Президентимиз томонидан шу ойнинг аввалида имзоланган "Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори  барчани, айниқса, биз, зиёлиларни ниҳоятда хушнуд этди. Зеро, бу муҳим ҳужжат орқали элимизнинг иқтидорли инсонлари мамлакатимизда ҳамиша қадрли эканлиги, улар хотираси эса қалбимизда абадий сақланиши яна бир бор исботини топди.

Қарорда ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудини кенг кўламда нишонлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. Шоир ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида ишчи гyруҳ тузилиши, унинг Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россия Федерациясидаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун зарур бўладиган шароитлар яратилиши ниҳоятда эътиборга молик.

 

Биз, Наманган аҳли учун янада фахрланадиган томони, бу муҳим ҳужжатга кўра, вилоятимиз марказида буюк ҳамюртимиз Усмон Носирнинг ҳайкали ўрнатилади; пойтахтимиз ва шаҳримиз кўчаларига оташин ижодкор номи берилади. Яна бир эътиборга молик тарафи, ўғил-қизларнинг бетакрор ижодкор ҳақидаги тасаввурларини тобора бойитиш учун пухта замин яратилади. Яъни  умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган "Унутмас мени боғим" мавзуида иншолар танлови ўтказилиши ҳам қарорда муҳим вазифалар қаторида белгиланган.

Биламизки, Усмон Носир бетакрор ижодкор сифатида ўтган аср аввалида ярқ этиб намоён бўлган. Ҳаттоки у ҳақда Москвадаги газеталарда ҳам ҳайрат билан "Шарқда Пушкин пайдо бўлибди" дея ёзишган. Асарлари эса турли тилларга ўгирилган. Усмон Носир томонидан таржима қилинган Пушкиннинг "Боғчасарой фонтани" ва Лермонтовнинг "Иблис" асарлари эса таржиманинг энг мукаммал намуналари сифатида эътироф этилади.

Унинг "Қуёш билан суҳбат", "Сафарбар сатрлар", "Тракторобод", "Юрак", "Меҳрим" каби шеърий тўпламлари, "Норбўта" ва "Нахшон" достонлари қўлма-қўл бўлган. Драматургияда ҳам ўзига хос истеъдодини кўрсата билган Усмон Носирнинг "Атлас"  пьесаси  эса томошабинлар олқишига сазовор бўлган. "Юрак" деб аталган мана бу шеъри эса шоирнинг алоҳида истеъдодга эга шахс бўлганлигига яна бир далолатдир:

Юрак, сенсан менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг.

Кўзимга ойни беркитдинг,

Юрак, сенсан ишқибозим.

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчинг тошди қирғоқдан.

Тилим чарчар, ажаб, гоҳи

Сени таржима қилмоқдан.

Сен эй, сен - ўйноқи дилбар,

Зафардан изла ёрингни.

Тўлиб қайна, тошиб ўйна,

Тирикман, куйла борингни!

Итоат эт!

Агар сендан

Ватан рози эмас бўлса,

Ёрил, чақмоққа айлан сен,

Ёрил! Майли, тамом ўлсам!..

Афсус, Советлар қатағонининг беаёв довули элимизнинг юксак истеъдодли яна бир ўғлонини олиб кетди. Усмон Носир 1937 йилнинг ёзида "халқ душмани" сифатида ҳибсга олинди.  Дастлаб Магадан, сўнгра Кемерово вилоятларидаги қамоқхоналарида сургунда бўлди. Минг афсуки, 1944 йилнинг айни баҳорида оташнафас шоир ўзга юртларда бу ёруғ дунёдан бевақт кўз юмди.

Қувонарлиси, халқимизнинг юксак матонатли ўғлони хотирасини абадийлаштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқлол йилларида шоир номи билан аталган кўчалар сони ортди, асарларини ўрганишга эса эътибор кучайтирилди. Усмон Носирнинг эзгу инсоний фазилатлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан йўғрилган етук бадиий асарларининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олиб, шоир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлашга киришилгани эса эътибор ва эъзознинг яна бир ёрқин намунасидир. 

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.