Инсоннинг ўзлиги, унинг ким эканлиги, аввало, унинг она тилига муносабатида кўринади. Алломаларимиз айтганидек, одам ўз тилини ҳурмат қилсагина, ҳимоя қилсагина, ҳақиқий одам ҳисобланади.

Яширишнинг ҳожати йўқ, айрим йирик шаҳарларимиздаги давлат ташкилотларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда олиб бориш ҳолатлари кузатилаётган эди. Бундай вазият давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига сабаб бўлади, албатта. Афсуски, қонунчиликда ушбу нормаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаганди. Бу ҳол баъзи давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигига ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига олиб келаётганди. Шуларни назарда тутган ҳолда   давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиш таклифи билдирилди.

Яъни Адлия вазирлиги МЖтКнинг 42-моддасига: "Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади", деган тўлдириш киритишни таклиф этди. Бунда хорижий давлатларнинг давлат тили соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган.

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган мазкур қўшимча қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Ҳатто айримлар буни инсон ҳуқуқининг чекланиши деб нотўғри баҳолашди ҳам. Аслида эса бу давлат тилига бўлган ҳурматни ошириш, уни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида билдирилган ўринли таклиф ҳисобланади.

Шу ўринда яна бир мулоҳазам билан ўртоқлашмоқчиман. Кўча-кўйда юрганимизда, бирор бино, иншоотга қадам босаётганимизда, унинг тепасида ёзувларнинг тилига эътибор берамизми? Афсуски, туманимиздаги савдо объектларига, маиший хизмат биноларига назар солсангиз, турли ажнабий, тушунарсиз, миллийлигимизга хос бўлмаган жумлаларга кўзимиз тушади. Наҳотки, "Мини маркет"нинг ўрнига "Кичик дўкон", "Ремонт сотовўх"нинг ўрнига "Уяли телефон устахонаси" деб ёзишнинг иложи бўлмаса? Ё пешлавҳа ўзбек тилида ёзилса, дўконимизга ҳеч ким кирмай қўядими, даромадимиз камайиб қоладими? Ахир биз Ўзбекистон деган давлатда, киндик қонимиз томган тупроқда яшаяпмиз-ку?!

Шуни унутмангки, ҳар бир халқ азиз ва муқаддас бўлган ўз тилини асраш, ривожлантириш, жозибасини тўла намоён этиш учун ҳаракат қилади, чунки унда халқ тарихи, миллий қадриятлари ва маданияти ифодаланади.

     Замира НИШОНОВА, маънавий-маърифий ишлар

самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги

қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш

масалалари бўйича туман ҳокими маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.