Узунқишлоқлик Турсунали ота бу йил 90 ёшни қаршилади. Оиласи, фарзанду набиралари даврасида кексалик гаштини суриб юрган отахон учун кўп нарсалар қадрли: ёшлик, вақт, саломатлик ва умрининг ширин дамларидан қолган ёрқин хотиралар...

Нуроний алоҳида эъзозлайдиган бир сурат ҳам бор. Уни ойнаванд рамкага солиб, уйининг тўрига илиб қўйган. 1977 йилда олинган бу суратда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов косонсойлик илғор бригадир Турсунали Каримовга Меҳнат Қаҳрамони унвонини топшираётган пайт акс эттирилган.

- Ҳар сафар расмга қараганимда, ҳаммаси кечагидек кўз олдимдан бирма-бир ўтади, - дейди меҳнат фахрийси. - Ширин туш кўраётгандек бўламан: Тошкентга борганимиз, одамларга лиқ тўла ҳашаматли сарой, тантанавор мусиқалар... Исми-фамилиям айтилганида, оёқ-қўлларим қалтираб кетгани... Юксак мукофотни топшираётиб, Шароф аканинг қўлимни маҳкам қисганча кулиб: "Яшанг, бундан ҳам астойдил меҳнат қилинг, мукофот муборак бўлсин!" деганлари ҳали-ҳали қулоғим остида жаранглагандек бўлади. 

Отахон ёқимли лаҳзаларни хотирлаб, мамнун жилмаяди. Шароф Рашидов самимий, очиқ чеҳра инсон бўлганлигини, ёнма-ён турганида буни янада чуқурроқ ҳис этганини гапириб, қувонади. Айниқса, юртнинг отаси унга қўл узатганида ниҳоятда ҳаяжонланиб кетганлигини айтиб, хурсанд-лиги янада ортади.

Сўнг тин олади. Ўйга чўмади. Соч-соқоллари оппоқ, юзларини ажинлар эгаллаган, аммо руҳан тетик, гаплари бурро-бурро қария хаёлидан нималар ўтяптийкин? Балки Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган болалик йиллари хотирасида жонланаётгандир, эҳтимол қирғинбаротлардан кейин колхозда туну кун ишлаган сермашаққат пайтлар кўз ўнгида гавдаланаётгандир? 

Ҳа, ўқ овозлари эшитилмаган, бироқ фашизм босқинчилиги, айниқса, уруш асоратларини чуқур ҳис этган Ўзбекистон аҳли учун 50-йиллар ниҳоятда қийин кечган. Тирикчилик ташвишида ўрта мактабни ҳам тугатмасдан далага чиқиб кетган Турсунали ҳам нимаики юмуш буюрилса, уддалаб, рўзғор камини тўлдиришга  ҳаракат қилди. Серғайрат, зийрак ва меҳнаткашлиги билан бошқалардан ажралиб турадиган йигитни жамоа ўзига табелчи (дала меҳнаткашлари ҳисобини олиб борадиган иш юритувчи) қилиб сайлади. Орадан бироз фурсат ўтгач эса оқилона ҳисоб-китоб билан бирга ер, яъни деҳқончилик илмини ҳам ўзлаштириб олган қаҳрамонимиз бригадирликка муносиб кўрилди.

Деҳқончликда "Ерга меҳр берсанг, сенга дур-гавҳар беради", деган ҳикматли гап бор. Бундайин олтин қоидаларга амал қилган Турсунали Каримов ўзи етакчилигидаги пахтачилик бригадасини шу даражага олиб чиқдики, кичик жамоа нафақат Косонсой туманида, балки Наманган вилоятида ҳам энг илғорлар қаторида тилга олинадиган бўлди. Айниқса, 60, 70-йилларда давлатга сифатли  саноат хом ашёси топшириш бўйича йиллик режаларни кетма-кет ортиғи билан уддалаб, ниҳоятда довруғ қозонилди.

Ўшанда тажрибали, ернинг ҳар қандай шароитида оқилона иш ташкил этиб, мислсиз ютуқларга эришаверадиган етакчига энг қийин ҳудудларда пахта етиштириш вазифаси топшириларди. Бир гал хўжалик раиси Абдуламин Дадахонов қир-адирликдан иборат жойга олиб бориб, ана шу ерни ўзлаштириш кераклигини Турсунали Каримовга айтади. Шунда тоқати тоқ бўлган бригадир:

- Кечирасиз-у, менда қасдингиз борми, нуқул энг машаққатли жойларни топширасиз-а, раис? - дейди норози қиёфада. - Қаранг, ахир бу паст-баланд қирликдан туянинг ўркачиям текис-ку. Бунақанги ерда трактор қандай юради? Тупроққа ишлов бермасанг, ҳосил ололмасанг...

