Юртимизда байрамлар кўп, лекин яхшилик ва эзгулик элчиси, янгиланиш ва яшариш айёми Наврўз кўрки таровати, мазмун-моҳияти билан бошқа байрамлардан ажралиб туради. Бу байрам тимсолида халқимизнинг ўзига хос маънавияти, ўтмиши, асрий қадриятлари, миллий урф-одат ва анъана-удумлари мужассамлигини кўрамиз.

Биз Навўрўзни меҳр-оқибат, одамийлик, хайр-мурувват айёми сифатида қадрлаймиз. Қалбларимизга янгиланиш ва яшариш кайфиятини бахшида этаётган кўкламнинг мана шундай ҳузурбахш онларида миллати, тили, динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар қайси оила шоду хуррамлик билан орзу ниятларини намоён этишга интилади. Барчанинг дили ва тилида шукроналик, қалбида эзгу мақсадлар ҳукмрон.

Ҳа, истиқлол шарофати билан асрий қадриятларимизни тиклаш борасида оламшумул ишлар рўёбга ошди. Наврўз билан бирга, кўплаб анъаналаримиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз тикланди. Бугунги кунда Наврўз халқона, чинакам гўзал миллий байрамга айланди.

 -Асрлар мобайнида халқимиз томонидан асраб, ардоқлаб келинган бу байрам ўз тарихий йўли давомида турли тазйиқларни бошдан кечирган,-дейди меҳнат фахрийси   А.Болтихўжаев. -Хусусан, собиқ иттифоқ даврида кўпгина миллий удумлар ва маросимларимиз, байрамларимиз қатори Наврўз ҳам қатағонга учради. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач асрлар мобайнида дилларга эзгулик ва яхшилик нурини бахшида этган Наврўз қайта юз очди. Барча-барчани Наврўз билан табриклайман. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин.

Наврўз-баҳор ва меҳнат, эзгулик ва гўзаллик, поклик ва обод-лик, тинчлик ва меҳр-мурувват байрами. Мана, бир неча кундирки, бу эзгу фазилатлар туманимиз қишлоқ ва маҳаллаларида, ўқув даргоҳлари-ю, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган байрам тантаналарида янада теранроқ намоён бўлмоқда. Шу файзли, шодиёна кунларда эл-юрт ҳамжиҳатликда ҳашарлар уюштириб, кўча ва хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилиб, янги боғлар, гулзорлар барпо этилмоқда. Чиндовул, Тергачи, Қўқимбой каби қишлоқларда туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида кам таъминланган оилалар фарзандларининг хатна тўйи, яна бир оиланинг никоҳ маросими катта тантаналар билан ўтказилиши етим-есирлар, муҳтож инсонларнинг кўнглини, руҳини кўтариш, савоб ишларни амалга ошириш халқимизнинг онгига сингиб кетганидан, яхшилик ва эзгуликни юрагида сақлаб келаётганидан дарак беради.

Ҳар бир қишлоқ, маҳаллада юртдошларимиз сумалак, ҳалим кўксомса каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, Наврўзни шоду хуррамлик билан байрам қилишмоқда. Наврўз неъматларини, байрам қувончларини яқинлари билан баҳам кўришяпти.

-Эндиликда озод ва хур диёримизда эзгу амаллар аввалгидек яширинча амалга оширилмайди, сумалак  бекитинча пиширилмайди, лапару яллаларимиз баралла айтилади, -дейди юз баҳорни қарши олган Ойшажон хола.

-Наврўзга етказганига шукр,-дейди яна бир меҳнат фахрийси Сатторхон ака  Зокиров. -Наврўз абадий анъаналарнинг бетакрор намунаси. Наврўз шарафига уюштирилаётган тадбирлар ҳар бир кишини она-табиатнинг гўзал тароватини асраб-авайлаш, келгуси авлодларимизга гуллаб-яшнаган она-заминни мерос қолдиришга ундаши билан ҳам аҳамиятлидир. Шу боис Наврўз ижтимоий-маданий қадриятларимиз тимсолидир.

Туманимиз қишлоқ ва маҳалларида бошланган Наврўз тантаналари 18 март куни Марказий ўйингоҳга кўчди.

Ўйингоҳ байрамона безатилган. Бу ерга ташриф буюрганларнинг юзида хушнудлик, кўтаринки кайфият ҳукмрон. Барча-барчага соғлиқ-омонлик, бахт-саодат тилайди. Айниқса, табаррук кексаларимиз алоҳида эҳтиромда. Нуроний отахон ва онахонларимиз юртимиз тинч, осмонимиз мусаффолигига шукрона келтириб, омонлик, дастурхонимизга файзу барака тилаб дуога қўл очишади...

Соат 16:00. Чорлов мусиқаси янграйди. Туман ҳокими А.Абдукаримов барчани Наврўз-умумхалқ байрами билан қизғин табриклар экан, жонажон юртимиз, шу жумладан, туманимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва «Кексаларни эъзозлаш йили»даги режалар хусусида тўхталди.

Ўйингоҳ узра Наврўз тамошалари бошланади. Биринчи бўлиб саҳнага чиққан жажжи кичкинтойлар, болажонлар куй-қўшиқларида бахтли болаликдан шукроналик руҳи барқ уради. Туманимизнинг истеъдодли санъаткорлари, ёш ижрочиларнинг она-Ватан, Наврўзни мадҳ-этувчи куй-қўшиқлари ва рақслар қалбларга ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Айниқса, севимли хонандалар Маҳмуд Намозов ва Азиза Ниёзметованинг  дилрабо қўшиқлари қарсаклар билан қарши олинди.

Наврўз айёмини халқимиз энг қадимий, асл байрам сифатида ардоқлаб нишонлаши жойларда ўтказилаётган сайллар, шодиёналарда яна бир карра исботини топмоқда.

Тантаналар қишлоқ ва маҳалаларимиз, туманимиз марказида давом этмоқда.

 

А.ОЛимов, М.Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.