Қутлуғ Рамазон ойи ҳам якунланиб бормоқда. Оилалар ҳамда  маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган Рамазон ойининг фазилатлари ниҳоятда кўп. Бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук муддатда солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар қилишга интилишади: рўза ибодати билан нафс тарбияланади, ҳою-ҳаваслар жиловланади. Қуръони карим нозил бўлган Рамазонда рўза тутган инсон комил хулққа эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда эса  осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради.

Рамазон ойининг фазилатлари, рўза тутиш энг улуғ ибодатлардан экани борасида жуда кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Жумладан, Имом ат-Термизий келтирган ривоятлардан бирида  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди", деганлари баён этилган.

Шунингдек, Рамазон илм, маърифат, зиё ва ҳидоят ойи ҳам саналади. Шунинг учун қарийб бир ой мобайнида юртимиз масжидларида ўтказилган анжуманларда Қуръони каримни диққат-эътибор билан тингладик, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилдик.

Мухтасар айтганда, халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида амал қилиниб келинаётган муборак Рамазоннинг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти салмоқли. У жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш масалаларида одамларга катта кўмакчидир. Шу боис бу ойда юртимизда хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича олиб бориладиган ишлар кўлами янада кенгайди.

Бир неча кундан сўнг Рамазон ҳайити нишонланади. Масжидларимизда ҳайит намози ўқилади. Намоздан сўнг барчамиз қутлуғ айём билан бир-биримизни табриклаймиз. Қариндош-уруғлар, дўсту биродарлар дийдор кўришадилар. Меҳр-оқибатга муҳтожлар ҳолидан хабар олинади. Болажонлар ҳам «ҳайитлик»лардан баҳраманд бўладилар. 

Мана шундай эзгу амалларни  рўёбга чиқаришимиз яхши, лекин  айрим пайтларда йўл қўйиладиган бемаъни урф-одатларга чек қўйишимиз керак. Ортиқча ҳою ҳавас натижасида таомилга айланиб улгурган  - янги тушган келин хонадонига ким ўзарга  сават жўнатиш кабиларга барҳам бериш зарур. Зеро, Рамазон ойининг, хусусан Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳиятида  инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари мужассам. Буни унутмаган ҳолда муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш бараварида  бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етайлик. Дабдабали зиёфатлар  ўрнига ширин сўз ва яхши амаллар билан кўнгил  олайликки, савоби барчамизга тегсин. Қутлуғ байрам муборак бўлсин, азиз  юртдошлар!

 Аҳмадхон ҲОЖИЕВ, меҳнат фахрийси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.