Бригадирнинг табиатини яхши билган раис ҳам бўш келмайди:

- Тўғри, кетма-кет энг қолоқ иккита бригадани энг олдинга  чиқариб бердингиз. Ҳосилдорлик ҳам юқори бўлди. Буни тан оламан, раҳмат. Аммо бу - учинчи синовни ҳам қабул қилмасангиз бўлмайди. Тўғриси, сиздан бошқаси бу ерни ер қилишига кўзим етмади. Қолаверса, бу битта менинг фикрим ҳам эмас. Ҳамма сиздан умидвор.

Биласиз, деҳқон одам софдил, танти бўлади. Озгина рағбат, ширин сўз  бўлса, жонини жабборга бериб ишлайди, сид-қидилдан тер тўкади. Турсунали Каримовга ҳам раиснинг: "Ҳамма сиздан умидвор", деган сўзлари ёқиб кетдими, бироз ўйлангач: "Майли, менга ишонибсизларми, уддалайман", деганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Ваъда берилдими, албатта, бажарилади. Бунга одатланган ҳамюртимиз сўзининг устидан чиқди ҳам. Яъни адирликни ўзлаштириб, ундан мўл ҳосил етиштирилди. Бўлиқ чаноқлардаги оппоқ пахталар далани қамраб олганида эса ҳамма ишнинг кўзини биладиган етакчига ҳавас билан қаради. Режа ортиғи билан уддаланиб, "Ҳосил байрами" нишонланганида жамоадошлар намунали бригадирни самимий қутладилар. Хуллас, Турсунали Каримов номи янада машҳур бўлди. У самарали меҳнати туфайли давлат мукофотлари билан сийланди. Суратлари эса "Ҳурмат тахтаси"дан, газета ва журналлар саҳифасидан жой олди.

Умр - оқар дарё, деб бежизга айтишмаган. Қаранг, кечагина турмуш ўртоғи Сиддиқажон ая билан 3 ўғил ва 4 қизни вояга етказиш, ўғилларни уйлаб-жойлаш, қизларни узатиш ташвишида юрган эди. Ҳозир эса фарзандларнинг  ҳаммалари ўз оилаларига, касб-корларига эгалар. Аксарияти олий маълу- мотли.

Тўғри, ҳаёт қийинчиликларсиз кечмади. Т. Каримов 80-йиллар аввалида миокард инфарктни бошидан ўтказиб, касаллик азобларини тортишига тўғри келди. Хасталик асорати туфайли юришга қийналадиган бўлиб қолди. Бундан 10 йиллар аввал эса умр йўлдошидан ҳам айрилди. Муҳими, Турсунали ота буларнинг барини умр синовлари сифатида қабул қилди ва қийинчиликларни мустаҳкам ирода билан енга билди.

- Аввало, Яратган мени шу ёшга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтаман, - дейди табаррук отахон. - Ахир тўқсонта  баҳору ёзни кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қолаверса, сидқидилдан қилган меҳнат фаолиятим натижаларидан ҳам хурсандман. Бир пайтлар ҳалоллик билан тер тўккан эканман, бугун ёшу қари бирдай эъзозлайди. Яна бир нарсани айтиб ўтмасам бўлмайди. Очиғи, бугунги ёшларга ниҳоятда ҳавас қиламан. Қанийди, менинг ёшлигим қайтиб, ҳозирги эмин-эркин шароитларда, гектар-гектар майдонларда фермер сифатида ишласам! Тонна-тонна пахта, ғалла топшириб, энг намуна-   лилар қаторида юрардим, дейман.

Ёшларга ҳавас қилаётган отахонга биз ҳам ҳавас билан боқдик. Чунки 90 ёшида ҳам қалби фаол меҳнат ишқи билан ёнаётган қарияга шунчаки қараб бўладими!   

Файзли хонадондан қайтиш чоғида Шароф Рашидов билан тушган суратини газетада чоп этиш учун сўрагандик, меҳнат фахрийси уни қўлига маҳкам тутиб олганича "Йўқ, бермайман", деди қатъий. Қариянинг гапини аввалига шунчаки ҳазил деб тушундик, аммо сўзида туриб олавергач, ўжарлик сабабини сўрадик:

- Бир пайтлар сиздақа мухбирлар суратни олиб кетиб, анчагача қайтариб бермади, - хафа бўл-ганлигини яширмайди отахон.    - Йўқотиб қўйишдимикин, дея хавотирга тушдим. Сўраб-сўраб, аранг олганман ўшанда. Бу мен учун қанчалар қадрли эканлигини улар қаёқдан билсин! Эҳтимол сизлар ҳам мени тушунмассизлар...

Биз нусха кўчириб олгач, бус-бутунлигича уни ўзига қайтаришга ваъда қилгачгина сурат қўлимизга тегди. Бугунги шидддатли замонда кўпгина нарсаларнинг қадри тушиб, уларга шунчаки буюм тариқасида қараш урфга айланаётган бир пайтда қаҳрамонимизнинг бир парча қоғозга бўлган юксак муносабати бизни қувонтирди. Нафақат ҳалол ва фаол меҳнат орқали обрў-эътибор топишда, балки қадриятларни қадрлашда ҳам Турсунали ота сингари нуронийларимиз бизга ибрат эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.