Узоқ йиллардан буён халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатар эканман, кўплаб шогирдлар етиштирдим. Билим берган ўқувчиларим бугунги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Уларнинг муваффақиятларини кўриб, ҳамиша фахрланаман, ҳаётда ўз ўрниларини топишларида менинг ҳам ҳиссам борлигини эътироф этганларида эса ниҳоятда ғурурланиб кетаман. Айниқса, Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида йўқлаб, самимий қутлаганларида шундайин улуғ ва шарафли касбни танлаганлигимдан янада қувонаман.

Президентимиз эътиборлари туфайли биз, ўқитувчилар хизмати қадрланиб, унинг номи тобора улуғланаётганидан барчамиз хурсандмиз. Ахир яқин-яқинларгача турли жамоат ишларига жалб қилиниб, ободонлаштиришдан тортиб, пахта теримигача асосий ишчи кучи сифатида қатнашишга мажбур эдик. Энди эса ҳеч қандай ягана-ю, чопиқ йўқ. Ҳаммамиз асосий эътиборни болаларга чуқур билим ва тарбия бериб, улар келажакда етук инсон бўлиб улғайишларига қаратмоқдамиз. Муҳими, Юртбошимизнинг ғамхўрликлари натижасида иш ҳақларимиз мунтазам ошириб борилмоқда. Бу эса бизни янада фаол хизмат қилишга ундамоқда.

Ҳаммамизга маълум, шарқона, хусусан, ўзбек оиласида эркакнинг ўрни алоҳида. Айниқса, ўғил болаларнинг мард ва жасур, ориятли улғайишларида отанинг аҳамияти катта. Тарбиядаги мана  шундай ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда эркак ўқитувчиларни мактабга қайтаришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳам ниҳоятда ўринли деб биламан. Маошлар йилма-йил оширилиб, педагог меҳнати юксак қадрланар экан, албатта, ўғил болалар ичидан ўқитувчи касбини танлайдиганлар кўпаяди. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, болалар, айниқса ўғил болалар тарбиясида алоҳида аҳамият касб этиши муқаррар.

Хуллас, бизларга давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилиб, ҳурмат ва эътибор кўрсатилаётган, келажак ёшларини ҳар томонлама баркамол авлод сифатида тарбиялашга юксак ишонч билдирилаётган экан, ғамхўрликка муносиб жавоб бериш, ишончни тўла оқлаш йўлида сидқидилдан фаолият кўрсатверамиз.

Каримахон АББОСХОНОВА, 8-мактаб директори,

туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.