Дунёда ҳар қандай миллат ёки элатнинг унинг ўзигагина хос маънавий-маданий дунёси бўлади. Табиийки, бу бебаҳо мерос шу халқ билан бирга яшаб, бирга тараққий этади. Ана шу ривожланиш жараёнида баъзи миллий анъаналар унутилиши, эсдан чиқиши мумкин. Баъзилари эса, аксинча, янада ривожланиши, янгиланиши, таъбир жоиз бўлса, замонавийлик касб этиши ҳам бор ҳақиқат.

Истиқлол йилларида ўзбек тили, унинг луғат таркиби янги тушунчаларнинг ифодаси сифатида кириб келган ўзлашма сўзлар, она тилимизнинг ички имкониятларига таяниб, янги сўзлар яратиш ва сўз ёки ибора маъно қамровининг янги маънолар билан бойиши эвазига ривожланиб бормоқда. Бу даврда она тилимизга жамиятнинг турли соҳаларига оид янги сўзлар, масалан, ахборот коммуникация технологияларига доир андроид, нанотехнология, блогер, браузер, бренд, вебсайт каби сўзлар ўзлашиб улгурди. Сиёсий соҳага оид легаллаштирмоқ, модернизацияламоқ, глобаллашув, интеграциялашмоқ,  либераллаштирмоқ каби сўзлар ҳам шулар жумласидандир. Мазкур жараён мамлакатимиздаги шу соҳаларнинг ривожи билан боғлиқ, албатта.

Тил - халқнинг, миллатнинг энг буюк қадриятларидан бири бўлгани боис, халқнинг озодликка, ўзлигини англаб етишга интилишида тилнинг қадрини тиклаш, нуфузини ошириш муҳим ўрин тутади. Шу туфайли ҳам  1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинди. Ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳуқуқи берилди. Ўзбекис-тон 1991 йил 1 сентябрдан мустақил давлат деб эълон қилиниши билан мазкур Қонуннинг даврдан ортда қолаётган айрим моддаларини қайта таҳрир қилишга тўғри келди. 1995 йил 21 декабрда "Давлат тили ҳақидаги" Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур қонун 24 моддадан иборат. Унинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги таъкидланган. Мана, 31 йилдирки, ўзбек тилига давлат тили ҳуқуқи берилган.  Энди эса 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Зеро, бу шодиёна ўзлигимиз ҳамда миллийлигимиз нишонасидир.

Охирги йилларда чет тилларини ўрганишга қизиқиш ёшлар ўртасида кун сайин ортиб бормоқда. Тил ўрганган яхши, албатта, лекин сўзлаётган вақтида ўзининг "маданиятли" эканлигини кўрсатиш учун 3-4 хил тилдаги сўзларни маъноси бир-бирига тўғри келмаса ҳам аралаштириб гапириш бу, аслида, ўз тилига нисбатан маданиятсизлик ҳисобланади. Бу унинг ўша 3-4 тилни мукаммал билишини эмас, аксинча, бирорта тилни ҳам тўлиқ билмаслигини англатади. Шундай инсонларни қоришиқ тилда мулоқот қилаётганларини кўриб, ўзбекми ёки бошқа миллат вакилими, деган савол кўнгилдан ўтади. Барака топкур, агар хорижий тилни биладиган бўлсанг, марҳамат, жойини топиб, фақат ўша тилда гапир. Ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Уддасидан чиқолмасанг, ўз она тилингни бузма. Уни бузиб гапираётганларга-да эътиборсиз бўлма. Мана шундай вазиятларга гувоҳ бўлганимда буюк аждодимиз Aбдулла Aвлонийнинг: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак - миллатнинг руҳини йўқотмакдур", деган кенг қамровли сўзлари кўз олдимга келади. Сабаби, тил ва адабиёт ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг дунёда борлигини кўрсатадиган кўзгусидир.

Aлбатта, тилга олинган камчиликларни бартараф этиш бир кишининг иши эмас. Aввало, оилада тилга муносабатни тўғри йўлга қўйиб олиш керак. Ота-онанинг ўзи фарзандига тўғри тил тарбияси борасида намуна кўрсатиши зарур. Таълим-тарбия муассасаларида ўқитувчи ва мураббийлар, маҳаллада эса қўни-қўшнилар она тилига бўлган муносабат борасида ибрат бўлмоқлари лозим. Хуллас, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигидаги ишларнинг бир қисми сифатида ёш авлодни ўзбекона сўзлашга ўргатиш мақсад қилинган бўлиши зарур.

С. ЖЎРАБОЕВ, Тошкент давлат юридик университети

"Жиноий одил судлов" факультети 2-босқич талабаси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.