батафсил ўқиб ҳам чиқдим. Ўқитувчи бўлганлигим учун энг аввало, йилнинг номланишида "сифатли таълим", деган сўзлар жой олганлигидан ниҳоятда қувондим. Чунки Юртбошимиз Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг ҳикматли сўзларини келтирганларидек: "Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади".

Мурожаат аввалидаёқ таълим тизимида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши баён қилинди. Бу жараёнга депутат ва сенаторлар, маҳаллалар фаоллари жалб этилиши билдирилди. Менга, айниқса, давлатимиз раҳбарининг маҳаллий кенгашлар депутатлари мактаб директорлиги учун номзодлар танлашда иштирок этиши ҳақидаги фикрлари ниҳоятда маъқул келди. Чунки таълим-тарбия даргоҳи етакчилиги учун энг муносиб номзод танланса, бу ҳаммага бирдек маъқул бўлади. Сир эмас, ҳозиргача айрим мактаб дирекори номига мос келмайдиган шахслар ҳам мазкур лавозимда ишлаб келишди. Эндиликда халқнинг энг обрў-эътиборли, энг билимли ва ташкилотчи вакиллари қутлуғ даргоҳга бош бўлсалар, умид қиламанки, ҳамма ишлар кўнгилдагидек кечади.

Президентимизнинг 2023 йилда бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши ҳақидаги фикрлари ҳам барчамизга манзур бўлди. Зеро, боланинг саводини чиқаришда муҳим аҳамият касб этадиган бошланғич таълимнинг тизимда ўрни катта. Аввало, дарсликлар сифатли бўлиб, ўқитувчилардан ўғил-қизларга янада чуқур билим бериш талаб қилинса, нур устига аъло нур бўлади.

Таълим соҳасида бажарилиши лозим бўлган ўнлаб изчил вазифаларни айтар экан, Юртбошимиз: "Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти - айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман - сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар", дея педагогларга жуда катта ишонч билдирдилар. Аслида ҳозиргача ҳам биз учун барча шароитлар яратилаётганлиги, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлигининг ўзи зиммамизга улкан масъулиятни юклайди. Қолаверса, Мурожаатнома орқали тизимга, хусусан, ўқитувчи фаолиятига эътибор янада кучайиши таъкидланганлиги, менимча, биз, муаллимлар билдирилган ишончга муносиб фаолият кўрсатишимиз, жорий йилдан бошлаб таълим сифати билан боғлиқ ҳар бир вазифамизга изланувчанлик билан ёндошишимиз лозимлигини англатади. Муҳими, шунда келажагимиз эгалари  ҳисобланган ёшларнинг баркамол авлод сифатида шаклланишларига муносиб улуш қўшган бўламиз.

Ҳулкар ОЛИМОВА, 2-сонли мактабнинг

ижтимоий фанлар ўқитувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.