Мамлакатимизда янги замон авлодини тарбиялаш, улар дунёқарашини янгича қадриятлар асосида шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўғил-қизларнинг мукаммал билим олиб, илм-маърифат йўлидан шаҳд билан боришларига барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Қувонарлиси, бундай эътибор ва ғамхўрликлар йилдан-йил ўз самарасини кўрсатмоқда.

Ўтган ўқув йилида туманимиздаги  9-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интер-натини  19 нафар битирувчи тамомлади ва уларнинг 16 нафари юртимиздаги, 3 нафари  эса хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари талабалари сафига қабул қилиндилар. Яъни тест синовларида юқори балл тўплаб, 100 фоизлик натижа қайд қилинди. Масалан, мактаб-интернатнинг собиқ ўқувчиларидан Бобур Толибжонов Тошкент давлат тиббиёт институтида, Раҳима Ваҳобова Жаҳон тиллари университетида, Дилмурод Саидмуҳаммедов Ўзбекистон Миллий университети, Зарифа Мамажонова эса Наманган давлат университетида давлат гранти асосида таҳсил оладиган бўлдилар.

Муваффақиятга эришишда албатта, педагогик жамоанинг хизмати катта. Айниқса, Илҳомжон ва Жалолдин Сатторовлар, Гулнора Акрамова, Навбаҳор Акбарова, Баҳромжон Муродов, Фахриддин Соаталиев, Умиджон Насриддиновларнинг ёшларга пухта сабоқ берганликлари муваффақиятнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Элёрбек Жўраев ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Муҳибилло Аҳмедов, йўналиш фанлари бўйича директор ўринбосари Исроил Мамадалиевларнинг ташкилотчилигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

Чидовул қишлоғидаги мазкур илм даргоҳига кирган киши бу ерда барча ишлар талаблар даражасида бажарилаётганлигига ишонч ҳосил қилади. Сабаби, ҳудуд озода ва саришта, синф хоналари, ошхона ҳамда 250 ўринли ётоқхоналарда ҳам тартиб-осойишталик таъминланган.

- 34 нафар педагогларимизнинг 13 нафари олий, 9 нафари биринчи тоифали ўқитувчилардир, - дейди биз билан суҳбатда мактаб-интернат директори, Халқ таълими аълочиси, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони соҳиби Маъмурахон Султонова.

Дарҳақиқат, ўз касбининг устасига айланган 320 дан зиёд ўқувчи ва мураббийлардан иборат жамоада аҳилликни таъминлаш, ҳар бир мутахассиснинг ўз вазифасини сидқидилдан уддалашига эришишда М. Султонованинг ўрни алоҳида. 12 йилдан буён муассасани оқилона бошқариб келаётган ҳар томонлама ибратли бу ҳамюртимиз ўтган йил якунига кўра вилоятда "Йил аёли" дея эътироф этилди. Айни шу мактаб-интернат ўқувчиси Олима Тожибоева эса 2019-2020 ўқув йилида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.

Фарзандларининг чуқур билим эгасига айланаётганликларидан ота-оналар ҳам мамнун. Саломат Турсунова, Зуннунхон Нишонхонов, Шавкатжон Дадабоев, Салима Болтабоева сингари ота-оналар ўғил-қизлари ҳар томонлама етук авлод сифатида шаклланаётганликларидан мамнун эканликларини билдирдилар.

Куни кеча намунали муассасада бўлиб, педагогик жамоа вакилларини қўлга киритган улкан ютуқлари билан табрикладик. Юз-кўзида қувонч акс этган директор эътибор учун миннатдорлик изҳор қилар экан, яқинда Бухородаги Қоракўл туманида жойлашган Халқаро математика мактабида бўлганлиги ва у ердан ўзига хос тажриба ўрганиб қайтганлигини мамнунлик билан айтди. Айниқса, қабул пайтида чуқур билимга эга, интилувчан ва изланувчан ёшларни адолат мезонларидан оғишмаган ҳолда саралашда Президент мактаби чинакам ўрнак эканлигини эътироф этди. Шунингдек, ўзи раҳбарлигидаги мактаб-интернатда бундан буён ҳам талабчанликни кучайтириб, дарслар сифатини оширишга алоҳида эътибор берилишини таъкидлади.    

- Бундай муваффақият бизга иштиёқ, айни пайтда янада улкан масъулият бағишлаш баробарида, янада изланиш, тинимсиз меҳнат қилишга ундайди, - дейди илм маскани директори Маъмура Султонова.

Барча битирувчиларга  истиқболда янада нурафшон  чўққиларни забт этишда зафарлар тилаймиз.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.