Президентимизнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Республикамиздаги барча ҳарбий академик лицейларга «Темурбеклар мактаби» номи берилиши барчамиз, айниқса, ёшларимиз қалбини фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирди.

Салимжон Жўрабоев,  Фар-ғона шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси:

-Дунёда 230 тадан ортиқ давлат бор, аммо ҳеч бири бизнинг Ўзбекистончалик ёшларни кўкларга кўтармайди. Юртимизда ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, биз ёшларни Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялашга давлатимиз улкан эътибор қаратмоқда.

Шунинг учун ҳам юртимизда бугун ҳарбий бўлиш энг шарафли ишга айланди. Мен ҳам ҳарбий бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб, ўтган ўқув йилида туманимиздаги 5-мактабни битиргандан сўнг Фарғона шаҳридаги техника йўналишига ихтисослашган ҳарбий академик лицейга ҳужжатларимни топширдим.

Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ушбу билим даргоҳида ўқиш шарафига муяссар бўлдим. Бу ерда уч йил ўқиймиз, шу давр ичида ўқувчилар давлат қарамоғида бўлиб бепул кийим-бош, озиқ-овқат ва турар – жой билан таъминланади.

Президентимиз ташаббуси билан республикамиздаги барча, жумладан, бизнинг ҳарбий академик лицейимизга «Темурбеклар мактаби» номи берилиши нафақат мактабдаги ўқувчиларни, балки устозларимизни беҳад қувонтирди. Буюк Соҳибқирон Амир Темур фахр-ифтихоримиз, ғуруримиз. Унинг номи, руҳи бизни мард, фидойи, ватанпарвар бўлишга даъват этади.

Бошланғич ҳарбий билимларни мукаммал эгаллабгина қолмай, ҳам маънан, ҳам жисмонан салоҳиятимни оширишга астойдил интилаяпман. География фанига қизиқишим боис яқинда тенгдошларимга муҳим қўлланма бўладиган китоб тайёрлаб, уни чоп эттирдим. Бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Ижодий изланишларим самараси- «Косонсой мўъжизалари» ва «Дунёга назар» деб номланган тўпламларни чоп этишга тайёрлаб қўйдим.

Келажакда орзуларим кўп. «Темурбеклар мактаби»ни аъло баҳоларга битириб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кириш энг олий орзум.

Президентимизнинг биз, ёшларга билдирган ишончини оқлаб келгусида Ватанимиз равнақи, унинг мудофаа қудратини янада оширишга ўз ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.

М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.