Мустақил юртимизда фарзандларимизни баркамол, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, жисмонан соғлом камол топиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳатто энг чекка қишлоқларимиздаги мактаб, мактабгача таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгилангани мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол тасдиғидир.

Чиндовул ҚФЙ, «Ободон» маҳалласидаги 28, Тергачи ҚФЙ, Хонқўрғон маҳалласидаги 35-мактабгача таълим муассаларида белгиланган давлат дастурлари асосида болаларнинг ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши йўлида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 28-мактабгача таълим муассасида қишлоқ аҳлининг 70 нафардан зиёд ўғил-қизлари таълим-тарбия олишади. Бу масканда ҳам болаларни мактабга тайёрлаш, жисмоний соғломлигини таъминлашга эътибор кучайтириляпти. Болалар ҳафталик машғулотларда инглиз тилини ўрганишмоқда. Улар юз фоиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Таркибида йод моддаси бўлган дори-дармонлар воситасида соғломлаштириш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Наврўз шодиёналари давом этаётган қутлуғ кунлар қишлоқлардаги ушбу мактабгача таълим муассасаларида қувончли лаҳзаларга бой бўлди. Айниқса, Янгиқўрғон туманидаги чегара қўшини ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси МХХ Косонсой туман бўлими ходимларининг бу муассасаларга ташрифи наинки болажонлар, балки қишлоқлар аҳлига олам-олам қувонч ҳадя этди. Улар боғчадаги кичкинтойлар билан мароқли суҳбатлар ўтказдилар, таълим муассасаларига Наврўз совғаси сифатида телевизорлар, турли-туман уйинчоқлар тортиқ этдилар.

-Бундай эътибор ва ғамхўрликдан қалбимиз қувончга тўлди,-дейди «Ободон» МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Раҳбар опа Назирова.- Мени икки нафар набирам - Сарварбек ва Сарвиноз 28-боғчада таълим-тарбия олади. Юртимизда фарзандларимиз ва халқимиз бахти учун, келажагимиз учун қилинаётган эзгу ишлардан ҳар бир ота-она мамнун. Чунки ҳар биримиз фар-зандларимизни соғлом, баркамол тарбия олиши, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз. Бунинг рўёби мустақиллик шарофати билан амалга ошмоқда.

Ҳа, бу хайрли ташаббус болаларга қувонч бағишлаш билан бирга, ота-оналарни мамнун этди.

Юртбошимиз айтганларидек, фарзандларимизга ишонч, ҳурмат билан қараш-келажагимизга ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромдир.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.