Спорт бу - кураш. У - мусобақа, ғолиблик ва мағлубият. Унда иродали, меҳнаткаш ва тажрибалилар ғолиб бўлади.

Моҳина - моҳир спортчи. Спортнинг Шарқ якка кураши таэквандода унга етадигани йўқ. Шу боис у ҳаёт ва спорт мусобақаларида доимо ғолиб. Ҳозирда Моҳина Абдухалилова Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида ўқийди.

Унинг спорт билан "дўст" тутиниши бежиз эмас. Болалигидан қатъиятли, эпчил ва чаққон бўлган Моҳина 7-синф-да ўқиётиб, китоблардан ўқиган баъзи сўзларни қалбига ёзганди: "Спорт билан дўст бўл! У сени кучли, иродали инсонга айлантиради" Бу истак уни тумандаги 14-болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етаклади.

У ўшандаёқ соғлом турмуш тарзини танлаганди. Коллежда ҳам "Биз, ёшлар соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!" лойиҳасининг фаол тарғиботчисига айланди.

2014 йили спортчи бўлиш йўлида қилган меҳнатлари натижасини синовдан ўтказиш фурсати келди. Вилоят кубоги мусобақасида қатнашиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Шундан сўнг бу каби мусобақалар ҳаётининг бир бўлагига айланди. Мусобақаларда кучли ирода соҳиби, меҳнаткашлиги, ёш бўлсада, тажрибали эканлигини намоён этиб, ғолиблик шоҳсупасидан тушмай келаётир.

Вилоят миқёсидаги ҳар бир турнир иштирокчиси сифатида танилди. Муҳими, шоҳсупанинг юқори поғоналари, гўёки унинг учун аталгандек, ҳар бир мусобақада биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Ҳатто 2015 йил енгил атлетика бўйича республика очиқ турнирида қатнашиб, олтин медаль соҳиби бўлди.

Prezidents САР  халқаро мусобақасида "Энг яхши спортчи" деб эътироф этилган қаҳрамонимиз шу йили бўлиб ўтган "Умид ниҳоллари", "Олтин водий", "Вилоят кубоги" турнирларида ғолибликни қўлга киритди.

Ҳа, Моҳинанинг спортдаги орзулари навбатма-навбат рўёбга ошмоқда. Бугун эса ҳаётдаги яна бир улкан орзуси қанот қоқмоқда. У Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар қаторида янги-янги парвозларга шайланмоқда. Орзуларинг ижобат бўлсин, Моҳина!

Н.Эгамбердиева, коллеж хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.