Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш ва руҳларини шод этиш халқимиз учун муқаддас фазилат. Бу фазилат камтарин, меҳнаткаш инсон Юсуфхон ота Камолов хотираси учун уюштирилган тадбирда янада ёрқин намоён бўлди.

Туман Кенгаши депутати Алихон Атамов ташаббуси, туман халқ таълими ходимлари касаба уюшмаси, 46-мактаб, "Гулобод" МФЙ ва Камоловлар оиласи ҳамкорлигида марҳум Ю. Камолов хотираси учун ўтказилган волейбол турнири маҳаллада катта тадбирга айланди.

Турнирнинг очилиш маросими, айниқса, байрамона тус олди. Унда туман Кенгаши депутатлари М. Акрамов, А. Атамов, М. Каримова, "Адолат" СДП туман кенгаши раиси М. Жалилов, меҳнат фахрийси И. Имомхўжаев, "Гулобод" МФЙ раиси Ҳ.Азизов сўзга чиқиб, салкам 20 йил шу маҳаллага раислик қилиб, халқ орасида обрў-эътибор қозонган Юсуфхон ота Камолов хотирасини ёдга олдилар ва хотира турнири қатнашчиларига омад тиладилар.

46-мактаб спорт залида уч кун давом этган мусобақаларда 12 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди.

Финалда 10, 45, 46-мактаблар волейболчилари рўбарў бўлишди.

Маҳорат бобида бироз устунликка эришган мезбон жамоа - 46-мактаб волейболчилари шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олишган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар 45 ва 10-мактаблар жамоасига насиб этди.

Ғолиблар ташкилотчилар ва Камоловлар оиласининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

Спорт устаси Муҳаммадшариф Тўрахўжаев "Энг яхши ўйинчи", Маъруфхон Ғаниев эса "Энг яхши ҳакам" сифатида мукофотга сазовор бўлишди.

А.Зарипов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.