Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг армрестрлинг тури бўйича ХХХХ жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Саидмуҳаммад Аҳмадхонов жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.

Юртимизда дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар ўз самарасини бериб, бугунги ёшларнинг муносиб вакиллари халқаро беллашув ва рақобатларда ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён этишмоқда.

Саидмуҳаммад шаҳримиздаги 5- мактабнинг 9-синфини аъло баҳоларга битиргандан сўнг Косонсой саноат транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида таҳсил олди.

Спорт-инсонни соғлом, кучли, мард ва қатъиятли қилиб камолга етказади.

Саидмуҳаммадни спортга қизиқишида оиладаги муҳитнинг таъсири катта. Отаси Насибхон Юсупов спортни жисмоний соғломлик гарови ҳисоблайди ва ўзи мустақил равишда спорт билан шуғулланади. Шубҳасиз, Саидмуҳаммаднинг спортчи бўлишида отасининг хизматлари катта.

Шу боис ҳам у биринчи устози сифатида отасининг номини тилга олади.

-Албатта, биринчи устозим отам. Шу билан бирга бу спорт тури сир-асрорларини пухта ўрганишимда халқаро ташрифдаги спорт устаси, устозим Авазбек ака Асадовнинг муносиб ҳиссалари бор,-дейди С. Аҳмадхонов.

Саидмуҳаммад вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда муносиб қатнашиб, бир марта Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ўтган йили бўлиб ўтган Осиё чемпионати бугун эришаётган ютуқларига муҳим пойдевор бўлди.

Қитъа чемпионатида совриндорлар сафидан жой олган қаҳрамонимиз шу йилиёқ ёшлар миллий терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.

Жорий йилнинг 12-21 октябрь кунлари Анталия шаҳрида ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 56 та давлатидан 1500 нафардан ортиқ спортчи қатнашди.

Олтмиш беш килограмм вазн тоифасида беллашувга чиққан Саидмуҳаммад финалгача бўлган йўлда Литва, Туркия, Россия, Швейция, Грузия давлатларининг маҳоратли спортчилари билан тўқнаш келди.

-Бу спорт тури кишидан нафақат жисмоний куч, балки кучли ирода, қатъиятлилик ва руҳий куч-қувват талаб этади,-дейди ёш спортчининг устози А. Асадов.- Бу хислатлар Саидмуҳаммадда мужассам. Шу боис ҳам у барча рақибларини енгиб, финалда кўҳна Қитъанинг етук спортчиси, Европа чемпиони, болгариялик Иван Новоцелски устидан мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

-Оилада ота ёки она спорт билан шуғулланса, фарзандлар ҳам улар изидан бораркан,-дейди Насибхон Юсупов. - Саидмуҳаммаднинг бу ютуғи менга олам-олам қувонч бағишлади. Шуниси қувонарлики, Туркияда шахсан ўзим унга ҳамроҳлик қилдим. Барча ғалабалари қувончини биргаликда баҳам кўрдик.

Бундан чорак асрлар муқаддам чекка тумандан жаҳон чемпиони чиқади, дейишса ҳеч ким ишонмасди. Мустақиллик шарофати билан бугун чека-чекка қишлоқларда ҳам ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар яратилмоқда.

Ёшларимиз орасидан халқаро беллашувлар ғолиблари, чемпионлар етишиб чиқмоқда. Ёшларимизнинг спортдаги ютуқлари мана шу гўзал ва бетакрор  юртимизга меҳр қўйиб, фахр ва ифтихор билан яшашга чорлайди.

Айни кунларда Саидмуҳаммад ёшлар миллий терма жамоаси сафида навбатдаги мусобақаларга ҳозирлик кўрилмоқжа. Келгуси йил унинг учун мусобақаларга бой бўлади. Қирғизистонда Осиё чемпионати бўлиб ўтса, Польшада жаҳон чемпионати старт олади. Бу нуфузли мусобақаларда Саидмуҳаммадга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.